Ички ишлар вазирлиги биометрик паспорт талотўплари сабабини тушунтирмоқчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Ўзбекистонда биометрик паспортга ўтиш 2015 йил охиригача давом этиши белгиланган.

Ўзбекистон ҳукумати матбуотда эълон қилинмаган биометрик паспорти бўлмаган Ўзбекистон фуқароларининг 1 июлдан хорижга чиқишини тақиқлайдиган қарорни имзолаган.

Бунинг ортидан Ички ишлар вазирлигининг жойлардаги хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни қайд қилиш идоралари олдида узундан узоқ навбатлар ҳосил бўлган.

Бу идоралар паспортини алмаштирмоқчи бўлган инсонларнинг аризаларини қонунда белгиланган муддатда кўриб чиқиш ва биометрик паспорт бериш амалларини уддалай олмаяптилар.

Матбуотда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг энг юқори мансабдорлари фуқаролар билан мулоқот ташкил қилишлари, хусусан биометрик паспорт бериш билан боғлиқ саволларга жавоб қайтаришлари хабар қилинган.

Телефон орқали "қайноқ линия" 8 апрел куни Тошкент вақти билан соат 10 дан 12 гача бўлиб ўтиши айтилган.

Ички ишлар вазирлигининг матбуот хизмати саволлар билан мурожаат қилиш мумкин бўлган телефонлар рақамларини эълон қилган.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси биометрик паспорт чеклови билан боғлиқ қарорини шу йил 6 февралида қабул қилган.

Бу қарорга "Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари ҳақида" деб ном берилган.

Ушбу қарорга кўра, биометрик паспорти бўлмаган фуқарога 1 июлдан кейин мамлакат ташқарисига чиқиш имконини берадиган авиа ёки темир йўл чиптаси сотилмайди.

Ўзбекистон биометрик паспортга ўтишга 2011 йилда қарор қилган.

Инсоннинг биометрик маълумотлари ҳам жойланган чипли паспортга ўтишнинг муддати 2015 йилнинг охиригача этиб белгиланган.

Бир деразага бош урган оломон

Аммо Ўзбекистон ҳукумати ўзининг 6 февралдаги қарорида нега бу амалиётни тезлаштираётгани сабабини изоҳламаган.

Маълумки, бугунги иқтисодий шароит туфайли аксар ўзбекистонликлар хорижда ишлаб даромад топишга мажбур этилганлар, 1 июлдан кейин Россия, Қозоғистон ёки бошқа хориж давлатига чиқа олмай қолиш эҳтимоли минглаб, балки ўн минглаб фуқарони ОВИР идораларига бош уришга мажбур қилган.

Бундай кўп сондаги мурожаатларни белгиланган муддатида ҳал қилиш учун эса маҳаллий ОВИРларда жисмонан имконият йўқ.

Хориж матбуоти ва Интернет сайтларида юзлаб кишилар бир эшик ёки дераза олдида тўпланиб қолганлари ҳақидаги хабар ва фотосуратлар эълон қилинди.

Биометрик паспорт олиш жараёни анъанавий ариза, фотосуратдан ташқари паспорт эгасининг бармоқ изи ёки кўз қорачиғи ҳақидаги маълумотларни жойлаган чип бўлишини ҳам талаб қилади.

Ўзбекистонга биометрик маълумот чипини тайёрлаб берадиган ускунанинг эса хориждан олиб келиниши зарурлиги хабар қилинган.

Охирги пайтларда маҳаллий ОВИР ходимлари чип тайёрлайдиган ускунанинг бузилиб қолгани ёки айрим эҳтиёт қисми етишмаётгани туфайли аризачиларнинг янги паспорти ўз вақтида тайёр бўлмаганини важ қилиб кўрсатишган.

Чиқиш визаси

Шунингдек, бугунги кунда Ўзбекистон ўз фуқаросининг четга чиқишини назорат қиладиган чиқиш визаси тартиби амал қиладиган дунёдаги бармоқ билан санарли мамлакатга айланиб қолди, Ички ишлар идоралари фуқаронинг хорижга чиқиш визасини Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик хизмати маъқулловидан кейингина олади.

Чиқиш визасини 17 иш кунида олиш кўзда тутилган, бу ҳам биометрик паспорт олиш жараёнини мушкуллаштираётган омиллардан бири бўлмоқда.

Ҳар бир мамлакатнинг хориждаги консуллиги ўз фуқаросига паспортини алмаштириб бериши жаҳон амалиётида қўлланадиган тартиб.

Бироқ шу кеча-кундузда Ўзбекистоннинг чет эллардаги консулликлари эски паспортни биометрик паспортга алмаштириб беришни рад қилмоқдалар, ҳар бир кишининг Ўзбекистонга бориб, ўзининг яшаш жойидан ҳужжатини алмаштиришни талаб қилмоқда.

Ўзи чиқиш визаси талаби, Вазирлар Маҳкамасининг 6 февралдаги қарорини Ўзбекистон Конституциясига зид эканига эътибор қаратадиган қонунчилик экспертлари Ички ва Ташқи ишлар вазирликларининг хориждаги фуқарога паспорт бермаслик қарорлари мамлакат бош қонуни нуқтаи-назаридан қайта кўриб чиқилиши лозимлигини урғуламоқдалар.

Бу мавзуда батафсилроқ