Чет эллик меҳмонлар Ўзбекистонга 'таҳдид'ми?

Image caption Президент Каримов Ўзбекистоннинг меҳмондўстлигини кўз-кўз қилиб келади

Ўзбекистон давлат телевидениеси хорижликларга ўзбек визасини расмийлаштиришда кўмак берган маҳаллий ширкат эгаларини "фош этувчи" кўрсатув намойиш этган.

3 апрел куни Ўзбекистоннинг биринчи телеканали орқали кўрсатилган дастур "Хатар билан ўйнашиш" деб номланади.

Унда айрим "сохта ширкатлар" чет эл фуқароларига Ўзбекистонга сафар қилиш учун "ноқонуний кўмак кўрсатгани" айтилган.

Иддао қилинишича, кўрсатувда номи тилга олинган тадбиркорлардан бири ширкат низомида кўрсатилган фаолият тури ўрнига "мунтазам равишда хорижликларни Ўзбекистонга таклиф қилиш" билан шуғулланиб келган.

Давлат телеканалининг мухбири томонидан сўроққа тутилган тадбиркор 2013 йилнинг февралидан буён 300 нафар чет элликни Ўзбекистонга таклиф қилганини айтади.

Уларнинг кўпчилиги Покистон ва Хитой фуқаролари бўлган.

"Мен уларга ўзбек визаси олишга ёрдам бердим", -дея иқрор бўлади маҳаллий тадбиркорлардан бири.

Кўрсатувда номи тилга олинган бошқа бир тадбиркор аёл эса 42 нафар хорижликка Ўзбекистон визасини расмийлаштиришга ёрдам бергани айтилган.

"Уларнинг 31 нафари покистонликлар", дейилади кўрсатувда.

Унда номи тилга олинган тадбиркорлар, маълум бўлишича, Саудия Арабистони, Сурия ва Ҳиндистон каби давлатлар фуқароларининг Ўзбекистонга сафар қилишларига ёрдам беришган.

Айни пайтда таклиф қилинган хориж фуқароларининг биронтаси Ўзбекистон қонунларини бузганликлари ҳақида ҳеч нарса дейилмайди.

'Олов билан ўйнашиш'

Кўрсатув муаллифлари тадбиркорларни "жуда кўп хорижликларни Ўзбекистонга ташриф қилганлари ҳолда улар билан ҳеч қандай бизнес қилмаганликларини" танқид қилишади.

"Бу каби ноқонуний фаолият мамлакатимизнинг миллий хавфсизлигига таҳдиддир", дейилади дастурда.

Махсус дастур муаллифларининг фикрича, мамлакат фуқароларининг ўзлари танимаган хорижликни Ўзбекистонга таклиф қилишлари "олов билан ўйнашиш"дир.

"Шунинг учун ҳар биримиз ҳушёр ва огоҳ бўлишимиз даркор", - дея хулоса қилади кўрсатув.

Аммо тадбиркорларни низомда кўрсатилган фаолият тури ўрнига виза билан шуғулланишга ундаган сабаблар ёритилмаган.

Чет эллик тадбиркорларнинг сафарларидан ҳеч қандай "бизнес натижа" бўлмаганининг сабаблари ҳам маълум эмас.

Ўзбекистон пост совет ҳудудида хорижий сармоя муҳити энг ёмон бўлган давлатлардан бири сифатида кўрилади.

'Қайтиб Ўзбекистонга бормайман'

Мамлакатда сўнгги йилларда сармоядорларнинг ҳуқуқларини кафолатловчи кўплаб қонун ва ҳукумат қарорлари қабул қилганига қарамай, амалда хорижий иш одамлари Ўзбекистонга сафар қилиш ва у ерда иш юритишнинг қийин эканидан нолийдилар.

Ўтган йил августида Фарғона водийсида иш имкониятларини ўрганиш мақсадида сафар қилган туркиялик тадбиркор, ўзининг сўзларига кўра "жонини зўрға қутқариб қолган".

Унинг айтишича, бир кун кўрсатилган меҳмонхонада қолмагани учун Тошкент аэропортида чегарачилар 4 минг АҚШ доллари миқдорида жарима ёки 3 йил қамоқ жазоси билан таҳдид қилишган.

"Охири Туркия консулининг аралашуви билан ёнимдаги бор пулни бериб, қутулдим. Энди қайтиб Ўзбекистонга бормасам керак", - дейди номи тилга олинишини истамаган туркиялик тадбиркор Би-би-си билан суҳбатда.

Шу кунларда Ўзбекистондаги интернет нашрлари Туркия элчисининг Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари билан Туркия орасида тўғридан-тўғри ҳаво қатновини йўлга қўйиш таклифи билан чиққанини ёзган.

"Ўзбектуризм" миллий компанияси матбуот хизматига таяниб тарқатилган хабарда айтилишича, элчи Намик Гунер Эрпул "Ўзбектуризм" раҳбарлари билан учрашувда шунингдек, "Тошкент – Истанбул" йўналишидаги учоқ қатновларини кўпайтириш зарурати ҳақида ҳам гапирган.

Аммо хабарда ўзбек расмийлари Туркия элчисининг таклифини қандай қаршилашгани ҳақида ҳеч нарса дейилмайди.

Кузатувчиларга кўра, Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги муносабатларнинг совуқлиги ва сўнгги йилларда турк бизнесига ўтказилган босимлар назарда тутилса, икки ўртадаги борди-келдиларнинг кўпайишини кутиш қийин.

Бу мавзуда батафсилроқ