Жамшид Мухторов АҚШ жосуслик дастурини савол остига олди

Фото муаллифлик ҳуқуқи registan.net
Image caption Жамшид Мухторовни Федерал Қидирув Бюроси 2012 йил Чикаго аэропортида Туркияга учиб кетишга ҳозирланган пайти қўлга олган

Лос Анжелос Таймс газетасида босилган мақолада террорчиликда айбланаётган Жамшид Мухторов АҚШ жосуслик кузатув дастурини савол остига олгани хусусида сўз боради.

"2012 йил федерал прокурорлар Колорадода яшовчи Жамшид Мухторовни ўзининг асл ватани Ўзбекистондаги террорчи ташкилотга кўмак беришда айбларкан, маҳкама ҳужжатлари Федерал Қидирув Бюроси махфий равишда унинг телефонларини эшитгани ва электрон мактубларини ўқиганига ишора қилди", дейди мақола муаллифи Кен Диланиан.

Шунингдек, мақолада фақат Федерал Қидирув Бюроси эмас, балки октябр ойи Адлия маҳкамаси Миллий Хавфсизлик Хизмати ҳам Мухторовга қарши далиллар тўплаганини эътироф этгани тилга олинган.

Айтилишича, мазкур иш 2008 йилги суд томонидан рухсат олмай туриб, хорижий жосуслик кузатувларига изн берувчи қонун асосида олиб борилган. Мухторовнинг ҳимоячиларига эса, махфий далиллар билан танишиш имкони берилмаган.

"Январ ойи Мухторов Миллий Хавфсизлик Хизматига телефон ва электрон почталарга дахл қилиш имконини берувчи қонуннинг конституцияга қанчалар мувофиқлигини савол остига олган илк айбланувчи бўлди", дейди муаллиф.

Фуқаровий эркинликларни муҳофаза қилиш фаоллари мазкур ишда ва Иллинойс, Орегон ва Ню Йорк штатидаги бошқа маҳкама жараёнларида ҳукумат ҳуқуқий жиҳатдан хорижий жосуслик тадқиқотлари хулосаларидан мамлакат ичкарисидаги жиноий ишларда фойдаланиши мумкинми деган масалага диққат қаратилишига умид қилишади.

Мазкур масала Миллий Хавфсизлик Агентлиги собиқ ходими Эдвард Сноуден ўтган ёз махфий дастурлар тафсилотларини ошкор қила бошлаши билан пайдо бўлган ва шахсий дахлсизликнинг миллий хавфсизлик билан тўқнашувига оид баҳсу мунозараларни уйғотганди.

Эдвард Сноуден Америкадаги Prism дастури ҳақида Британияда чоп этиладиган Guardian ва АҚШдаги Washington Post гаезталарига маълум қилган ҳамда Facebook, Google, Yahoo, Apple ва Microsoft ширкатларини Америка махсус хизматлари билан ҳамкорлик қилаётганликда айблаганди.

"Фаоллар Оқ Уйни АҚШ фуқаролари ва мамлакатда қонуний яшовчи шахслар ҳақидаги маълумотларни назорат қилишига оид янги чекловлар жорий этишга чақиришади", дейди мақола муаллифи.

АҚШ расмийлари эса, америкаликларнинг мулоқотлар тасодиф билан қўлга тушгани, бу иш атайин амалга оширилмаганини таъкидлайдилар. Чунки, уларга кўра, Yahoo ва ё Gmailдаги манзиллар АҚШ фуқаросига ёки хорижликка тегишлими эканини айтиш кўпда мушкул бўлади.

Айни пайтда Миллий Хавфсизлик Агентлигида АҚШ фуқароларига тегишли қанча маълумот борлиги ва ё улардан қандай фойдаланишлари қоронғу қолмоқда, дейилади Лос Анжелос Таймсда эълон қилинган мақолада.

Шахсий дахлсизлик бўйича ҳуқуқшунос Петер Сувайр (Peter Swire)га кўра, "текширувларга алоқаси бўлмаган Америка фуқаролари ҳақидаги маълумотлар сақланмаслиги керак". Ҳуқуқшуносга кўра, бу айни қонуннинг ноқис нуқтасидир.

Америка Фуқаровий Эркинлик Уюшмаси ҳуқуқшуноси ва Мухторовнинг кузатув дастурларини савол остига олиш бўйича ишида ҳимоячиси Жамил Жаффар эса, Миллий Хавфсизлик Агентлиги хорижликларни кузатишга изн берувчи ваколатидан америкаликларни назорат қилишда фойдаланилаётганини айтади.

Президент маслаҳат гуруҳи Барак Обама учун ҳозирлаган ҳисоботида америкаликлар ёки мамлакатдаги қонуний яшовчилар ҳақидаги ҳар қандай жосуслик учун қимматга эга бўлмаган ва ё аниқ таҳдид туғдирмаган маълумотни йўқ қилиниши тавсия қилинган.

Шунингдек, Қўшма Штатлар фуқаролари исмларини қўлламаслик, уларнинг электрон почталари ё-да, шахсларига тааллуқли бошқа эҳтимолий маълумотлардан фойдаланмаслик маслаҳат берилган. Айни пайтда жиноий маҳкамаларда рухсатсиз тингланган телефон сўзлашувлари транскрипцияси ишлатилишини ҳам тақиқлаш сўралган.

Мақола муаллифининг урғулашича, ҳозирга қадар Обама маъмурияти бу ўзгаришларнинг биронтасига ҳам қўл урмаган.

Мақолада Миллий Разведка агентлиги директори Жеймс Клаппернинг Вакиллар палатаси олдида қилган чиқиши ва Миллий Хавфсизлик Агентлиги таҳлилларида баъзан АҚШ фуқароси ё-да, қонуний яшовчисининг исмлари, электрон почта манзиллари ва ё телефон рақамлари Prism дастури доирасида ишлатилганини тан олгани эслатилади.

"Федерал Қидирув Бюроси Миллий Хавфсизлик Агентлиги маълумотларига янги чекловлар киритилишига қарши", дейди муаллиф.

Уларга кўра, бу жосуслик ва ҳуқуқ-тартибот органларини ўзаро ўта муҳим маълумотларни бўлишиш имкониятидан маҳрум қилади.

"Уларнинг айтишларича, Мухторовнинг иши ҳам маълумотлар бўлишиш қанчалар аҳамиятли эканини исботлайди".

"Нима учун биз фойдали ва қонуний тўпланган маълумотдан ўзимизни маҳрум қилишимиз керак", дейди Қўшма Штатлар жосуслик хизмати юқори мартабали расмийларидан бири.

Мухторовнинг тарафдорларига кўра эса, унинг иши ҳукумат жосуслик дастурида ҳаддан ошаётганини кўрсатади.

Шунингдек, мақолада айтилишича, Миллий Хавфсизлик Хизмати ҳуқуқ-тартибот органларига террорга алоқаси бўлмаган жиноий ишларга оид маълумотларни қанчалар тез-тез бериб туриши аниқ эмас. Аммо, фаолиятдаги ва собиқ жосусларнинг айтишларича, бу иш жуда камдан-кам амалга оширилади, чунки Миллий Хавфсизлик Хизмати маҳкамаларда кўриниш беришни истамайди.

Ҳозир 38 ёшда бўлган Жамшид Мухторов қочқинлик мақомини олгач, хотини ва икки боласи билан 2007 йил Колорадо штатига келиб жойлашган. У Ўзбекистонни сиёсий таъқиблар туфайли тарк этгани айтилади.

Федерал Қидирув Бюроси уни 2012 йил Чикаго аэропортида Туркияга учиб кетишга ҳозирланган пайти қўлга олган.

Прокурорлар у Ўзбекистондаги Ал-Қоидага алоқадор Исломий Жиҳод Иттифоқига қўшилишни режалаганини айтади.

Айблов хулосасида қайд этилишича, электрон ёзишмаларида Мухторов ўзининг "ҳар қандай вазифага, ҳатто ўлимга ҳам тайёр"лигини айтган. Аммо, АҚШ расмийлари у Америка ёки Ғарб манфаатларига қарши ҳужумни режалаганига ишора берувчи далиллар тақдим этишмайди.

Айблов хулосасида Миллий Хавфсизлик Агентлигини тилга олмайди, аммо ҳукумат Мухторовни четдаги террорчи гуруҳнинг хорижий аъзоси билан мулоқотда бўлганини аниқлагани айтилади. Афтидан, Миллий Жосуслик Хизмати айни шахс ва ё гуруҳни кузатаётган бўлган. Жосуслик маълумотлари асосида Федерал Қидирув Бюроси расмийлари Мухторовни кузата бошлайдилар.

"Адлия Департаменти воизи изоҳ беришдан бош тортди. Мухторовга тайинланган ҳимоячи ҳам бу ҳақда гапирмади", дейди мақаола муаллифи.

Бу мавзуда батафсилроқ