"Қарши Газ таъминоти бўлими аҳолини қарзга ботирмоқда"

Қарши шаҳар Газ таъминоти бўлими хизматидан шикоят қилган Саодатнинг ёзишича, шаҳар газ таъминотидагилар аҳолини йўқ газ учун қарзга ботириб ташлаган.

Буни оқлаш учун эса Қарши шаҳар Газ таъминоти идораси турли баҳоналар ўйлаб топаётган экан.

"Газ ҳисоблагич гос.стандартдан ўтган ҳали срок тўлмай туриб, стчетчик эски деб 300 минг қарз ёзиб қўйган. Аслида стчекчик бўйича 20 минг атрофида ишлаган.

Ихтиёр деган газ назоратчиси (телефон 472-22-37) текширгани келганда счетчикка умуман қарамайди, юқорида экан, шундай текшираман деб фақат газ книжкасини ва ўзидаги цифрларни кўриб кетаверади. Счетчик эски бўлса қанақадир буйруқ орқали халқни огоҳлантириш керакку?", деб ёзади қаршилик аёл.

"Декабр ойига 300 минг сўм газ ёзиб кетди. Январ ойига 150 минг сўмга янги стчетчик сотиб олиб, ўзимиз сваркачи топиб 50-100 минг харажат қилиб ўрнатдик. Газ идораси биз ўрнатмаймиз, дейишди. Хар куни газга қатнайвериб, ниҳоят февралда пломба қўйдирдик. Бу орада 100 минг сўм газ учун тўладик. Орадан бир ой ўтди. Мартга бориб яна текширтирсам, сизга феврал учун 326 минг сўм қарз ёзилган, жами 526 минг сўм газдан қарзингиз бор дейди. Компютерга киритилган энди иложи йўқ деб айтади. Мен янги стчетчик ўрнатдим, яна нимага қарз ёзасизлар хаммаси қонуний деганимда, газ ходимлари сизни янги ўрнатган счетчигингиз компютерга кирмаган деб жавоб қилди. Мени стчетчигим бор йўғи 1 ойга (қишки мавсум) га 40 минг ишлаган. Янгисини нима учун киргизмагансизлар, деганимда назоратчи билади дейишди. Назоратчига борсам ман билмайман, деб жавоб беради. Бошлиғига кирсангиз, эшитишни хохламайди. Отангга бор, онангга бор. Назоратчилар эса бор қаерга борсанг бор, қўлингдан келганини қил деб безрайиб кетаверади".

"Уйидан новвойхона, чойхона очиб герб ўрнатиб газ ишлатаётганлардан назоратчилар чой-чақа олишадию ўз чўнтагига уриб кетади. Бундан ташқари уйига насос қўйдириб олганлар бор. Натижада шу кетган газни қоплаш учун оддий халққа мана шунақа йўллар билан тўлатади. Бу нарсадан бошлиқлари хам манфаат кўрса керак, чунки эшитишимизча улар ўзи шунақа қил деб ишчиларига буйруқ берар экан. Оддий халққа газни ўзи йўқ. Совуқ хавода хам овқат ўчоққа, печкага, ўтинга ёнади. Лекин хар ой 200 минг-300 минг сўм тўланади. Ўзи аҳоли бир ойга қанча ойлик олиши билан ҳеч кимнинг иши йўқ", дейди ўз хатида қашқадарёлик фуқаро.

Хатдаги маълумотларни аниқлаштириш учун Қарши Газ таъминотига боғландик. Лекин саволимизга жавоб олишнинг иложи бўлмади. Хатда келтирилган Ихтиёр деган назоратчи ҳам телефонини кўтармади.

Қаршилик ҳуқуқ фаоли Гулшан Қораеванинг айтишича, шаҳарликлар ўзи йўқ газнинг ҳаққидан дод деб кимга боришни билмайди. "Горгазнинг ҳаракати устидан бемалол судга бериш мумкин. Лекин суд ҳам фуқаронинг эмас, Горгазнинг фойдасига ҳукм чиқаради. Катта қарз ёзилганлар судга шикоят қилганини биламан. Лекин иш улар фойдасига ҳал қилинмайди, ҳеч ҳам иложи йўқ буни. Горгаздагиларга қарши ҳеч ким чора кўрмайди. Мен ўйлаб қоляпман, бозорларда насослар сотилади-газни кўп тортиб берадиган восита. Хитойдан олиб келинади. Қизиғи уни сотганларни ҳеч ким жавобгарликка тортмайди. Лекин насос ўрнатиб олганлар миллион сўмдан ортиқ жаримага тортилади. Демак Ўзбекистонга газни тортадиган насосни Хитойдан олиб келишдан кимгадир манфаат бор. Буни ўрганиш керак. Иккинчидан одамлар шикоят қилгани билан фойда йўқлигини билиб, назоратчи қарз ёзиб кетса, тўлайверади. Қонунан олиб қарасангиз, бир ойда 8-10 минг сўмлик газ ишлатилса керак. Горгаз назоратчилари биласизми қанча ёзади, 300-400 минг сўм, ундан ҳам кўп. Тариф бўйича ёзиб кетаверади, тўлайсан дейди. Назоратчиларга бошлиқларининг ўзи айтар экан, ёзгин деб, дейишади одамлар. Ўзимнинг уйимдаги газ қувурлар ёрилган, табиий газ ишлатмаймиз. Баллонлик газдан фойдаланамиз. Газ ҳақи, қарздорлар муаммоси ҳозир жуда катта Қаршида", деб айтади фаол Гулшан Қараева.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Бу мавзуда батафсилроқ