Россияда боласини сотиб, уйига қайтмоқчи бўлган ўзбеклар ушланган

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Россия полициясига кўра, Подмосковьеда янги туғилган ва бир ярим ёшли болани сотишга уринган икки ўзбек қўлга олинган.

Маълум бўлишича, улар болаларининг пули эвазига Ўзбекистонга қайтишни режалаганлар. Эр-хотиннинг сўзларига қараганда, юртларида яна уч болалари қолган.

Бундан олдин Ленин туманида боласини сотиш ҳақидаги эълон маҳаллий телевидение ходимларининг эътиборини тортган ва улар зудликда полицияга хабар қилишган.

Туманнинг Ашерино қишлоғида бола сотувчилари полиция томонидан олдиндан тайёрланган "харидорлар"- телевидение ходимларидан бир миллион рубл олаётганда ушланган.

Фарзандсиз ота-она ролини ўйнаган журналистлар олдига 35-40 ёшлардаги эр-хотинлар келишган.

Кейинчалик сўроқ қилинганда улар дуч келган ишни қилиб юришгани, пуллари йўқлиги учун болаларини сотишга мажбур бўлганларини айтганлар.

Айни пайтда болалар туман касалхонасида. Шифокорларга кўра, болалар кўпинча оч қолгани сабабли, тиббий муолажага муҳтож.

Ҳодиса юзасидан жиноий иш очилган.

Аввал ҳам Россияга ишлашга борган меҳнат муҳожирлари орасида боласини ташлаб кетиш ҳолатлари содир бўлган.

Москвада меҳнат муҳожирларига ҳуқуқий ёрдам марказининг раҳбари Юлдуз Отаниёзова Марказий Осиёдан, жумладан Ўзбекистондан иш излаб Россияга келган қиз-жувонлар орасида никоҳсиз бола туғиб, кейин ундан қутулмоқчи бўлганлар учраб туришини айтади.

Ўтган йили ўзбекистонлик 24 ёшли аёл 3 кунлик чақалоғини Зелиноград тумани Кумарёво посёлкасида бир уюм муздек қум устига ташлаб кетгани, полиция уни қўлга олгани хабар қилинганди.

Полиция билан суҳбатда боласидан воз кечмоқчи бўлганлар пулга зор бўлиб шундай жиноятга қўл урганларини айтишган.

Бу мавзуда батафсилроқ