Қозоғистонда ноутбук сотиб олган ўзбек муҳожири 5 йилга қамалди

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc
Image caption Россия ва Қозоғистондан қайтаётган ўзбек муҳожирлари ўзга юртларда нисбатан арзон бўлган техник воситаларни сотиб оладилар

Ўзбекистон маҳкамаси андижонлик 19 яшар ишсиз йигитни давлат тузумига тажовуз қилишда айбдор, деб топиб, 5 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этган.

"Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамияти тарқатган хабарда айтилишича, Ҳомиджон Абдураҳимов ўтган йил декабрида Қозоғистондан қайтаётиб, ўзбек-қозоқ чегарасидаги "Ғишткўприк" постида ҳибсга олинган.

Чегарачилар унинг ёнидаги ноутбукдан диний-экстремистик мазмундаги маърузаларни топишгани айтилади.

Маҳкама Андижон вилоятининг Марҳамат туманидан бўлган Ҳомиджоннинг ноутбукни қўлдан сотиб олгани ва унинг ичидаги ёзувлардан бехабарлиги ҳақида берган кўрсатмаларини инобатга олмаган.

"Эзгулик"нинг айтишича, Россия ва Қозоғистондан қайтаётган ўзбек муҳожирлари ўзга юртларда нисбатан арзон бўлган техник воситаларни сотиб оладилар.

"Бу табиий бир ҳол, чунки ёшлар бу ашёларга қизиқади, қолаверса, ул-бул орттиришнинг ёмон ери йўқ. Бироқ ана шу техник воситаларни хусусий шахслар ёки танишларидан олган мардикорлар унинг ичида нима борлигини кўпам суриштираверишмайди. Шундай қилганда ҳам компютернинг ичидагиларга ақли етмаслиги мумкин", дейилади "Эзгулик" хабарида.

Гуруҳнинг билдиришича, эндигина 19 ёшга тўлган андижонлик Ҳомиджон Абдураҳимов билан ҳам шундай бўлган. У 2013 йилнинг 28 декабрь куни янги йил арафасида Қозоғистондан мардикорликдан қайтаётиб, ноутбук сотиб олади ва шу тариқа уйидагиларга янги йил совғаси қилмоқчи бўлади.

Аммо ноутбукни текширган чегарачилар унинг ичидан Тоҳир Йўлдош, Абдували қори Мирзаев ва Рафиқ қори Камалов кабиларнинг диний мазмундаги маърузаларини топишган.

19 ёшли меҳнат муҳожири Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш ва контробандада айбланади.

Шу йилнинг 13 март куни жиноят ишлари бўйича Бўка туман маҳкамаси уни 5 йилга озодликдан маҳрум этган.

Тақиқланган материаллар

"Эзгулик"ка кўра, бу каби ҳолат ҳар қандай ўзбекистонлик меҳнат муҳожири билан содир бўлиши мумкин.

Маҳкама тафсилотларини ўрганган журналист ва ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташановнинг Би-би-сига айтишича, бор-йўғи икки бетлик ҳукмида Абдураҳимовнинг ёнидан топилган материаллар борасида эксперт хулосаси берилгани ҳам айтилган.

Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлар қўмитаси материалларининг диний-экстремистик мазмунда эканини тасдиқлаган.

Ташановга кўра, жиноий қонунчиликда фақат экстремистик деб кўрилган материаллардан фойдаланган ёки уни тарқатганлик учун жавобгарлик кўзда тутилган.

"Абдураҳмоновнинг эса саводи ҳаминқадар ва бу материалларнинг нима эканидан ҳам бехабар бўлган",- дейди ҳуқуқ фаоли.

Ўтган ой Афғонистондан қайтаётган збекистонлик фуқаро қўл телефонидан Ўзбекистонда тақиқланган диний мазмундаги аудиофайллар топилгани учун қўлга олиниб, жаримага тортилгани хабар қилинганди.

Маҳаллий матбуотда эълон қилинган мақолада ушланган шахснинг кимлиги ва аудиёзувлар муаллифлари ҳақида маълумот берилмаган.

Аммо айрим хабарларда телефондаги ёзувларнинг марҳум Фозил қори Собировнинг маърузалари бўлгани айтилади.

Фозил қори Собировнинг ўзи диндорларга қарши таъқиблар авжига чиққан 1990-йиллар охири, 2000-йиллар бошида ҳукуматнинг Диний қўмитасига раислик қилган.

Абдураҳмон Ташановнинг фикрича, жиноий қонунчилик амалиётдан келиб чиқиши керак.

"Ҳозир интернет даври ва интернетда ҳамма нарса очиқ. Истаган одам истаган маълумотидан фойдаланиши мумкин. Лекин бу дегани жиноий жавобгарлик учун асос бўлмаслиги керак", - дейди журналист.

Бу мавзуда батафсилроқ