Ўзбекистон порахўрлик жиноятлари учун жазони оғирлаштирмоқчи

Ўзбекистон парламентининг юқори палатаси 10 апрел куни ялпи мажлисига йиғилмоқда.

Ўзбек Сенати Жиноят Кодексининг пора бериш ва олиш-беришда воситачилик қилиш жиноятларига боғлиқ ўзгартиришлар киритишни муҳокама қилиши хабар қилинмоқда.

Ўзгартиришлар бу борадаги жиноятларнинг жазосини оғирлаштиришни назарда тутади.

Бундан ташқари пора берувчи билан бирга воситачилик қилган шахсга ҳам олувчи билан бирдек жазо қўлланилиши мумкин.

Ўзгартиришлар ҳақида Тошкент Давлат Юридик университети ўқитувчиси Хушнудбек Худойбердиев Twitterдаги микроблогида маълум қилган.

“Аввало жазолар оғирлаштирилмоқда. Хусусан, пора бериш жиноятининг санкцияси пора олиш жинояти билан бир хил оғирликда қилиб қўйилмоқда. Эндиликда пора берганлик учун ҳам оғирлаштирувчи ҳолатлар мавжуд бўлганда (3-қисм) 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилинади. Худди шунингдек, эндиликда нафақат пора бериш, балки воситачилик қилиш учун ҳам жазолар оғирлаштирилади”, -деб ёзади Хушнудбек Худойбердиев.

Ўзбекистон Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Светлана Ортиқова Би-би-си билан суҳбатда Сенатнинг 10 апрелдаги ялпи мажлисида кодексларга ўзгартиришлар киритиш бўйича муҳокамалар бўлиб ўтишини тасдиқлади.

Бироқ Ортиқова хоним ўз фикри билан ушбу муҳокамаларга таъсир ўтказиб қўйишдан сақланиш мақсадида бу борада изоҳ бера олмаслигини билдирди.

Халқаро ташкилотлар Ўзбекистонни коррупцияга ботган давлатлар сирасига киритади.

Пора олиш ва бериш мамлакатда одатий ҳолга айланганлиги айтилади.

Тошкентдан мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов жазоларнинг оғирлаштирилиши ва уч томонга ҳам бирдек белгиланиши порахўрликнинг камайишига олиб келмаслигини айтади.

“Пора берувчи билан олувчининг даражаси ва жавобгарлиги бир хил бўлиши мумкин эмас. Чунки кўпчилик одам иложсизликдан пора беради. Яъни ишингиз битмайди. Айниқса Ўзбекистонга ўхшаган коррупция даражаси баланд бўлган давлатларда бу нарса ривожланган. Жазо чоралари тенглаштирилса – бу адолатдан бўлмайди”, - дейди Абдураҳмон Ташанов.

Ташановга кўра, уч томонга ҳам бирдек оғир жазо белгиланиши жиноятнинг очилмай қолиб кетишига замин яратиши мумкин. Бундай ёндашув порахўрликнинг янада илдиз отишига туртки бериши мумкин.

Пора олди-бердиси бўйича қонунчиликка киритилаётган яна бир ўзгартиришлардан бири шундан иборатки, мансабдор шахсга пора берувчи шахс бир ойнинг ичида бу ҳақда тегишли идораларга хабар берса, жазодан қутилиб қолади.

Бу ўзгартириш жиноятнинг очилишига сабаб бўлиши мумкин.

“Илгари пора берган ва воситачилик қилган исталган вақти келиб хабар берса, мансабдор шахсга жазо бор, ўзига эса йўқ эди. Энди эса хабар бериш муддати аниқ белгиланмоқда - 30 кун. Яъни пора бергандан кейин 30 кун ичида хабар берса, жавобгарлик йўқ. 30 кундан кейин айтса, пора олган билан бирга ўзи ҳам жавобгар бўлади”, - деб ёзади Хушнуд Худайбердиев.

Кузатувчилар Ўзбекистонда пора берувчи ва олувчига жазо чораларини кучайтириш билан бирга бундай вазиятларнинг пайдо бўлишининг олди олиниши кераклигини урғулашади.

Бу мавзуда батафсилроқ