Марказий Банки беш минг сўмлик пулларни муомаладан олинишини рад қилди

Image caption Беш минг сўмлик пуллар 2013 йил 1 июлдан чиқарила бошланган.

Ўзбекистон интернет нашрлари "Солиқ инфо"га иқтибосан хабар қилишича, республика Марказий Банки беш минг сўмлик қоғозпулларга доир хабарларни рад этган.

Айни пайтда аҳоли орасида беш минг сўмликда қандайдир камчилик топилгани ва вақти билан муомаладан бутунлай олиниши тўғрисида миш-мишлар кенг тарқалган.

"Бу миш-мишлар ҳеч қандай асосга эга эмас. Беш минг сўмлик купюранинг дизайни парламентнинг юқори палатаси томонидан тасдиқланган ва унда ҳеч бир камчилик йўқ", деб айтган Марказий банк вакили "Солиқ инфо" нашрига.

Марказий Банк ўтган йилнинг 1 июлидан бошлаб, беш минг сўмлик пулларни фойдаланишга чиқарган эди.

Ўзбекистон миллий валютаси- сўм дастлаб 1994 йил 1 июлда муомалага киритилган.

1997 йилда 1,3,5,10,50 ва 100 сўмлик пуллар қаторида 200 сўмлик чиқарилган. 2000 йил июнда эса 500 сўмлик, 2001 йилда минг сўмлик купюралар жорий қилинган.

Одамлар кичик сўмлар ва тангалар ишлатилмай қолганига анча йиллар бўлганини айтишади.

Беш минг сўмлик қоғоз пуллар ҳақидаги миш-мишларни муҳокама қилаётган интернет фойдаланувчиларига кўра, расмийлар ҳар доим муддатидан олдин сизиб чиққан хабарларни тасдиқлашга шошмайдилар. Сўнгра барибир бу ҳақда хабарни тарқатишларига тўғри келади.

"Шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди", деган мақолни келтиради фойдаланувчилардан бири изоҳ қолдираркан.

Бу мавзуда батафсилроқ