ХМТ: 'Ўзбекистонда болалар пахта теримига мажбурланмаган'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ўзбекистонда мониторинг олиб борган Халқаро Меҳнат Ташкилоти ўтган галги пахта мавсумида болалар жалб этилгани юзасидан бирон бир далил топмаганини айтган.

Бу борадаги хулосалар Тошкентда "Халқаро Меҳнат Ташкилоти болалар мажбурий меҳнатига оид Конвенцияси" мавзуида ўтган семинар чоғи янграган.

Қарийб етти йиллик музокаралар ортидан Ўзбекистон ҳукумати Халқаро меҳнат ташкилоти экспертлари мамлакатда кузатув олиб боришларига изн берган. Ва Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ва Ўзбекистон фермерлар кенгаши билан ҳамкорликда Болалар меҳнати бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил қилганди.

Ушбу кенгаш ўтган йилнинг сентябр-октябр ойларида пахта йиғим - терими даврида болалар меҳнатига оид мониторинг ўтказган.

Халқаро Меҳнат Ташкилоти хулосалари айни мана шу мониторинг ортидан берилган.

'Биз Ўзбекистон ҳақидаги саволларга жавоб бермаймиз'

Би-би-си Халқаро Меҳнат Ташкилотининг Женевадаги қароргоҳига боғланиб, чиқарилган хулосалар қандай далилларга асослангани хусусида сўраркан: "Ўзбекистон борасидаги бирон бир саволга мутлақо жавоб бермаймиз", деган жавобни олди.

Исми шарфини ҳам баён қилишни истамаган ташкилот ходимаси "Ўзбекистон билан боғлиқ масала ўта нозик"лиги, мавзу "ҳозир эмбарго остида экани", "ушбу иш бўйича жавоб бериши мумкин бўлган масъул Ўзбекистонда"лиги ҳамда унинг телефон рақамларини беролмаслигини айтди.

Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра эса, улар фақат Халқаро Меҳнат Ташкилоти экспертлари келишлари ҳақида эшитишган, аммо бу ташкилотдан ҳеч ким билан кўришишмаган.

"Уларнинг келиши маълум бўлганидан кейин биз кутдик, бизга ўхшаган ташкилотлар ҳам бор Ўзбекистонда... Болалар меҳнатидан фойдаланилаётгани ҳақида ҳуқуқ ҳимоячилари хабар тарқатдими, Халқаро Меҳнат Ташкилоти экспертлари шу ҳуқуқ ҳимоячилари билан ишлаши керак эди. Нимагадир биров келиб учрашмади ҳам. Мониторинг қандай ўтказилганидан мутлақо бехабармиз", дейди Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов.

"Биз айнан болалар пахта теримига сафарбар этилаётгани борадасида хабар тарқатганмиз, далиллар тақдим қилганмиз ва мониторинг ўтказилишини ҳам биз талаб қилганмиз. Лекин, келган экспертлар давлат одамлари билан кўришишган. Расмийлар, албатта, уларни яхши жойларга олиб боришади... Борадиган жойларга олдиндан айтиб қўйилади. Ҳокимлар ҳамма жойни тўғирлаб қўйишади. Хуллас, мониторинг биртарафлама олиб борилган", дейди фаол.

Ўзбекистон ҳукумати йилларки пахта-йиғим теримида мажбурий болалар меҳнатидан фойдаланаётганликда халқаро танқидлар остида қолиб келади, бироқ ўзбек расмийлари бу каби ҳоллар амалда эканини доимо рад этиб келишган.

Ўтган йил "Пахта кампанияси" ташкилоти томонидан чиқарилган ҳисоботда ўзбек ҳукумати фермерларни тизимли равишда давлат пахта режасини бажаришга, болалар ҳамда катталарни пахтани териб олишга мажбурлагани хусусида айтилганди.

2013 йилги пахта мавсумида 1 миллиондан ортиқ одам пахта теримига мажбурланган, уларнинг ичида балоғатга етмаган болалар ҳам борлиги урғуланганди.

Бу мавзуда батафсилроқ