Би-би-сига айтаман: "Туркиядан Сурияга жиҳодга бораётган ўзбеклар жуда кўп"

  • 11 Апрел 2014

Би-би-си билан суҳбатлашган асли андижонлик, ҳозирда Туркияда бўлган, исми сир қолишини сўраган аёлнинг айтишича, айни пайтда Туркиядаги ўзбеклар орасидан Сурияга жиҳодга кетаётганлар сони ошиб бормоқда.

"Уларнинг аксарияти Қашқадарё, Сурхондарё, Андижон, Хоразмдан, яна кўплари Россиядан қочиб бу ерга келганлар. Жиҳодга кетадиганлар кўп, фақат қорнини ўйлаб кетадиганлари ҳам бор. Мен кўрганларим ҳаммаси ўзбеклар. Ёлғиз хотинлар кўп. Эрларини жангга жўнатган", дейди андижонлик қочқин .

"Мени Туркиядаги қочоқ ўзбекларнинг аҳволи қийнамоқда.Чидай олмаяпман. Ҳеч чидай олмайман, ҳар кун йиғлайман. Бир нон увоғи ерга тушса, уни босмай авайлаймиз аммо ўзбеклар бу қадар сочилиб кетган, дея ўйламаган едим", деб айтади шунингдек аёл.

Ундаги маълумотларга кўра, айни пайтда Қайнарйи деган жойда 100 та Ўзбек оиласи бор. Султанбейлида 80 та. Аммо уларнинг аҳволи оғир. Ҳар бир ўзбекда учтадан етти-саккизтагача бола бор. Уларни ҳеч ким ишга олмайди.

"Ҳеч бирининг болалари ўқимайди. Шу қадар аҳволлари оғирки, турклар бир бурда нон берса ейди, қийин жуда. Эркакларини ҳаммасини Сурия ва Ироққа жиҳодга жўнатишмоқда. Ўша ерларда кўплари қирилиб ўлиб кетяпти. Лекин улар кетишга рози, кўплари кўнгилли бўлиб кетмоқда, бир хиллари мажбурликдан. Ўзбекистонга қайтай деса, у ерда ўлим кутяпти уларни, диндорлиги учун қочиб чиққан. Аёлларининг қўлларида иккитадан чақалоқ қолган, эрсиз қолган бу хотинларни бошқариш ҳам қийин. Баъзи эркакларнинг уч-тўртта хотини бор, ҳаммаси қолган, ўзлари жиҳодда".

Бу ерда "Ўзбеклар дарнаги" отли ташкилотлар бор. Ўша ташкилот ёрдам беради келган ўзбекларга.

Андижонлик қочқинга кўра, ўзи намозхонлиги учун Ўзбекистонда оиласи билан доимий таъқиблар остида яшаган. Бироқ ўтган йил ўрталарида Ўзбекистондан қочиб чиқишга мажбур бўлган.

"Қамалиш эҳтимолим 90 фоиз бўлиб қолгач, ҳовли ва машинамни сотиб, минг долларга Овир урдириб Хитойга тижорат учун чиқяпман, дея қочишга улгурдим. Ҳозир Истанбулдамиз, аҳволимиз яхши. Хўжайиним биз кетгандан сўнг декабр ойида вафот этибдилар. Оғир касал эди, қамоқда қийналган эди. Болалар ва ўзингни хавфсизлигинг учун кет, мени бўларим бўлди, дегандила. Учоққа чиқиб кўтарилганингдан сўнг "талоқ" дедилар. Кейин қайнсинглим билан гаплашдим, бир ой ўтиб хўжайинимни вафот этганларини айтди", дейди аёл.

Андижонлик қочқин аёл ўзбеклар бор жойларни айланиб чиққанини, у ердаги ўзбек болаларнинг ҳаммаси саводсизлигидан даҳшатга тушганини айтади. "Болаларнинг бари саводсиз. Уларнинг орасида Қозоғистон ва Қирғизистондан ҳам келганларни кўрдим, дейди у. Бундай оилаларнинг кўпи пул учун кетяпти жиҳодга".

Бир воқеа менга жуда катта таъсир қилди, дея кўрганларидан сўзлайди яна у.

Ҳатто баъзилари шифокорларни ва ўқитувчиларни ҳам кофирлар деб билади. Мусулмонлар болаларини кофирларга кўрсатмайди ёки, кофирларга ўқитмайди, деб уйда олиб ўтиришади.

"Бир куни бир қизча билан гаплашиб қолдим. Бир кўзи кўр.

Кўзингга нима қилди десам бир йил аввал укамни қўли кириб кетган эди кейин дадамга дўхтирга олиб боринг десам олиб бормади, бир йилдан сўнг кўзим кўрмай қолди дейди.

Мендан у қиз "ҳозир феврал ойими?"- деб сўради.- йўқ, ҳозир ноябр ойи, дедим. У бўлса мен фақат феврал ойини биламан чунки феврал ойида туғилганман дейди. Мактабга борганингда хамма ойларнинг номини билардинг, десам "мактабда ўқитувчилар ой номларини ўргатадими?" дейди. - Дадам ўқиитувчилар ҳам кофирдир, уларга мусулмонлар болаларини бермайди дейди. Жуда ачиндим. Закий қиз ўқишни истайди, аммо жоҳил ота оналари ўқитмайди. Неча кун бу қизни ўйлаб ухлай олмадим".

Динни шу тарзда тушунадиганлар ўзиниям, болалариниям бахтсиз, саводсиз қилади. Мен ўйлайман улар динни хам тузук билмаса керак.

Бир кун иккитасининг суҳбатини эшитиб қолдим. Янги келганига эскиси " тез қора чорбафга кир, кейин ишламасанг хам бўлади, деяпти. Бу ерда улар эҳсон ва йиғилган пуллар ҳисобига яшайдилар. Турклар уларни мухойирлар дея боқади. Мен ўзбеклар билан кўп гаплашмайман. Илк келганимда хамма ёқни кезиб чиқдим, ўзбекларни ўргандим. Ҳозир эса бир ойда бир кўрсам кўраман. Менинг асли отимни ҳам ҳеч бири билмайди".

"Кейин мен ишлайман. Улар ишлайдиганлар ва ўқийдиганлар билан унча алоқа қилмайди. Келганимдан бери ҳозиргача Суриядан жиҳоддан тирик қайтганларни эшитмадим. Кўзи ожиз бўлиб қолган қизчани ҳам бошқа учратмадим", деб ҳикоя қилади Туркияда ўзбек қочқинларининг аҳволи ҳақида у.