Энди Ўзбек ҳокимлари халқ арз-додига қулоқ соладиган бўладими?

  • 12 Апрел 2014

Ўзбек Сенати "Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида" деб ном берилган қонунни қабул қилган.

Бу қонун қабул қилинишидан олдин Ўзбекистоннинг икки вилоятида шаффофлик эксперименти 1 йил давомида ўтказилди.

Самарқанд ва Бухоро вилоятларида ҳокимлар ва маҳаллий идора-ташкилотларнинг раҳбарлари одамлардан қочмасдан, мулоқот қилишга "ўргатилган".

Ўзбек Сенати қарори ҳақида Ўзбек матбуоти хабар қилишича, ушбу қонун фуқароларнинг давлат органлари фаолияти тўғрисида ахборот олишга бўлган конституциявий ҳуқуқларини амалга ошириш механизмларини янада такомиллаштиришга, улар фаолиятининг шаффофлигини, очиқлигини таъминлашга, шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ва улар мансабдор шахсларининг қабул қилинаётган қарорлар сифати учун жавобгарлигини оширишга қаратилган".

Хўш, янги қонун Ўзбек жамиятини нақадар очиқ қилади, амалдорларни "ҳокимиятнинг асосий манбаси бўлган халқ"қа ҳисобот беришга ундайди? Би-би-си ушбу савол билан Очиқ Жамият Институтининг Тошкентдаги ваколатхонаси собиқ раҳбари, бугун Лондонда истиқомат қилаётган сиёсий таҳлилчи Алишер Илҳомовга мурожаат қилди.

Алишер Илҳомов: Бу жамият очиқлиги ва халққа ҳисоб бериш йўлида ташланган жуда кичик қадам. Аслида давлат органлари одамларга ҳисобот беришлари, арз ва шикоятларга қулоқ тутишлари лозим. Бироқ бу қадам - маъмурий йўл билан юқоридан пастдагиларга буйруқ шаклида туширилган амал иш беради, деб ўйламайман. Сабаби, у тузумнинг моҳиятини, жамият билан давлатнинг, ҳукумат билан халқнинг ўзаро муносабатини ўзгартирмайди. Дунё тарихида, кўплаб мамлакатларда амалиётда синовдан ўтган ҳисобдорлик, шаффофлик ва ўзаро боғлиқ фаолиятга доир институтлар ва механизмлар аллақачон мавжуд. Булар ҳақиқий сайловлар, сайловларнинг эркинлиги таъминланганлиги. Бундай шароитда давлат амалдорлари ёки сиёсий раҳбарият жамият олдидаги ўз зиммасидаги вазифа ва мажбуриятни бажара олмасалар, ҳукуматдаги курсиларидан айриладилар. Бу ҳукумат ўзини қандай тутиши лозимлиги борасида жамият таъсир кўрсата оладиган реал ричагдир. Кейингиси эркин матбуот. У амалдорларнинг фаолиятида хато-камчиликларни кўрса, маъмурий органлар ўзини жазолаши ёки қамоққа ташлашидан қўрқмасдан, очиқчасига ёзади. Бу мисоллар демократик мамлакатларда жамият очиқлиги учун иш бераётган ҳақиқий механизмлардир. Биз эса Ўзбекистонда ҳозирча бу реал механизмларни кўраётганимиз йўқ. Ҳукумат уларни жорий этиш ҳақида бош қотираётгани ҳам йўқ. Ҳукумат халқ олдида ҳисобот бераяпти деган фикрни уйғотиш учун мана шундай бюрократик ташаббуслар юқоридан пастга туширилаяпти. Мен бу ташаббусларнинг самараси нолга тенг бўлади, деган фикрдаман. Маълум бир муддат сессия-конференциялар уюштирилади, ҳисобот бериш, телефон орқали "қайноқ линия"лар ташкил қилинади, бироздан кейин эса булар ҳаммаси ёддан кўтарилиб кетади. Мана бир йил давомида Самарқанд ва Бухоро вилоятларида давлат органларининг очиқлиги бўйича эксперимент ўтказилди. Бу экспериментлар қандай натижа берди, ҳаётда нимани ўзгартирди - оддий одамлар бу ҳақда ҳеч нарса билишмайди.

Би-би-си: Сиз нима деб ўйлайсиз, Ўзбек ҳукуматини жамият очиқлиги, ҳукуматнинг халқ олдидаги жавобгарлиги ҳақида гапиришга ундашига нима сабаб бўлган бўлиши мумкин? Буни агар халқнинг арзу-додига қулоқ солинмайдиган бўлса, аҳвол ёмон бўлиши мумкин, дея, "Араб баҳори" ҳодисаларидан чиқарилган хулоса дейиш мумкинми?

Алишер Илҳомов: Ҳа, марказий ҳукуматда шундай хавотир бўлиши мумкин. Яъни, аҳоли нима билан яшаяпти, уларнинг ўй-ташвиш ва муаммолари нимадан иборату-ҳукумат тепасидагилар қанда яшаяпти, халқ билан ҳукумат ўртасида ҳаддан зиёд катта жарлик юзага келишига йўл қўймаслик лозим, деган фикр. Улар бунга йўл қўймаслик учун халқ овозига қулоқ тутишимиз керак, деб чин дилдан қайғураётган бўлишлари мумкин. Аммо, мен яна бундан олдин айтган фикримни такрорлайман, сиёсий тузумни ўзгартирмасдан туриб, шаффофлик ва ҳисобдорликнинг реал механизмларини барпо этмасдан туриб, реал ҳаётда амалий бир натижаларга эришишга менинг кўзим етмайди. Яхши ният ниятлигича қолиб кетиши мумкин.

Би-би-си: Балки ҳали демократия институтлари Ғарбдагидек ривожланмаганини инобатга олиб, жамиятда очиқлик ва шаффофликни мана шу шаклда аста-секин кенгайтириб борган маъқулдир?

Алишер Илҳомов: Биласизми, сиёсий маданият марказий ҳокимиятнинг бошқаларни тарбиялашга ҳаракат қилиши, амалдорларнинг оддий одамлар билан мулоқот қилишга ўргатишига ўхшаган йўллар билан ўстирилмайди. Бу етарли эмас. Сиёсий маданият реал демократия шароитида шаклланади. Табиийки, демократия оёққа тураётганининг илк даврида демократик институтлар энди-энди шаклланаётган пайтда қандайдир хатоларга йўл қўйилади. Экстремистик амалларга қўл урилади. Популизм орқали кўпчилик овозини қўлга киритишни хоҳлайдиган лидерлар юзага келади. Бу мисоллар ҳамма жамиятлар бошидан ўтказиши муқаррар саналадиган жараёнлардир. Бу жараёнлар якунида сиёсий раҳбарлар орасида кимнинг ким эканлиги кўпчиликка аёнлашади. Ана шундан кейин ҳамма нарса ўз жойига тушишни бошлайди. Албатта, бундай институтлашиш бир кечада юз бериб қолмайди, ҳатто бир йилда ҳам. Ҳали сиёсий маданиятнинг фундаментига эга бўлмаган тоталитар тузумдан тўлақонли сиёсий демократияга ўтишнинг илк даврлари оғриқли бўлади. Ҳамма нарса консервация қилинган, тоталитар тузумдан демократияга томон бирорта ҳам қадам ташланмаган Ўзбекистонда эса сиёсий маданият даражаси тубанлигича қолаверади.

Бу мавзуда батафсилроқ