Таниқли Ўзбек ёзувчиси Зоҳир Аълам вафот этган

  • 13 Апрел 2014
Фото муаллифлик ҳуқуқи pixland.uz

Таниқли Ўзбек ёзувчиси Зоҳир Аълам 71 ёшида Тошкентда юрак хуружидан вафот этган.

Зоҳир Аълам 1943 йилда Тошкент шаҳрида туғилган.

1965 йилда Тошкент Давлат Университетининг филология бўлимини тугатган.

Адибнинг "Бахтли билет" деб номланган биринчи китоби 1972 йилда чоп этилган.

Зоҳир Аъламнинг1978 йилда "Муқаддима", "Ҳаммаси бир бинода", "БАМ манзаралари" деб номланган китоблари, 1981 йили "Кийик кўзлари" ва "Ўсма кетар, қош қолар" китоблари, 1985 йилда "Ота ўгитлари", 1987 йили "Зарб" китоблари, "Муқаддима" ва "Кийик кўзлари" насрий тўпламлари нашр қилинган.

Публицист сифатида Зоҳир Аълам "Боёвут", "Майиз атрофидаги гаплар", "Жомбой ҳангомалари" деб номланган асарларини ҳам нашр этган.

У драматург ва таржимон сифатида ҳам танилган.

Зоҳир Аъламнинг "Афандининг қирқ бир пашшаси" пъесаси республика театрларида қайта ва қайта саҳналаштирилган, рус ва булғор тилларига ҳам таржима қилинган.

Зоҳир Аълам болгар мумтоз адабиёти намояндаси Павел Василевнинг "Тўсиқ", "Ўлчамлар" каби қиссалари, рус адиби Сергей Залигиннинг "Комиссия" романини ўзбек тилига ўгирган.

У Шўролар Иттифоқи парчаланиши арафасида қайта қуриш ва ошкоралик эпкинлари эсган йилларда Ўзбекистонда Ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш, атроф-муҳит муҳофазаси муаммоларини кўтариб чиқишда фаол иштирок этган.

Зоҳир Аълам Ўзбекистонда коммунистик режимга мухолиф "Бирлик" Халқ Ҳаракати барпо этилиши тепасида турган зиёлилардан бири бўлган.

Ўзининг ҳикоя қилишича, у 1988 йилда Дўрмондаги Ёзувчилар боғига ташриф буюрган эстон шоираси Сирье Руутсоо билан танишади, у билан суҳбатлари таъсирида 1988 йилнинг августида "Ўзбекистон адабиёти ва санъати" рўзномасида Эстония "Халқ Фронти" ҳақидаги биринчи мақолани чоп этади.

Унинг ортидан "Халқ Фронти" фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида Болтиқбўйига сафар қилган адиб Таллиннда "Халқ Фронти"нинг съездида қатнашади ва эстонларнинг мустақиллик учун курашини дастаклаб, нутқ сўзлайди.

1988 йилнинг ноябр ойи бошида Тошкентга қайтган Зоҳир Аълам Ўзбекистонда ҳам миллий мустақиллик учун курашувчи "Халқ Фронти" каби ташкилот тузиш фикрида бўлгани ва ҳамфикрларни излашга тушганини айтади.

У ва бошқа зиёлиларнинг ҳаракатлари самараси ўлароқ, шу йилнинг 11 ноябрида шоир ва ҳофиз Дадахон Ҳасаннинг уйида "Бирлик" Халқ Ҳаракатининг таъсис мажлиси бўлиб ўтади.

Зоҳир Аълам ҳаракатнинг раисдоши этиб сайланади.

1990 йилдаги бўлинишдан сўнг "Эрк" партиясига ўтган Зоҳир Аълам бир муддат партиянинг иккинчи котиби вазифасини бажарган.

Ўзбекистон мустақил бўлганидан кейин Зоҳир Аъламнинг асарлари эълон қилиш тақиқланган.

У ўзининг қаламига мансуб асарлар мактаб дарсликларидан олиб ташлангани ва 2006 йилда унинг пъесаси асосида таниқли кинорежиссёр Шуҳрат Аббосов томонидан суратга олинган "Бир куни афанди" бадиий филми намойиши тақиқлаб қўйилганини айтган.

Бундан роппа-роса уч йил олдин Зоҳир Аълам Би-би-си муштарийлари ва радиотингловчиларининг саволларига жавоб қайтарган эди.