Яманда Ўзбекистон фуқароси олиб қочилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Санадаги Россия Федерацияси элчихонасининг маълум қилишича, Яманда ишлаётган Ўзбекистонлик шифокор номаълум шахслар тмонидан ўғирлаб кетилган.

Элчихона расмийсининг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, мамлакат шимолидаги Маъриб шаҳридаги шифохонада ишловчи шифокор 14 апрел куни тушда ўғирлаб кетилган.

Элчихона матбуот котиби Тимофей Боковга кўра, ўғирлаб кетилган шахснинг иcми уларга фақатгина Яман матбуоти орқали маълум.

Бундан ташқари ўғирланган шифокорнинг ҳозирда қаерда эканлиги ё-да бу амал ортида кимлар турганлиги ҳақида ҳозирча ҳеч қандай маълумот йўқ.

Ямандаги баъзи собиқ Иттифоқ республикалари фуқорлари учун ҳам масуъл бўлган Россия элчихонасининг маълум қилишича, ҳозирда ўғирланган шахснинг қаерда эканлиги ва уни қутқариш учун чоралар кўрилиши йўлида ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Яманда товон талаб қилиш, ёки қамоққа ташланган баъзи гуруҳ аъзоларини алиштириб олиш мақсадида хорижий фуқароларни олиб қочиш тез-тез рўй бериб туради.

2001 йили АҚШ бошчилигидаги халқаро кучлар "Ал-Қоида" ташкилотига қарши Афғонистонда кенг миқёсли амалиётларни бошлаганидан сўнг гуруҳ Яман ва Сомали каби мамлакатларда ўз фаолиятини кучайтирганлиги кузатилганди.

Яманда ишлаётган Марказий Осиёлик шифокорга кўра, мамлакатда мингга яқин ўзбекистонлик мутахассис ишлайди.

Улар Яманга асосан Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Россиядаги хусусий ширкатлар орқали тузилган контрактлар асосида келишади.

Улар ҳам давлат қарамоғи остидаги ва ҳам хусусий шифохоналарда ишлашади.

Ўртадаги воситачи ишга ёлловчи ширкатлар билан эса кўпда Интернет орқали боғланилади.

Бу мавзуда батафсилроқ