Баронесса Варси Ўзбекистондаги болалар меҳнатини муҳокама қилган

Британиянинг Ташқи ишлар бўйича катта давлат вазири Саида Варси Тошкентдаги музокаралари доирасида Ўзбекистондаги мажбурий болалар меҳнатини муҳокама қилган.

Бу борадаги мулоқотлар ҳақида баронесса Варсининг ўзи Твиттердаги саҳифасида маълум қилди.

"Пахта йиғим-теримида болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳақида узоқ давом этган мулоқот. Ўзбекистон ва ХМТ (Халқаро Меҳнат Ташкилоти-таҳр.) ўртасида мустаҳкам ҳамкорликни кўриш ёқимли", деб ёзган британ мулозими.

Болалар меҳнати билан боғлиқ мулоқотнинг қаерда бўлиб ўтгани маълум эмас.

Чоршанба куни Варси хоним Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги, Олий Мажлиси Сенати ва Ташқи ишлар вазирлигида музокаралар олиб борган.

Баронесса Варси Тошкентдан ёзган яна бир твитида музокаралар кун тартибидаги асосий масалалар "Афғонистон, Украина ва инсон ҳуқуқлари" эканини маълум қилган.

Британия ҳукуматидаги биринчи аёл вазир бўлган Саида Варси Ташқи ишлар вазирлигининг халқаро ташкилотлар ва инсон ҳуқуқлари учун маъсул мулозими ҳам ҳисобланади.

Бу Баронесса Варсининг охирги икки йилда Ўзбекистонга қилган учинчи ташрифидир.

Ушбу ташрифлар кун тартибидаги асосий масала Афғонистондаги Британия қўшинларини олиб чиқиш масаласидир.

Британия Ўзбекистон темир йўлларидан фойдаланиш эвазига 700 минг долларлик ҳарбий техника ва жиҳозларни Ўзбекистонга "совға қилиши"ни айтган.

Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари Лондоннинг Каримов ҳукумати билан ҳарбий соҳадаги ҳамкорлигини танқид қилишади.

Варси хоним аввалроқ Британия парламентида қилган чиқишида Ўзбекистонга бериладиган ҳарбий жиҳозлар ички репрессияларда қўлланмаслигига ишонч ҳосил қилишларини айтган.

Ўзбекистон пахта саноатидаги болалар меҳнати учун танқид қилиб келинади.

Ўтган йили Тошкент биринчи марта Халқаро Меҳнат Ташкилоти ҳайъатининг мамлакатга сафар қилишига рухсат берган.

Ҳайъат ўзининг дастлабки хулосаларида Ўзбекистонда "болалар пахта теримига мажбурланмагани"ни айтган.

Маҳаллий ҳуқуқ фаоллари ташкилотнинг хулосаларини савол остига олганлар.