Тошкентда ноқонуний киракашлар устидан назорат кучайтирилади

Image caption Янги тартибга мувофиқ, нолегал киракашлар ҳайдовчилик гувоҳномасидан олти ойгача маҳрум қилинади

Тошкентда ноқонуний киракашлар устидан назорат кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси "назоратни кучайтириш бўйича” ҳужжат лойиҳасини тайёрламоқда.

Лойиҳага мувофиқ, назоратчилар ва жарима миқдори кўпайтирилади.

Бироқ кузатувчилар, одамларнинг даромад манбаи кўпаймагунча, нолегал таксилар билан кураш бесамар бўлишини таъкидлашмоқда.

Нолегал киракашлар устидан назоратнинг кучайиши ҳақида anhor.uz сайти маълум қилган.

Тошкент шаҳар йўловчи ташиш транспорти департаментининг линиядаги таксилар фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими раҳбари Руслан Сулаймоновга кўра, агар ҳужжат тасдиқдан ўтса, пойтахтда ҳар куни 22 нафар одам ноқонуний йўловчи ташиш ҳолатларини аниқлаш билан шуғулланади.

Унинг таъкидлашича, ноқонуний киракашлик учун жарима миқдор янада кўтарилади ва қоида бузувчилар ҳайдовчилик гувоҳномасидан 3 ойдан 6 ойгача маҳрум қилинади.

Бундай чоралар кўрилган тақдирда киракашлик билан шуғулланиш 20-30 фоизга камайиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

Рустам Сулаймонов Тошкент шаҳрида нолегал киракашларнинг кўплигини легал таксиларнинг камлиги билан изоҳлайди.

Пойтахтда 9 минг таксига эҳтиёж бор, лицензияга эга таксилар эса 2300 тани ташкил қилади.

Тошкентдан мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов таксиларнинг етишмаслиги билан бирга фуқаролар даромади пастлиги нолегал киракашликка йўл очишини айтади.

"Аҳолида нолегал йўллар билан киракашликка эҳтиёж катта. Мана масалан, айтайлик, профессор, ўқитувчи ё бирон давлат муассасида ишлайдиган шахс маоши етмагани учун ишдан бўш вақтларида шунақа нолегал йўллар билан даромад топишга ҳаракат қилишади," - дейди Абдураҳмон Ташанов.

Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси 2012 йил январ ойида чиқарган қарорига асосан, Тошкент шаҳри ва вилоятларда йўналишли таксиларга лицензия олиш ва машинани белгиланган рангга бўяш шарт қилиб қўйилган эди.

Киракашларнинг якка тартибда фаолият юритиши тақиқланиб, бирор ташкилотга бириккан ҳолда иш юритиши белгиланган эди.

Янги тартибга 2014 йилга қадар ўтиш режаланган эди.

Аммо Вазирлар маҳкамасининг қарори барча жойларда кутилган натижани бермади.

Қоида тартиблар нисбатан кучли бўлган пойтахт Тошкентда ҳам қарор ижроси таъминланмади.

Бу мавзуда батафсилроқ