Тошкентдаги бизнес марказда портлаш содир бўлди

Image caption Фэйсбукда эълон қилинган суратларда бинонинг жиддий зарар кўргани акс этган

Дастлабки хабарларга кўра, кўп қаватли "Лабзак" бизнес маркази биносида юз берган портлашга газ сизиши сабаб бўлган.

"Тошкентшаҳаргаз"даги манбаънинг Би-би-сига билдиришича, портлаш ҳақидаги илк хабар "101" қўнғироғи орқали авария хизматига маҳаллий вақт билан 18.10да келиб тушган.

Авария хизмати навбатчисининг айтишича, ҳозирда портлаш содир бўлган ерда Тошкент шаҳар милицияси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва "Тошкентшаҳаргаз" авария хизмати бўлинмалари иш олиб бормоқда.

Ҳодиса шоҳидлари Фэйсбукда эълон қилган суратлардан портлаш натижасида бинога жиддий зарар етганини кўриш мумкин.

"Лабзак" бизнес маркази биноси МТС мобил хизматининг эски идораси қаршисида жойлашган.

Ҳодиса жойини бориб кўришга уринган пойтахт яшовчиларидан бирининг Би-би-сига айтишича, ҳудуд "Ишчилар шаҳарчаси"нинг халқа йўлидан бошлаб ўраб олинган.

Фэйсбук фойдаланувчиларидан бири бино ичкарисидан қандайдир "қолдиқ"лар олиб чиқилаётгани ҳақида ёзган.

Айрим хабарларга кўра, ҳодисада жароҳатланган бир неча киши ТошМИ шифохонасига олиб келинган.

Қурбонлар ҳақида маълумот йўқ.

Гувоҳлардан бирининг Фэйсбукда ёзишича, ҳодиса жойида "автомат кўтарганлар турибди ва ҳеч кимни ўтказмаяпти".

Портлаш юз берган бино қаршисидаги кўп қаватли уйда яшашини айтган яна бир фойдаланувчи ҳодиса рўй берган вақт ўғли билан уйда бўлгани, "гумбурлаш" овозидан қўрқиб кетганликлари ва деразадан қараб, бинонинг бешинчи қаватигача оқ тутунга тўлганини кўрганлигини ёзади.

"Тошкентшаҳаргаз" вакили Би-би-си билан суҳбатда портлашнинг дастлабки сабаби газ сизиши деб тахмин этилаётгани, ҳозирча бирон расмий фараз йўқлигини билдирди.

Агар сиз воқеа жойида бўлсангиз, кўрган-кечирганларингиз ҳақида Би-би-сига ёзинг: uzbek@bbc.co.uk