“Ўзбек блоггерлари жонланмоқда, лекин таъсир ўтказиш борасида ҳали заиф”

Ўзбекзабон блоггерлар ўртасида бўлиб ўтган илк чемпионатнинг ғолиблари Ўзбекистон, АҚШ ва Қирғизистондан туриб ёзган блоггерларни ташкил қилган. Айрим мухолифатчилар танловда фақат ҳукуматни мадҳ қилувчи ёшлар қатнашганини даъво қилган. Бироқ иштирокчилар мавзулар чекланмагани ва турнирда ўзбек матбуотида чоп этилиши амримаҳол бўлган танқидий фикрлар ҳам ёзилганини таъкидлашмоқда.

Илк маротаба ташкиллаштирилган чемпионатда 116 та иштирокчи қатнашди. Қарийб 3 ой давом этган турнирнинг якуний босқичидаги натижалар 21 март арафасида эълон қилинди. 12 апрелда эса совриндорларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тақдимот маросимида қатнашган ва чемпионатнинг финал босқичига етиб келган мустақил журналист Соҳиба Ҳайитбоева чемпионат Ўзбекистонда блоггерларлик соҳасини жонланишига туртки берганини айтади.

“Блоггерлик Ўзбекистонда роса суст эди. 3-4 та ёзадиган одам бор эди. Блоггерлик унча ривожланмаганди. Танлов баҳона жонланиш бўлди, анча ривожланди. Ҳозир мунтазам ёзадиганлар пайдо бўлди. Шу томонларини кўриб хурсанд бўлдим”, - дейди Соҳиба Ҳайитбоева.

Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятидан Шермуҳаммад Абдуғофуров танловда 3 - ўринни олди. Шермуҳаммад чемпионатга қизиқишнинг ортиб кетиши ва қатнашувчилар сонининг бунчалик кўп бўлишини ташкилотчилар ҳам кутмаганини билдирди.

“Тўғриси, биринчи турда 116 та одам қатнашиш истагини билдиришини ҳеч ким кутмаганди. Ташкилотчиларнинг ўзи ҳам кутмаган бўлса керак. Чунки биринчи муҳокамаларда 15-20 та одам қатнашса жуда ҳам зўр бўларди, деган гаплардан сўнг 116 кишининг иштироки кутилмаган бўлди. Танловнинг ўтиши ҳам шахсан мен кутганимда яхши бўлди”, - дейди Шермуҳаммад Абдуғофуров.

Танловда турли мавзулардаги ва даражадаги блогларни учратиш мумкин. Енгил кулгига асосланган блогпостлардан тортиб, ижтимоий-сиёсий мавзуларгача топиш мумкин эди.

Илк босқичда “Спорт” телеканали журналисти Диёр Имомхўжаевнинг “Менинг исмим Хон. Мен террорчи эмасман” номли блогпости шов шувга сабаб бўлди.

Муаллиф кундалик ҳаётда ўзи дуч келаётган огоҳликка чақириқ, милиция томонидан ҳаддан зиёд кўп текшириш ва касбидаги цензурани ўзига хос услубда кўрсатишнинг уддасидан чиққан.

Милиция томонидан сумкаларнинг ҳар сафар очиб кўрилишини кўрсатиб бериш мақсадида муаллиф қуйидаги диалогга ўхшаш ҳолатни 7 марта қайта қайта ёзган.

“Экскалатор. Жонажон Милиция. Нега у менга бундай қараяпти? Кимлигини эслолмадим.

“Илтимос, сумкангизни очиб юборинг!”

- Бу нима?

- Ноутбук.

- Ёпинг!

“...менинг исмим Хон, мен террорчи эмасман!”

“Тинчлигимиз бардавом бўлсин!”, - деб ёзади Диёр Имомхўжаев.

Айрим мухолифатчилар танловда фақат ҳукуматни мадҳ қилувчи блогпостларга ўрин берилгани ҳақида ёзган. Бироқ чемпионатга блогпостларни Россиядан туриб ёзган Соҳиба Ҳайитбоева танлов давомида цензура кузатилмаганини айтди.

“Цензура масаласига келсак, танловда бўлмади. Чунки менинг финалда қатнашган мақолам, “Менинг онам Россияда”, деган мавзуда эди. Менга энг ёққан блоглар ичида Зокирбек Ўриновнинг блоглари бўлди. “Россия таркибига қўшиламизми?” яхши блог бўлди. Буни Ўзбекистонда ҳеч қайси матубот босиб чиқармаган бўларди. Яна “Губерниев синдроми” мақоласи жуда ҳам ёқди. Агар цензура бўлганида мана шулар берилмас эди”, - дейди Соҳиба Ҳайитбоева.

Танлов иштирокчиси Шермуҳаммад Абдуғофуровга кўра, ташкилотчилар томонидан эркин мавзулар берилган, танқидий руҳдаги материаллар ҳам ёзилган, бироқ улар кўпчиликни ташкил қилмаган.

“Бунақа блогпостлар, тўғриси, кўпмас. Чунки муаммоларни кўтариб чиқиб ёзадиган блоггерлар ҳам умумий муаммоларни ёзади. Мисол учун, Хушнудбек Худайбердиев сингари Трастбанкдаги ёзувларнинг мана бу ерлари хато экан, деб ёзмайди. Шунинг учун ҳам умумий гапларга фалончи, деб аниқ исмини ёзмасангиз ўша фалончи муносабат билдирмайди”, - дейди Шермуҳаммад Абдуғофуров.

Кузатувчилар турнирда асосан ёшлар қатнашгани ва ўрта ёшли ёки ёши катта блоггерларнинг деярли йўқлигига эътибор қаратишади.

Самарқандлик мустақил журналист ва блоггер Тошпўлат ака Раҳматуллаев танловнинг илк босқичида қатнашган ва кейинги босқичига блогпост ёзмаган.

“Мен қатнашмоқчи эди, иккинчи босқичга уч кун қолганда киришдим. Кетма кет чироқ бўлмади. Уч кунда ҳам битта нарса ёзолмадим. Бўлмаса ўзбек тилида ёзадиган жуда кўп фикр ва мақолаларим бор ”, - дейди Тошпўлат Раматуллаев.

Тошпўлат ака Самарқанддан туриб мунтазам ўзбек ва рус тилларида блог ёзиб турувчи журналист ҳисобланади.

Шунингдек, танловда кўпроқ хориждаги ўзбек блоггерлари фаол бўлгани айтилмоқда. Совриндор ўринларни эгаллаган блоггерларнинг иккитаси Ўзбекистондан ташқарида эканлиги ҳам ушбу фикрни тасдиқлагандек.

Танловда 116 та блоггер қатнашган бўлсада, ўзбек блоггерларининг ҳали етарлича оммалашмагани ва бирор ижтимоий фикр уйғотадиган ва одамларни фаоллаштирадиган кучга эга эмаслиги айтилади.

“Менинг блогимга бир ҳафтада кирадиганлар сони Россиядаги ўртача блоггернинг бир кунда кирувчилари сонидан ҳам кам. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, биз ёзаётган нарсаларнинг етиб бориши ҳам муаммо. Чунки унақа даражада машҳур эмасмиз, бир нарсага таъсир қиладиган куч йўқ. Ижтимоий фикр уйғотадиган, жамиятда бирор нарсага муносабатни ўзгартирадиган даражада кучга эга эмасмиз”, - дейди Шермуҳаммад Абдуғофуров.

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ