Тошкентдаги портлашда яраланган аёл вафот этган

Image caption Расмий фаразларга кўра, портлашга газ сизиши сабаб бўлган

Тошкентнинг "Лабзак" савдо марказида юз берган портлашда жароҳат олган аёл касалхонада вафот этган. Бу ҳақида Ўзбекистон ҳукуматига яқин Podrobno.uz ва Gazeta.uz сайтлари хабар тарқатди.

Тошкентнинг Шайҳонтоҳур туманидаги савдо марказида портлаш чоршанба куни кечқурун юз берган.

Унда тўрт киши: уч эркак ва бир аёл жароҳат олганди. Ҳодиса жойидан жароҳат олганлар тез ёрдамларда касалхонага олиб кетилгандилар.

Podrobno.uz сайти билдиришича, харобалар остидан чиқариб олинган қиз Тошкент Тиббиёт Институти касалхонасининг жарроҳлик бўлимига олиб борилган, бироқ оғир жароҳатлари туфайли жон берган.

Бизнес марказининг ходимларига биноан, Елена исмли қурбон ушбу марказда жойлашган ширкатлардан бирининг идорасида ишлаган ва портлаш вақтида лифтда бўлган.

Тошкент Тиббиёт Институти касалхонаси шифокорлари қолган уч кишининг аҳволи барқарор эканини маълум қилганлар.

"Газ сизиши"

Image caption Суратда бино бир томонга оғиб қолгани кўринади

Расмий фаразларга кўра, кўп қаватли "Лабзак" бизнес маркази биносида юз берган портлашга газ сизиши сабаб бўлган.

"Тошкентшаҳаргаз" вакили Би-би-си билан суҳбатда портлашнинг дастлабки сабаби газ сизиши деб тахмин этилаётганини билдирди.

Манбанинг айтишича, портлаш ҳақидаги илк хабар "101" қўнғироғи орқали авария хизматига маҳаллий вақт билан 18.10да келиб тушган.

Эндиликда Gazeta.uz сайти билан суҳбатлашган Ички Ишлар Вазирлиги матбуот воизи ҳам ҳодисага табиий газдан нотўғри йўлда фойдаланиш сабаб бўлганини айтган.

Портлаш оқибатида бинонинг деворлари қулаган, ҳамда биринчи қават шипи ўпирилган. Бино бир томонга оғиб қолгани айтилади, бироқ унинг қулаши хавфи йўқ дейилмоқда.

Авария хизмати навбатчисига кўра, портлаш содир бўлган ерда Тошкент шаҳар милицияси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва "Тошкентшаҳаргаз" авария хизмати бўлинмалари иш олиб борган.

Ҳодиса шоҳидлари Фэйсбукда эълон қилган суратлардан портлаш натижасида бинога жиддий зарар етганини кўриш мумкин.

"Лабзак" бизнес маркази биноси МТС мобил хизматининг эски идораси қаршисида жойлашган.

Image caption Бинонинг биринчи қавати деворлари ва шипи вайрон бўлган

Ҳодиса жойини бориб кўришга уринган пойтахт яшовчиларидан бирининг Би-би-сига айтишича, ҳудуд "Ишчилар шаҳарчаси"нинг халқа йўлидан бошлаб ўраб олинган.

Фэйсбук фойдаланувчиларидан бири бино ичкарисидан қандайдир "қолдиқ"лар олиб чиқилаётгани ҳақида ёзган.

Гувоҳлардан бирининг аввалроқ Фэйсбукда ёзишича, ҳодиса жойида "автомат кўтарганлар турибди ва ҳеч кимни ўтказмаяпти".

Портлаш юз берган бино қаршисидаги кўп қаватли уйда яшашини айтган яна бир фойдаланувчи ҳодиса рўй берган вақт ўғли билан уйда бўлгани, "гумбурлаш" овозидан қўрқиб кетганликлари ва деразадан қараб, бинонинг бешинчи қаватигача оқ тутунга тўлганини кўрганлигини ёзади.

Ҳодиса жойидан қатор суратларни Фейсбукка жойлаштирган Умид Толиповнинг айтишича, унинг ўзи портлашдан сўнг қонга беланган ва юзининг бир қисми йўқ бўлган аёлни олиб кетишаётганини кўрганини айтади.

Аваз Каримов бу аёл "Софт Лайн" номли ширкатнинг бош ҳисобчиси бўлганини ёзди.

Фарҳод Ваҳобов исмли нетчи: "У ерда газ балони бор эди, бу пайвандловчиларнинг хатоси", - деб ёзади.

Шу мавзуни давом эттирган Пётр Арсеньев эса қуйидагиларни ёзди: "Гап бу ерда турар жойлар ва идораларда таъмирлаш ишлари нақадар тўғри олиб борилаётгани ҳақида кетаяпти. Текширувчилар кўп қоидабузарликларга кўз юмишади, агар текширишса. Қаерга қараманг, бетон девор ва шипларни бузиб, газ плиталарини ўрнатишаяпти. Унинг ёнида одамлар яшаётганини ҳисобга олишмаяпти".

Ольга Айдашева эса бунга жавобан: "Ҳа, кўзларини юмишади, чунки кўзларини пул билан юмдиришади", - дея шарх қолдирган.

Агар сиз воқеа жойида бўлсангиз, кўрган-кечирганларингиз ҳақида Би-би-сига ёзинг: uzbek@bbc.co.uk

Your contact details
Disclaimer