Тошкентлик талаба шаффоф телефон ихтиро қилди

Image caption Суратлар ca-news.org сайтидан олинди

Тошкентлик талаба қуёш энергияси билан қувватланувчи ва икки-томонлама шаффоф экранга эга мобил телефонини ихтиро қилган. Бу ҳақида Central Asian News ва ICT-News сайтлари хабар тарқатди.

МХ-1 дея номланган телефон Ўзбекистон пойтахтида шу кунларда бўлиб ўтаётган янги технологиялар ярмаркасида тақдим этилган.

Хабар қилинишича, Тошкент Давлат Техника Университетининг иккинчи курс талабаси Сирожиддин Насриддинов ихтиро қилган телефон зарбага қарши чидамли шишадан ясалган бўлиб, ундан икки томондан ҳам фойдаланиш мумкин.

Телефон, шунингдек, сенсор клавиатураси, яъни бармоқни илғовчи клавиатура билан жиҳозланган. Телефоннинг остки қисмида телефонни бошқариш учун зарур бўлган уч сенсор тугмачаси жойлашган.

Тугмачалар остида эса чироқли ва антеннали веб-камера ҳам жойлашган.

МХ-1 телефони нанопленка орқали қуёш энергиясидан, ҳамда телефон корпусига ўрнатилган аккумулятор ёрдамида қувватланади.

Хабарда айтилишича, экран ёруғли ҳозирча унча яхши эмас, бироқ ихтирочи уни яхшилаш устида иш олиб бораётганини айтган.

Сирожиддин Насриддинов ўз ихтиросининг нархини 600 доллар дея баҳолаган ва унинг учун патент олган. Ҳозирда у телефон ишлаб чиқарилиши учун сармоядорларни топишга умид қилмоқда.

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ