UzWebiston: Ўзбекистонлик қиз Марсга сафар қилиш орзусида

"Mars One" лойиҳаси гуруҳи қизил планетани бутун инсоният учун фойдали мақсадларда ишғол қилиш имконлари борлиги ҳақида билдирган.

Ҳолландиялик тадбиркор Бас Ландсдорп раҳбарлигидаги лойиҳа ташкилотчилари Марсга бир қанча оловқалб ерликларни олиб бориб, умрбод қолдиришни кўзламоқдалар. Улар Марсни ўзлаштиришлари ва балки ерликларнинг оммавий боришларига тайёрлашлари режаланади.

Марсга саёҳат орзусида ариза топширган ва дастлабки сўровларга жавоб берган 200 минг номзодлар орасидан 1058 киши учинчи, ҳал қилувчи турга ўтганлар. Уларнинг орасида Ўзбекистон фуқароси 27 ёшли Анастасия Степанова ҳам бор.

12news.уз сайти ёзишича, мухбирлар Анастия билан суҳбатлашиб, ундан фазодаги номаълумлик учун Ердаги ажойиб ҳаётдан нега воз кечмоқчи эканлигини сўрашган.

Оммавий ахборот воситаларида "Mars One" ҳақида хабарлар чиққач, бирорта соғлом ақлли одам ортга қайтиш йўли бўлмаган сафарга бориши мумкин эмасдек туюлганди.

Бироқ икки турдан ўтиб келган иштирокчилар билан танишув, бундай хулоса чиқариш нотўғрилигини кўрсатади.

Албатта, борса келмас иштиёқмандлари орасида ғалатироқ одамлар ҳам, ишқибозлар ҳам бор, ва рўйхатдан ўтиш учун 16 долларни аямаганлар орасида омади келса, ўзининг кичик қишлоғидан чиқиб, экипажнинг бўлажак аъзолари 10 йил давомида тайёрланадиган Америкага бориш хаёлидагилар ҳам бор.

Финал тури ҳаммасига аниқлик киритади. Фақат мақсади ҳамма нарсадан устун бўлган ҳақиқий орзумандлар қолишади. Маълум бўлишича, айни замонда бундайлар ҳам кам эмас экан.

"Онам тезроқ бола туғ, кейин ҳеч қаёққа кетишни истамай қоласан, дейди"

Тошкентлик қиз болалигидан фазога учишни орзу қилади. Юлдузлар ва сайёралар оламини унга отаси очган. Улар биргаликда телескоп орқали осмон жисмларини кузатишган, томоша қилишган.

Анастасия Брэдбери, Лема, Стругацкий асарларини ўқиган. Ижтимоий фанларни чуқур ўрганар экан, фазогирликка топширмайди. 16 ёшда Янги Зеландияга бориб, католик мактабни битиради.

Ундан сўнг Москва Университетининг журналистика факултетига кириб, космик журналистикаси бўйича диплом ишини ёқлайди. Айни пайтда Анастасия Сингапур ширкатининг пиар менежери бўлиб ишлайди, лекин ҳали ҳам фазога, олис жисмларга муҳаббати сўнмаган. У ўз хонасини ҳам фазовий кўринишда жиҳозлаган.

Мен учун "Mars One"да қатнашиш- болалик орзуимни рўйёбга чиқаришнинг ягона йўлидир, дейди у. Мен ҳар доим буюк одамларга тенглашишга интилганман, инсоният учун нимадир муҳим нарса қилишни хоҳлайман, деб айтади Настя.

Ҳамма фазогирлар мен учун қаҳрамон, фазога учиш эса аллақандай сирли, шу билан бирга инсонни кучли қиладиган улкан синов.

Ерни фазодан кўриш, кўпчилик тасаввур ҳам қила олмайдиган фазода бўлиш хаёли бутун вужудингни қамраб олади, дейди орзуларга берилган Настя.

"Лойиҳада иштирок этиш учун биринчи турда ўзи ҳақида қизиқарли видеоролик тайёрлаш керак эди. Кейин иштирокчиларга анкета саволлари берилди. "Яқинларингизни ҳеч қачон кўра олмасликка қандай қарайсиз?", "Ҳаётингиздаги энг хавфли вазият?", "Сиз учун қўрқинчли ёки хавфли вазиятда қандай йўл тутасиз?" ва бошқа саволлар бор эди".

Ташкилотчилар иштирокчиларнинг топқирлиги, чидамлилиги, сабр-бардошлиги, юмор ҳисси борлиги, мослашиш ва гуруҳда ишлаш хусусиятларига эътибор беришган.

Кейинги йилда 24 киши олти экипаж учун танлаб олиниб, тайёргарликни бошлашади.

"Танловнинг ҳал қилувчи талаби бу руҳан чидамлиликдир. Синовлардан "ақлдан озиб қолмайдиганлар" керак. Бир неча ой биз фазодаги шароитларга ўхшаш модуллар ичида яшаймиз. Тўрт кишидан, бутунлай ташқи дунёдан узилган ҳолда. Финалистларни тезкор - ҳам жисмонан, ҳам ақлий тайёргарликлар кутади. Физика, кимё, жарроҳлик, боғдорчилик ва бошқа шу каби Марсни ўзлаштиришга керак бўладиган фанларни билиш талаб қилинади. Сўнгра имтиҳонлар қаттиқ тартибда ўтказилади. Тайёргарликлар жойи ҳали айтилмади".

"Биринчи парвоз 2024 йилга режалаштирилган, сўнгра ҳар икки йилда янги экипаж етиб боради. Ҳеч ким қайтиб келмайди, сабаби, ташкилотчилар фикрича Марсгача олис саёҳат давомида инсон организми бутунлай ўзгаради ва Ердаги ҳаётга мослашиши умуман мумкин бўлмай қолади. Лекин асосий муаммо ҳозирча гравитацияни енгиб, Марсгача етиб борадиган ракета яратилган эмас. У ердаги шароит албатта тўғрисини айтганда, жаннатдагидек эмас. Атмосфера ифлос, радиациядан ҳеч қандай ҳимоя йўқ, ҳаво ҳароратининг -143 даражагача тушиб, кескин ўзгариб туриши".

Анастасия тан олишича, ҳали кўп нарса ноаниқ- гуруҳ Марсгача тирик бора оладими, йўқми. "Биз у ерда нимани учратамиз, фойдали қазилмалардан тортиб, ўсимлик ва ҳайвонларнинг кўриниши, хусусияти, одамларнинг ҳаракати ва онгидаги ўзгаришлар. Балки биз ўтмишимиз ва ҳатто келажагимиз ҳақида саволларга жавоб топармиз. Дунё тасодифларга тўла, фазо эса бутунлай ўзгача. Мен Тошкентда қайта қуришни бошдан ўтказиб тирик қолдим, менга энди ҳеч нарса қўрқинчли эмас", деб кулади Анастасия.

У кейинги 10 йилда кўп нарсалар ўзгаришини яхши тушунади, лекин у ҳозир мақсади сари охиригача боришга аҳд қилган: "Қариндошлар билан скайп орқали мулоқот қилиш мумкин, албатта танаффуслар билан...Отам менинг қароримни маъқуллади, онам эса қарши. Онам тезроқ бола туғ, кейин ҳеч қаёққа кетишни истамай қоласан, дейди. Мен оила қуриш имкониятларини инкор этмайман, болам бўлишини хоҳлайман. Ҳозир қарор бериш қийин: қачонки, танлов билан юзма-юз қолмас экансан, ўзингни қандай тутишни билмайсан. Иштирокчилар орасида оилалилари ҳам бор- шунга қарамай улар ҳам болалари ва хотинини Ерда қолдириб, парвоз қилишни хоҳлашади.

Ажаб эмас, 10 йилда фан-техника яна ҳам олдинга силжиб, бизда ҳам қайтиб келиш имкони туғилса. Ким билади: Марсдаги шароит буюкликни уйғотар ва бизнинг ўзимиз қайтиб келиш йўлларини ўйлаб топармиз? Нима бўлганда ҳам, мен ўйлайманки, бу фантастик дунё ва тасаввур қилиб бўлмайдиган синовлар, муҳим миссиянинг бир бўлаги эканлигингни ҳис қилиш, ҳеч ким аввал қилмаган ишга қадам қўйишинг, жанговар руҳни оширади.

Балки "Марсга чиққан биринчи ватандошимиз" бўлиш насиб қиладиган қиз шундай дейди: "Мен ўзимга ваъда бердим, тўй олди бўлажак қаллиғим билан Тошкент, Бухоро, Самарқандга саёҳат қиламиз. У мен қаерда туғилганимни кўриб, мени, томирларимни яхшироқ тушунишини хоҳлайман".

"Фазога қизиқиш эраси қайтади"

"Mars One" сабаб, Настя ўз орзуларидан ҳеч қачон қайтмаслик кераклигига амин бўлди. "Биз улғайгач, кўпинча нимани хоҳлаганимиз, орзу қилганимизни унутамиз. Бу болалик хаёллари деб қўямиз. Лекин бундай эмас, қалбга қулоқ солиш керак, ҳаёт эса албатта имконият беради. Ҳатто мен охирги турга ўтолмаган тақдиримда ҳам, ушбу лойиҳа менга кўп нарса берди. Мен қизиқарли, нурли одамлар билан танишдим: олимлар, ташаббускорлар, фазони севганлар билан. "Сколково" инновацион марказида ишлайдиган италиялик фазо муҳандиси билан танишдим. Унда ракеталар учун янги двигател яратиш ғоялари бор. Биз уни рўёбга чиқаришга ҳаракат қиляпмиз. Балки бу фан учун катта янгилик бўлиши мумкин. Мен ўзим учун бу нарсаларга боғлиқ бўлмаган янги дунёни очдим: қуруқ хабарлар, сиёсатчилар, ижтимоий тармоқлардаги зерикарли постлар, уларни кўриб компютерни ташлаб юборгинг келади".

Бутун дунёда амбицияли Mars Oneга нисбатан танқидий фикрлар янграмоқда: техник амалга ошириш имкони ва молиявий жиҳатдан тайёрлик, шунингдек иштирокчилар ва ташкилотчиларнинг масалага қанчалик жиддий ёндашгани савол остига олинмоқда.

Маълумки, астронавтларнинг тайёргарлик жараёнида реалити-шоу қилинади, транслациядан тушган маблағ лойиҳага кетган харажатларнинг бир қисмини қоплаши кутилмоқда. Лекин бунга ҳам шубҳа билан қаралмоқда. Чунки лойиҳанинг ўзи миллиардлаб доллар деганидир.

Хусусан ташкилотчиларнинг ҳаққонийлиги Анастасияда ҳам шубҳа туғдирган: "Ҳеч ким ҳаётини беҳуда нарсага қурбон қилишни хоҳламайди. Ҳамма нарсадан воз кечиш, бир неча йил тайёргарлик, оқибатда лойиҳани амалга ошириш учун маблағ ёки воситалар етишмаслигини билиш. Лекин мен бунинг ҳаммаси шунчаки катта совун кўпиги деб билмайман. Кўп йирик ширкатлар ҳамкорлик қилиш учун шартнома имзолашгани лойиҳанинг салмоғидан дарак беради. Аллақачон лойиҳа фойда келтира бошлади- одамлар Марсга қизиқа бошладилар. Бу айнан, мен ҳар доим қизиқиб келган нарсадир. Яна худди Юрий Гагарин даврида ҳар бир болакай фазогир бўлишни орзу қилганидек, фазога қизиқиш даври бошланмоқда. Бу бутун бир мафкура, "фазовий пойга" бўлган эди".

"Ўшанда фазога биринчи сунъий йўлдош учирилгандан 4 йил ўтиб, фазога инсон чиқди, бу улкан ўзгариш эди. Агар ҳозир шундай ҳаракат билан ишлаб, ўшанча куч ва билим сарфланса, биз кўп нарсага эришамиз".

Шундай савол туғилади: ўзингдаги муаммолар қалашиб ётганда, бегона сайёрани ўзлаштиришга шунча куч ва маблағни совуриш шунчалик муҳимми, деган.

Шунингдек, Марсга оммавий бориб жойлашишлар ҳақида гапирилмоқда. Бошқа сайёрага ўз ташвишларимизни элтмасдан, тинч қўйганимиз яхши эмасми?

"Ўзлаштириш ҳар доим ривожланишга олиб боради",-деб ҳисоблайди Анастасия. Биз фойдаланаётган кўп нарсалар -масалан интернет дастлаб фазони ўрганиш мақсадида яратилган. Терраўзгариш назариясига келсак, ҳамма нарса бўлиши мумкин. Бу бир неча асрлар олиши мумкин, бироқ бу ҳақиқат. Лекин мен бир нарсани билмайман, шу нарса аслида керакми... Мен Марсга ўзим билан Станислав Леманинг Солярис китобини олиб кетмоқчиман. Бу китоб бизни бошқа сайёралар билан ҳамкорлигимиз, мулоқотимиз ҳақида. Бу китоб биз доим ҳақ эмаслигимиз, зарар етказишимиз мумкинлигини эслатиб туради. Бу китоб менга ёрдам беради деб ўйлайман".

Айни пайтда "Mars One"нинг режаси шундай: дастлаб учувчисиз кема Марсга асбоб-ускуналарни олиб боради. Кейин турар жой воситалари, сув ва ҳаво юборилади. Шундан сўнг биринчи тўрт нафар фазогир уй, қуёш батареяси ва бошқа нарсаларни ўрнатиш учун йўл олади. Биз ерликлар эса буни кузатамиз. Настя бу жараёнлар тўлиқ илмий тарзда бўлишига умид қилади. Акс ҳолда у лойиҳада иштирок этишни рад қилмоқчи. "Мен шов-шувни ёқтирмайман. Бунинг орқасидан жуда ҳам кўп ғаразликлар, ёмон нарсалар бор. Биринчи марта менинг қатнашишим аниқ бўлгач, қўнғироқлар, ноўрин саволлар ва изоҳлар бўлганини эслайман. Худди сенинг орзуинг балчиққа топталгандек аччиқ ҳис пайдо бўлганди".

"Мен хоҳламайман, лойиҳада ақлан соғ бўлмаган ҳудкушлар иштирок этяпти, дейишларини. Биз бутунлай соғломмиз ва ҳозир оддий одамлар буюк ишларни яратадиган вақт эканига ишонамиз", дейди Марсга чиқиш орзусидаги ўзбекистонлик қиз.