Арзимни айтай Шавкат Мирзиёевга...

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Бош вазир оддий одамлар арзини тинглашда бошқа амалдорларга ўрнак бўлиши мумкин

"Бош вазир Шавкат Мирзиёев қабулхонасида менинг шикоят ва таклифларимни қабул қилишди ҳамда Бош вазир билан учрашишим ҳал бўлишини айтишди".

Тошкентлик фаол Жаҳонгир Шосалимов сўнгги пайтлари мамлакатдаги турли мансабдорларга қилган тинимсиз мурожаатлари ана шундай умидли натижа бераётганини урғулайди.

Аввалроқ, пойтахтнинг Учтепа тумани ҳокимига учрашган ҳуқуқ фаоли мулозим унга оғзаки таҳдид қилганини ҳам билдирганди.

Бироқ эндиликда шаҳар ҳокими ва Олий Мажлис депутати ҳам у билан учрашган ва мулойимлик билан қабул қилишган. Кўтарган муаммоларидан эса "Президент Каримовнинг бехабарлигини" айтишган.

Жаноб Шосалимов, асосан, маошлар камлиги ва кексалар ўз нафақаларининг фақат муайян қисмини қўлларига олишаётганидан шикоят қилади.

"Энг кам иш ҳақи 97 минг сўм (33 АҚШ доллари атрофида - таҳририят) қилиб белгиланиши инсонни таҳқирлайди, ахир" - дейди ҳуқуқбон.

"Президент Девони эса ахлоқсизлик қилиб, шикоят, хат ва арзларни президентга етказмайди".

Жаноб Шосалимовга кўра, у ўз бошига тушганлари ҳақида кўп жойларда ёзгани ва гапиргани учун ҳам арзларини тинглашаётгани эҳтимоли йўқ эмас.

"Оддий одамлар борса, дўқ қилиб, сўкиб, ҳайдаб солишлари ҳеч нарса эмас" - дейди у.

Айни дамда, Украинада кечаётган ҳодисалар ҳам ўзбек амалдорларига таъсир этаётганини назардан соқит қилмайди.

Ўзбекистон ўзгармоқдами?

"Украинадаги воқеалар ва Ўзбекистонда сайлов яқинлашаётгани боис амалдорлар кутиб ўтиришибди" - дейди Жаҳонгир Шосалимов.

"Ўзбекистонда оддий одамлар ҳокимларга, ҳокимлар вазирларга, депутатлар эса президентга гап қайтара олишмайди" - давом этади ўзбек фаоли.

"Аммо ҳозир сиёсий вазият ўзгараётганини ҳамма сезиб турибди".

Ўзбекистон мансабдорлари оддий одамларга ёки қўл остидагиларга ўта қўпол равишда, ҳатто ҳақорат ё калтак билан муносабат қилиши ҳақида мустақил журналистлар ҳамда ҳуқуқ фаоллари кўп гапиришади.

Ўтган мустақиллик йилларида кенг ёйилган ва ўрта асрларга хос бўлган бундайин зўравон бошқариш усули мамлакатнинг аксар ҳудудлари бўйлаб ёйилгани кўп бора айтилмоқда.

Қолаверса, Ўзбекистондла ўз дардини айтган оддий одамга нафақат қўпол муносабат қилинади, балки қатор ўзбеклар ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилгани учун қатағон ё қамоққа гирифтор бўладилар.

Аммо Жаҳонгир Шосалимовнинг билдиришича, кейинги пайтларда ўзбек амалдорлари иш усулига хос бўлган қўполлик йўқола бошламоқда.

Лекин фаолнинг ўзи қачон Бош вазир Шавкат Мирзиёев уни қабул қилишини ҳали аниқ билмайди.

Шунингдек, қабул қилганда ҳам шикоят ва таклифларига қанчалик қулоқ солишлари ҳам номаълум.

Бу мавзуда батафсилроқ