Милиция машинаси босиб кетган оиланинг яна бир аъзоси вафот этган

Дастлаб Фейсбукдаги "Тошкент ҳайдовчилари" гуруҳи тарқатган маълумотга кўра, 23 апрель куни кечқурун соат 9 лар атрофида Тошкент милициясининг машинаси Чилонзорда 33 ёшли Дмитрий Курбатов, унинг синглиси 25 ёшли Людмила Горбанова ва унинг беш ёшли қизи Кристинани босиб кетган, қизча ўша пайтда ўлган.

Фесбукда ёзилишича, оғир жароҳатланган, бўйраги, талоғи олиб ташланган, икки оёғи ёпиқ синган Дмитрий икки кун олдин вафот этган.

Дмитрийнинг холаси Надежда Земскованинг айтишича, Дмитрий кўп қон йўқотиш натижасида вафот этган.

Лекин ҳали ҳам милиция ходимларининг кимлиги жабрланганларнинг оиласига айтилмаган.

Ҳозирда икки милиция ходими тергов изоляторида сақланаётгани айтилмоқда.

Қизиғи шундаки, ижтимоий тармоқларда ва пойтахтда катта шов-шувга сабаб бўлган ва муҳокамаси давом этаётган воқеа ҳақида Ўзбекистон расмий ахборот нашрлари ҳеч нарса ёзмаган.

Жабрланганларнинг яқинлари билан боғланган Узнюс.нет сайтига кўра, касалхонадаги Горбанованинг палатасига суриштирув ходимлари тартибга зид равишда ярим тунда келиб, сўров ўтказишган.

Мазкур ҳодиса юзасидан Тошкент Давлат Автомобил назорати бошқармасига боғланганимизда, биз билан гаплашган ходим ҳодисани тасдиқлади, бироқ иш билан Ички Ишлар бошқармаси тергов бўлими шуғулланишини айтиб, жавоб беришни истамади.

Тошкент шаҳар Ички Ишлар бошқармасидан ҳам саволимизга жавоб ололмодик.

Яқинларига асосланиб хабар тарқатган "Тошкент ҳайдовчилари" га кўра, ҳалок бўлган 5 ёшли қизалоқнинг онаси етти ойлик ҳомиласи бўлган Людмила Горбанованинг аҳволи яхшиланяпти.

Олдинроқ ижтимоий тармоқда жабрланганлар учун пул йиғила бошланган. Икки кунда 1 миллион 300 минг сўм, яъни 430 долларга яқин маблағ тўпланган.

Аксарият интернет фойдаланувчилар фожеага сабабчи милиция ходимлари жазодан қутулиб қолишидан хавотир билдирганлар.

"Халқ хизматчиларига жазо бериладими?- деб ёзади бири.

Ўйлайманки, халқ хизматчилари тўлиқ жазосини олади, дейди бошқаси.

Янгиликларда ҳамма ёқ тинчлигига қараганда, уларга бало ҳам урмайди. Қанақасига булар қонун ҳимоячилари,уларни жазолаш керак, дейилади яна бир изоҳда.

Одамлар милиция машиналари жуда тезликда юриши, болалар ўйнаётган маҳалла кўчаларидан ҳам учиб ўтиб кетишидан норози бўлишган.

Davron Abdullaev деган фойдаланувчининг ёзишича, милиция ходимларига қандай жазо берилгани ва яқинларидан айрилган оилага моддий ёрдам берилганини аниқлаш учун петиция ўтказилиши керак.

Мазкур воқеа ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилиниб, шов-шувга сабаб бўлгани туфайли Ички Ишлар вазири Адҳам Аҳмадбоев ҳодисани текширишни ўз назоратига олгани айтилади.