Гулнора Каримованинг мактуби Ўзбекистондаги воқеликни ёритмоқдами?

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Uznews.net вебсаҳифасининг маълум қилишича Ўзбекистон Президентининг қизи Гулнора Каримовадан навбатдаги мактуб қўлларига келиб тушган.

Яқин-яқинларгача ўз отасининг сиёсий меросхўри сифатида кўриб келинган Гулнора Каримова шу йил бошларидан бери қизи Имон билан бирга ташқи дунёдан иҳоталаб қўйилгани айтилади.

Аввалроқ унга нисбатан "Телиасонера" мобил телефон ширкати билан олди бердиси асосида икки мамлакат - Швеция ва Швецарияда жиноий иш очилиб, унга алоқадор кўрилган банкдаги ҳисоблари музлатилиб, хориждаги кўчмас мулкларига рейд ўтказилганди.

Ташқи дунёдан ажратиб қўйилган Гулнора Каримовадан бу мактуб Uznews.netга қандай қилиб етиб келди ва не қадар ишончли?

Бу ҳақда вебсаҳифа муҳаррири Галима Бухарбаева билан суҳбатлашдик:

Галима Бухарбаева: Гулнора Каримовани уй қамоғида ушлаб турганлари айтила бошлаганидан сўнг уни бориб кўришга, ё-да уни кўришга муваффақ бўлганлар билан учрашиш имконига эга бўлган бир манба бизда пайдо бўлди. Бу манба биз билан алоқа ўрнатди ва менимча, ишонч билан айта оламизки бу манба ҳақиқий. Чунки бу муддат мобайнида мен шахсан Гулнора Каримова билан SMS орқали мулоқот қилишга муваффақ бўлдим ва унинг ўзи бу манбани тилга олган. Шунинг учун бу мактубнинг ҳақиқий эканлиги ҳақида менда шубҳа йўқ. Бошқа томондан бу мактубнинг ёзилиш усули ҳам унинг қаламига тегишли эканлигини кўрсатади. Бундан аввал олган икки мактубимизни кейинчалик унинг ўзидан тасдиқлатиб олгандик, бу галгиси ҳақида ҳали тасдиқ олмаган бўлсак ҳам...

Би-би-си: Журналистик нуқтаи назардан бу мактуб бирон қизиқиш уйғотадими? Бирон янгилик ёки ҳодисага ёруғлик ташлайдими?

Галима Бухарбаева: Ўзбекистондаги тизим тоталитар бўлгани учун кўп вақт мобайнида раҳбар доираларда нималар бўлаётганлиги борасида ҳеч нима маълум эмас эди. Ҳозирда Гулнора, унинг отаси ва тузум орасида рўй берган можаро у ерда ҳамма нарса ҳам силлиқ кетмаётгани ва мафиясифат "орани очиқ қилиб олиш"лар рўй бераётганлигини кўрсатмоқда. Фикримча, бу мактублар кейинчалик ҳатто тарихий аҳамият касб этиши мумкин. Чунки бу мактублар Ўзбекистонни ҳозирда бошқараётганларнинг аҳлоқи ва қандай мақсадларни кўзлаётганликларини кўрсатади. Бу мактублар озгина бўлса ҳам бизга раҳбар доиралар ҳаётига кичиккина бўлса ҳам дарча очишга имкон бермоқда. Албатта Гулнора Каримова ўз қилмишлари ҳақида бу мактубларда оғиз очмаяпти, лекин бошқаларнинг қилмишларини айтиб беряпти. Масалан Миллий Хавфсизлик Хизмати ичидаги ходимларни тилга олиб, уларнинг бировларни уриб, калтаклаб юрганлари ҳақида гапираяпти.

Би-би-си: Лекин у келтираётган исмларнинг кўплари номаълум, кимлиги аниқ айтилмаган, ҳодисалар ҳам бир бирига боғлиқ эмас. Бу каби ёндошув Ўзбекистонда айнан нималар рўй бераётганлиги ҳақида аниқ тасаввур уйғота олмайди, шундайми? Исмларни айтса, фамилиясини келтирмайди, фамилиясини айтса вазифасини эслатмайди. Бир ҳодисадан бошқасига кўчади. Боғлиқлик йўқ. Буни атайлаб қиляпти, ҳодисаларни тўлиқ очмоқчи эмас, дея айта оламизми?

Галима Бухарбаева: Ҳа, бир томондан бу мактублар ўлда-жўлда йўлда ёзилган. Фикримча, Гулнорада ҳодисалар ва шахслар ҳақида очиқ ёзиш иштиёқи бор. Лекин бунга уқув етишмаяпти. Қандай қилиб ёзиш кераклигини билмайди. Менимча, бу унинг маълумотни қандай қилиб етказиш кераклигини билмаганидан бўлмоқда.

Би-би-си: Лекин у аниқ тилга олган ҳодисаларни ҳам бошқа манбалардан текширишнинг иложи йўқ шундайми? Масалан, Ўш қонли ҳодисалари вақтида Ўзбекистонга Қирғизистондан юк машиналарида моллар ташиш тўхтамагани ҳақида ва бунга масъул шахслар ҳақида...

Галима Бухарбаева: Ўш қонли ҳодисалари вақтида моллар ташиш тўхтамаганлигини тахмин қилишимиз мумкин ва балким бу ҳолат ҳақиқатан ҳам уни даҳшатга солгандир. Балким раҳбар доиралардаги шахсларнинг ҳам аҳлоқсизлигига чегара бордир... Албатта "Абу Саҳий" ширкати учун моллар ташиш тўхтамаганлигини тасдиқлаш қийин. Хуллас, бу мактуб Ўзбекистонни мафиясифат бир оила бошқараётгани, яъни "хоҳлаганингча ўғирла, мен бу ердан оламан, сен у ердан, лекин менинг соҳамга суқилма" усулида иш юритилаётганлигини яна бир бор кўрсатувчи далилдир. Бундан ташқари бу шунчаки бошқарувчи оила аъзолари ўртасидаги борди келди эмас, қудрат учун ашаддий кураш кетаётганининг далили ҳамдир.

Би-би-си: Лекин Каримова хоним унинг ўзига нисбатан халқаро саҳнада янграётган айбловлардан биронтасини тилга олмаган, шундайми?

Галима Бухарбаева: Йўқ, шунинг учун биз унга бу борада қўшимча саволлар юборгандик. Шу сабабли мактуб қўлимизга 18- апрел куни келиб тушганига қарамай, унинг тарғиботчисига айланиб қолмаслик учун қўшимча саволларни жўнатиб, шу вақтгача кутдик. Лекин манбамизнинг айтишича у билан боғланиш имкони ҳозирча йўқ. У саволларга жавоб беришдан бош олиб қочаяптими ёки ҳақиқатан ҳам боғланиш имкони йўқми, буниси бизга қоронғу ва биз ўз саволларимизни келтириш билан бирга мактубни чоп этдик.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002.

Бу мавзуда батафсилроқ