Ҳоким: Ҳар бир мағлубиятдан кейин бир нафар футболчи билан хайрлашамиз

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

“Нефтчи” футбол клубининг раисини алмаштирган Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев раҳбарият ва футболчиларни шу тарзда огоҳлантирган. Бу хабарни чоп этган клуб расмий веб саҳифаси ижтимоий тармоқлардаги муҳокамалардан сўнг ҳокимнинг сўзларини сайтдан ўчириб ташлади.

“Нефтчи” клубининг Олий лига чемпионатида мувафаққиятсиз иштироки ва клуб раҳбарияти устидан ёзилган танқидий мақолалардан сўнг раҳбариятда ўзгаришлар бўлди.

Янги раисни тайинлашда шахсан иштирок этган вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев “Нефтчи” кутилган натижани қайд эта олмагани учун ҳам жамоада ўзгариш амалга оширишга қарор қилинганини билдирган ва раҳбарият ҳамда футболчиларни жиддий огоҳлантирган.

“Сизларни огоҳлантириб айтишим мумкинки, бу ёғига жиддий чоралар кўрилади. Ҳар бир мағлубиятдан кейин бир нафар футболчи билан хайрлашамиз”, - деган вилоят ҳокими.

Вилоят ҳокимининг сўзлари твиттер ижтимоий тармоғида футбол мухлисларининг кинояли кулгиларига сабаб бўлган.

Твиттер фойдаланувчиларидан бири, ҳоким бунақа гапларни айтавериши одатий ҳоллигини, лекин журналист бу гапларни матбуотга чиқармаслиги кераклигини ёзган.

Орадан бир неча кун ўтгандан сўнг вилоят ҳокимининг мағлубиятдан сўнг футболчиларни бирма бир жамоадан ҳайдаш тўғрисидаги гапи клуб сайтидан олиб ташланди. Бироқ ушбу хабарни “Нефтчи” клуби веб саҳифасидан кўчирган бошқа сайтларда бу гаплар ҳамон турганини кўриш мумкин.

5 карра Ўзбекистон чемпиони ва 9 марта кумуш медаль соҳиби “Нефтчи” клуби ҳозир 6 ўйиндан 3 очко тўплаган ҳолда 12 ўринда кетмоқда.

Жамоани 27 йил бошқарган тажрибали мураббий Юрий Саркисян 2013 йили кутилмаганда истеъфога чиқарилган. Саркисян жанобларига нима сабабдан истеъфога чиқарилганини билдиришмаганини ва меҳнатини қадрлашмагани алам қилганини айтганди.

Ўзбекистонда давлат органи раҳбарларининг ва давлат сиёсатининг футболга аралашиши одатий ҳол эканлиги айтилади.

Чунки вилоятлардаги клубларнинг асосий ҳомийси вилоят ҳокимияти ёки давлатга тегишли корхоналар ташкил қилади.

Иқтисодий аҳволнинг ночорлиги сабаб айрим клуб футболчилари анча вақтдан бери маош олмасдан футбол ўйнашга мажбур қолаётганини билдирилган.

Теримчи футболчилар

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption "Нефтчи" ҳужумчиси Павел Смоляченко пахта даласида. 2013 йил.

Футбол соҳасида мутахассис бўлмаган амалдорларнинг футболга аралашиши ғалати ҳолатларни пайдо қилган.

2013 йили талабалар ва давлат бюджетидан маош олиб ишловчи қатлам билан бирга футбол соҳасидаги ходимларнинг ҳам пахта теримига жалб қилиш ҳолати учраган.

ФИФА агенти Санъат Шариповнинг 2013 йил 7 октябрда твиттерга жойлаган расмида “Нефтчи” аъзоси Павел Смолченконинг пахта тераётган ҳолати акс этган.

Санъат Шарипов 7 октябрдан бошлаб бутун “Нефтчи” клуби пахта теримига чиққанини ёзганди.

Паха теримига Ўзбекистон Футбол Федерациясининг ходимлари ҳам жалб қилинган.

Федерация матбуот котиби хорижга хизмат сафари билан чиқиши кераклиги, лекин пахтага чиқишга тўғри келаётганини твиттерда ёзганди.

Азизлар, Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002.

Your contact details
Disclaimer