Амнести Интернешнл ўзбекистонлик қочқин тақдиридан хавотирда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Халқаро Амнести Интернешнл ташкилоти чиқарган баёнотга кўра, Россиядаги ўзбекистонлик қочқин Умид Ёқубов номаълум кишилар томонидан ўғирлаб кетилган.

БМТнинг расман қочқинлик мақомига эга Умид Ёқубов 29 апрел тушдан кейин Москвада БМТнинг қочқинлар иши бўйича комиссарлиги биносига интервюга бораётган пайти ушлаб кетилган.

Ёқубов у ерда ўзини Россиядан бошқа бирор хавфсизроқ давлатга кўчирилишини муҳокама қилиш кетаётган бўлган.

Маълумотларда айтилишича, полиция ва яна икки формасиз киши у ўтирган машинани тўхтатиб, ҳайдовчи ҳужжатларини текширган. Сўнгра Умид Ёқубовни машинадан куч билан тушириб, бошқа ёққа олиб кетишган.

Умид Ёқубовнинг шериги унинг мобил телефонига тушолмаётганини айтган. Ҳуқуқ фаоллари Умид махсус хизматлар томонидан ўғирланиб, Ўзбекистонга мажбуран юборилиши ёки аллақачон олиб кетилган бўлишидан хавотирдалар.

Умид Ёқубов ушланган куни Москвадан Тошкентга тўғридан-тўғри рейс бўлган.

Москвадаги ҳуқуқ фаоли Баҳром Ҳамроев Умид Ёқубов Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизматлари томонидан ўғирланганига шубҳа йўқ, дейди Би-би-си билан суҳбатда.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Қийноқлар таҳдиди

Умид Ёқубов хавфсизлик ходимларининг тинимсиз таъқиблари ортидан 2008 йил Ўзбекистондан Беларусга, сўнгра 2009 йил май ойида Россияга ўтади. 2010 йил сентябрда БМТ қочқинлар иши бўйича комиссарлигидан халқаро ҳимояга муҳтож қочқин мақомини олади.

Исломни ўрганиб, масжидга қатнай бошлаган Умид Ёқубов дастлаб 1999 йилда, ўзининг қўшниси уни тақиқланган исломий "Ҳизб-ут таҳрир" ташкилоти аъзоси бўлиши мумкин, деб милицияга хабар берганидан сўнг Тошкентда ҳибсга олинади. Бундан кейин ҳам Умид Ёқубов Ўзбекистонни тарк этишидан олдин бир неча бор ҳибсга олинади ва ҳар сафар қаттиқ қийноқларга тутилади. Ушбу қийноқлар натижасида Умиднинг умуртқа поғонаси жароҳатланган, бўйраги, боши ва белида муаммолар пайдо бўлган.

2010 йил февралда Оврўпо маҳкамаси Россия ҳукуматидан Умид Ёқубовни Ўзбекистонга экстрадиция этилмаслиги лозимлигини айтган.

2011 йил ноябрда Оврўпо маҳкамаси чиқарган қарорда Россия Умидни Ўзбекистонга қайтарса, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш Оврўпо конвенциясининг қийноқларга қарши учинчи банди бузилиши эканини билдирган.

Amnesty International ўз баёнотида Россия ҳукуматидан Умид Ёқубовни топиш бўйича зудликда қидирувни бошлаш, унинг турар жойини аниқлаш ва хавфсизлигини таъминлашга чақиради.

Шунингдек, Россиядан инсон ҳуқуқлари бўйича зиммасидаги халқаро вазифаларни бажариш, қочқинни депортация қилмасликни талаб қилади. Акс ҳолда Умид Ёқубов ватанида қийноқларга тутилиши мумкинлигидан хавотир билдиради.

Умид Ёқубов Ўзбекистонда тақиқланган экстремистик диний ташкилотга аъзолик ва мамлакатдан ноқонуний чиқиб кетишда айбланади.

Amnesty International Ўзбекистон мустақил бўлгандан буён мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари билан вазиятни диққат билан кузатиб келади.

Ташкилот чиқарган ҳужжатларга биноан, Ўзбекистондаги минглаб мусулмонлар адолатсиз маҳкама орқали тақиқланган диний ташкилотларга аъзоликда айбланиб қамалганлар.

Amnesty International ҳукуматнинг босимларидан қочиб чиққан юзлаб инсонларнинг терроризмга қарши кураш номи билан қўшни мамлакатлардан қайтариб олиб кетилишидан хавотир изҳор этган.