Ўзбекистонда заём топширишни истовчилар узун навбат ҳосил қилган

  • 6 Май 2014

Би-би-сига маълум бўлишича, 1992 йилги заёмларни қабул қилаётган Халқ банки бўлимларида минглаб одамлар навбатга ёзилган. Заёмлар 1 июлгача қабул қилинади. Бироқ ушбу заёмларнинг индексация қиймати маълум қилинмаган.

Ижтимолий тармоқларда мижозлар навбатга ёзилишиш учун навбатга туришга тўғри келаётганини ёзган.

Халқ банкининг Андижон шаҳар бўлими ходими навбатда турганларнинг кўплигини тасдиқлади.

“Ҳозир рўйхат 7 мингга етиб қолди, 3 минггача ёзилган одамларнинг навбати келиб қолди. Бир кунда ошиб борса 100 та одамдан қабул қилаяпти”, - дейди банк ходими.

Заём топшириш учун узун навбатнинг юзага келганини Халқ банкининг бошқа вилоятдаги бўлимлари ҳам тасдиқлади.

Ушбу заёмларга қанчадан ўзбек сўми берилиши ҳали номаълум. Заёмларнинг индекция қиймати 1 августдан маълум бўлиши айтилмоқда.

Ҳукумат 1992 йилги 12 фоизлик ютуқли заёмларни аҳолидан 1 апрелдан 1 июлгача қабул қилинишини билдирган эди.

Ўзбекистон расмийлари қанча ўзбекистонликнинг қанча маблағи бу заёмларнинг сотилгани натижасида давлат бюджетига тушгани ҳақида маълумот тарқатмаган.

Тошкентдан иқтисодчи Виктор Ивонин 1992 йилдаги давлат заёмлари мажбур қолганликдан чиқарилганини ва одамларни бир кунда пулсиз қолдирганини айтади.

“У вақтда ҳали Совет иттифоқи бор эди. Москвадан совет заёмлари амал қилмаслигини айтишди. Бу ҳақда молия вазирлиги шанба куни билган, халққа пулсиз қолаётганини қандай тушунтириш учун душанбагача ўйлашган”, - дейди Виктор Ивонин.

Ўзбекистон ҳукумати совет заёмларини ўзбек заёмларига ўзгартирди ва музлатиб қўйди. Чунки ўша вақти давлат ғазнасида одамларга бериш учун етарли маблағ бўлмаган.

Ушбу заёмларнинг амал қилиш муддати 2014 йилнинг 1 июлигача қилиб белгиланган.

Заём эгаларининг билдиришича, ўша вақтида 8 минг сўмга жигули машинасини олиш мумкин бўлган. Одамларнинг эса банкларда минглаб сўмлари қолиб кетган.

Иқтисодчи Виктор Ивонинга кўра, ҳукумат ушбу заёмларни қабул қилишни бошлаган бўлса, одамларга бериш учун етарли маблағга эга бўлиши мумкин.

“Демак, қандайдир молиявий манбасини топишган, бўлмаса қабул қиламиз, деб эълон қилишмасди. Шунчаки, пулни тарқатиб юборишмайди. Аввал ушбу пулларни қаердан олиш мумкинлиги аниқланади. Кейин одамларнинг ҳалол ишлаб топган пуллари қайтарилишини айтишади”, - дейди Виктор Ивонин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ