Ўзбек-Афғон чегарасида мингдан ошиқ вагон тўпланиб қолган

Image caption Ўзбекистон қурган Афғонистондаги ягона темир йўл имконлари ҳали катта эмас

Ўзбекистон Афғонистонга темир йўл орқали ўтадиган нефт маҳсулотларининг оқимини камайтиради. “Ўзбекистон темир йўллари” ширкати хабарида айтилишича, бундай қарорга келишга афғон томонининг юкларни қабул қилиб олишда улгурмаётгани сабаб бўлган. Натижада икки томонда 1 200 дан ортиқ вагон тўпланиб қолган.

“Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик темир йўл компанияси хабарида билдирилишича, 2014 йилнинг апрель ойидан бошлаб МДҲ давлатларидан Афғонистонга юбориладиган қайта ишланган нефт махсулотлари ортилган вагонлар сони кескин ортган.

Бир суткада 30 цистерна ёки 1,5 минг тонна нефт маҳсулотлари ортилган вагон чегарадан ўтказилмоқда.

Бироқ Афғонистоннинг темир йўл станциялари ва юк қабул қилиш нуқталаридаги шароитлар бу каби катта юкни ўз вақтида қабул қилиб олиш имконини бермайди.

Компания хабарида айтилишича, юкни қабул қилиб олувчилар ичида Афғонистонда нефт маҳсулотларининг нархи кўтарилгунча уни вагонларда сақлашни афзал билаётган ҳолатлар ҳам учрамоқда.

Натижада, 5 майгача бўлган ҳолатда Афғонистонда 783 цистерна ва Ўзбекистон томонида эса 421 цистерна нефт маҳсулотлари тўпланиб қолган.

“Ўзбекистон темир йўллари” ширкати юзага келган ҳолатдан ўз хавотирларини билдирган.

Иссиқ об-ҳаво хавфи

Об-ҳавонинг кескин исиб кетиши оқибатида цистерналарда босим кўпаяди. Бу ўз навбатида юкнинг циестернадан ташқарига сизишига ва сачрашига олиб келиши мумкин.

“Нефт маҳсулотлари ортилган цистерналарнинг тўпланиб қолган жойларида олов ва ҳаттоки портлаш хавфи келиб чиқиши мумкин”, - дейилади ширкат хабарида.

Давлат тузилмаларида нефт ва газ соҳасида бир неча йил ишлаган иқтисодчи Анвар Ҳусаинов Афғонистонда бу борада давлат органлари яхши ишламаслиги ва мунтазам тизим шаклланмаганлиги сабаб вагонларнинг тўпланиб қолиш ҳоллари кўп бўлаётганини айтади.

“Афғон томонида ҳали тартиб йўқ. Йирик тижорат тизимлари йўқ. Келган маҳсулотларни катта катта хусусий юк машиналарининг эгалари олади, асосан. Давлат тизимлари йўқ, нефт маҳсулотлари билан шуғулланадиган тижорат корхоналари йўқлиги сабаб бу нарса билан юзлаб ва минглаб хусусий тадбиркорлар шуғулланади”, - дейди Анвар Ҳусаинов.

Иқтисодчининг айтишича, толибон давридан олдин Ўзбекистон орқали Афғонистонга бир кунда ўртача 2,5 минг тонна нефт маҳсулотлари ўтиб турган.

Бироқ кейинчалик шароитларнинг йўқлиги сабаб ушбу кўрсатгич тушиб кетган.

Афғонистон иқтисоди ривожланаркан нефт маҳсулотларига талаб яна ортиб бораётгани таъкидланади. Афғонистоннинг шимолий томонидан юк етказиш бўйича ҳозир Ўзбекистонга Туркманистон ҳам рақобат қилаётгани ва ушбу давлатдан ҳам нефт маҳсулотлари олиб ўтилаётгани айтилади.

Агар Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасида юкларни ўтказиш ва уларни қабул қилиб олиш тўғри йўлга қўйилса бир кеча кундузда 100 цистерна ёки 5 минг тонна қайта ишланган нефт маҳсулотларини ўтказиш имконияти борлиги таъкидланади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002