Нима учун "Боко Ҳарам" Нигерия давлатига қарши уруш очди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption "Боко Ҳарам" раҳбари Абу Бакр Шекау мактаб ўқувчиларини "Аллоҳ учун" ўғирлаганини айтади.

Аҳоли сони бўйича Африканинг энг йирик мамлакати Нигерияда "Боко Ҳарам" қуролли гуруҳи ҳукуматни ағдариб, Исломий давлат қуришни ўзига мақсад қилган.

Суиқасдлар ва бомба ҳужумлари билан Нигерияда нотинчлик уйғотаётган ушбу гуруҳ энди одам ўғирлаш йўлига ўтган.

Унинг тарафдорлари Қуръони Каримнинг “Моида” сураси 44 оятидан илҳом олишлари айтилади.

"Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган Дин билан ҳукм қилмас экан, бас, улар кофирлардир".

"Боко Ҳарам" Ғарбга боғлиқ ҳар қандай сиёсий ёки ижтимоий фаолиятни мусулмонларга "ҳаром" деб билади.

Ман этилган фаолиятлар жумласига сайловларда овоз бериш, кўйлак ва шим кийиш ё бўлмаса дунёвий таълим олиш киради.

"Боко Ҳарам" Нигерияни кофирлар идора этувчи давлат деб ҳисоблайди.

Би-би-си Ҳауса хизмати муҳаррири Мансур Лиман яқинда Нигерия пойтахти Абужага сафар қилган.

Би-би-си Ўзбек Хизмати у билан боғланиб, энг аввало "Боко Ҳарам" ташкилоти нима исташи билан қизиқди:

Мансур Лиман: "Боко Ҳарам" Нигерияда шариат қонунларини таъсис этишни истайди. Ушбу ифротий гуруҳ ўз мақсадига куч билан эришишига ишонади. Улар Нигерия ҳукуматига қарши қуролли кураш йўлини танлашган. Улар, шунингдек, Нигерия халқига ҳам қарши уруш очганлар. Чунки, "Боко Ҳарам" Нигерия аҳолисини ҳам ҳукумат билан бир сафда деб билади. Ҳауса тилидан таржима қилинганда "Боко Ҳарам" - "Ғарб маорифи ҳаромдир", деган маънони билдиради. Шунинг учун улар Нигерияда кўплаб мактабларни вайрон қилишган, кўплаб талабаларни ҳалок этишган. Май ойи бошида эса 200 дан зиёд ўқувчи қизларини улар якуний имтиҳонларга тайёргарлик кўраётган пайтда мактабдан ўғирлаб кетишди.

Би-би-си: Жаноб Лиман, "Бок Ҳарам" имкониятлари ҳақида нима дея оласиз? Бу гуруҳ қанчалик хавфли бўлиши мумкин?

Мансур Лиман: "Боко Ҳарам" ўзининг ўта хавфли гуруҳ эканини амалда исботлаган. Унга қарши кураш муттасил олиб борилмас экан, "Боко Ҳарам" Нигерия шимоли-шарқидаги йирик ҳудудларни босиб олиш қудратига эга. Ҳозирда "Боко Ҳарам" мавжуд ҳудудларда фавқулодда ҳолат жорий этилган бўлса-да, гуруҳ ҳамон қуролли ҳужумлар содир этишга муваффақ бўлмоқда. Нигерия армияси ҳозирда, ушбу гуруҳни йўқ қилиш бир ёқда турсин, у назорат қилган ҳудудларга бориш, ё бўлмаса, унинг таъминотини узиб қўйишга қурби етмаётир.

Би-би-си: Жаноб Лиман, бу гуруҳни ким молиялайди? Ким ҳарбий жиҳозлар билан таъминлаб туради?

Мансур Лиман: Ҳозирча бу гуруҳ қаердан молияланаётгани ҳақида аниқ бир гапни айтиш қийин. Аммо, бизга маълум бўлгани шуки, аввал бошда ушбу гуруҳ банкларни тулашган, Нигерия шимолидаги банклардан миллионлаб Найра (Нигерия пул бирлиги - Би-би-си изоҳи) ўмаришган. Гуруҳ, шунингдек, ҳарбий баракларга ҳужумлар қилган. Улар намойишга қўйган видеоларда қандай қилиб ҳарбий бўлинмалардан оғир қуроллар олиб кетилаётгани кўрсатилади. Бундан ташқари гуруҳ қуроллилари полиция бўлинмаларига ҳам ҳужум қилиб, у ерлардан қурол-яроқ ва автоуловларни олиб кетишган. Аммо, гуруҳ молиявий ёрдами қаердан келишини биз аниқ билмаймиз.

Би-би-си: Гуруҳнинг аниқ аъзолари рақамини биламизми?

Мансур Лиман: Ҳозирда унинг аниқ рақамини билмаймиз. Аммо, гуруҳ аъзолари минглаб эмас, юзлаб нафарни ташкил этса керак.

Би-би-си: "Боко Ҳарам"нинг Нигерия ташқарисидаги жиҳодий гуруҳлар билан алоқалари борасида нималар маълум бизга?

Мансур Лиман: Умуман олганда, жиҳодий гуруҳлар ҳақида гап борганда, ҳамма нарса бориб гуруҳлар ғоясига бориб тақалади. "Боко Ҳарам" бошқа халқаро қуролли гуруҳлар билан ўхшаш ғояга эга. Аммо, гуруҳнинг бошқа гуруҳлар билан тўғридан-тўғри муносабатлар ўрнатгани ҳозирга қадар аниқлангани йўқ. Бошқа қуролли Исломий гуруҳлар фаолиятига назар ташласангиз, улар ўзлари назорати остидаги минтақаларда мактабларни ёқишмайди ёки ўқувчиларни гаровга олишмайди. Лекин, "Боко Ҳарам" ўзи фаол бўлган ҳудудларда мактбаларни беркитиш, ўқувчи ва ўқитувчиларни ўлдириш билан шуғулланади.

Би-би-си: Жаноб Лиман, "Боко Ҳарам"нинг "ал-Қоида" тармоғи билан алоқага эгами?

Мансур Лиман: Ҳозирча бу ҳақда бир нарса дейиш қийин. Бугунгача улар чиқиб, "ал-Қоида" билан алоқа ўрнатдик, деганлари йўқ. Аммо, улар авваллари "ал-Қоида" билан маълумот алмашгани ёки машғулот олганлари ҳақида гумонлар бор. "Боко Ҳарам" "ал-Қоида" билан тўғридан-тўғри алоқаларга эга, деб ишонч билан айта олмаймиз. Бироқ, иккала гуруҳнинг ҳам мақсади бир хил - мусулмон давлатларида шариат қонунларини ўрнатиш.

Би-би-си: Нима учун Нигерия ҳукумати бу гуруҳни жиловлай олмаяпти?

Мансур Лиман: Нигерия ҳукумати бу гуруҳга қарши кураш олиб бораяпти, бироқ, халқ ҳукуматни "Боко Ҳарам"га қарши курашда танланган услуб ва чора-тадбирлар самарали бўлмаётир, деб танқид қилаяпти. Чунки, "Боко Ҳарам" фаол бўлган минтақаларда бир йилдан буён фавқулодда ҳолат кучда эса-да, ҳарбийлар минтақада гуруҳ содир этаётган зўравонликларини тўхтата олгани йўқ. Бунга Нигерия армиясининг яхши жиҳозланмагани сабабдир балки. Ҳукумат буни эътироф этгани йўқ, бироқ халқаро ҳамжамиятдан ёрдам сўраган.

Би-би-си: Охирги хабарларга кўра, Қўшма Штатлар ва Британия "Боко Ҳарам" гуруҳига қарши курашга ёрдам бериш учун Нигерияга ҳарбийлар ва жосусларини юборишга қарор қилганлар. Халқаро ҳамжамият гуруҳни бартараф этиш учун нима қила олади деб ўйлайсиз?

Мансур Лиман: Менимча, халқаро ҳамжамият қилиши мумкин бўлган кўплаб нарсалар бор. Илк навбатда истиҳборот маълумотларини тўплашда. Ўйлашимча, бу соҳада Нигерия ҳукумати олган чоралар самарали бўлмаётир. "Боко Ҳарам" гуруҳи ҳақидаги ҳар қандай истиҳборот маълумоти Нигерия ҳукуматига фойда беради, деб ўйлайман. Иккинчидан, Нигерия ҳукуматига гуруҳ изига тушишда қўл келувчи жиҳозларга эҳтиёжи бор. Чунки, ҳозирга қадар гуруҳ аниқ қаерда қароргоҳ қургани маълум эмас. Одатда "Боко Ҳарам" қуроллилари бир жойга ҳужум қилишгач, ўрмонга қочишади. Уларнинг қаерга бориб яшириниши аниқлангани йўқ ҳозиргача. Учинчидан, Нигерия ҳукуматига гуруҳга қарши курашда режа ва мувофиқлаштириш ишларида ёрдам бериш керак. Хуллас, халқаро ҳамжамият Нигерия ҳукуматига 2009 йилдан буён ҳужумлар содир этиб келаётган "Боко Ҳарам"га қарши кўплаб соҳаларда ёрдам бериши мумкин.