'2014 йилдан кейин Америка Марказий Осиёни ташлаб қўймайди'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

АҚШ Давлат котибининг биринчи ўринбосари Уилям Бёрнс айтишича, Афғонистондан хорижий қўшинлар олиб чиқиб кетилганидан кейин ҳам АҚШ Марказий Осиёда тинчликни сақлаш борасидаги ўз баёнотига содиқ қолади.

"Биз минтақанинг муҳимлигини рад эта олмаймиз. Шундай экан, Америка ҳеч қаёққа кетмайди", деб айтган жаноб Бёрнс.

Жаноб Бёрнс расмий Тошкентнинг Украина муносабати билан эълон қилган баёноти учун миннатдорлик билдирган.

Президент Ислом Каримов билан учрашувидан олдин Тошкентдаги журналистлар билан кўришган жаноб Бёрнс Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан Россия-Украина муносабатларини муҳокама қилгани ҳақида гапирган.

"Биз бундай ҳодисалар Россия билан узоқ ва мустаҳкам иқтисодий ва маданий алоқаларга эга Ўзбекистонга ҳам таъсир кўрсатиши мумкинлигини тушунамиз", деб айтган Уилям Бёрнс.

АҚШ мулозимининг баёноти Россиянинг Қримни қўшиб олиши ортидан собиқ совет давлатларида хавотирлар ортган пайтда янграмоқда.

Украина мавзуси жаноб Бёрнснинг Президент Каримов билан музокараларида ҳам асосий мавзулардан бири бўлган.

Жаноб Бёрнс Афғонистонга Шимолий Таъминот йўли деб аталган йўлдан фойдаланишда Ўзбекистон муҳим рол ўйнаганини алоҳида таъкидлаган, бироқ Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятида "мушкулликлар" ҳамон мавжуд, деб айтган.

АҚШ Давлат котиби ўринбосари Ўзбекистон ҳукумати билан "Халқаро Меҳнат ташкилоти ўртасида болалар меҳнати масаласидаги мулоқотда олдинга силжиш бўлганини олқишлаймиз", деб айтган жаноб Бёрнс.

"Бироқ табиийки кўплаб қийинчиликлар сақланиб қолаяпти", деб айтган 30 йилдан ортиқ дипломатик фаолиятига якун ясаётганини эълон қилган жаноб Бёрнс.

Америка расмийлари Уилям Бёрнс ташқи сиёсат идорасидаги фаолиятини шу йил октябрида тугатишини маълум қилганлар.

Халқаро инсон ҳақлари ташкилотлари АҚШ ҳукуматининг Ўзбекистонга нисбатан тутган сиёсатини танқид қиладилар, уларга кўра, Америка Афғонистондан ўз қўшинлари ва техникасини олиб чиқишда Ўзбекистон кўмагига муҳтож бўлгани учун бу мамлакатдаги инсон ҳуқуқларининг абгор вазиятига кўз юмаяпти.

Ўзбекистонлик собиқ дипломат Тошпўлат Йўлдошев фикрича, америкалик мулозимлар учун Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари ва жамиятни демократлаштириш мавзулари энг ноқулай мавзулардир.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Бу мавзуда батафсилроқ