Ўзбекистонда Хотира ва қадрлаш куни нишонланди

Москвада 9 май Ғалаба паради билан нишонланган, Ўзбекистонда ҳам иккинчи жаҳон урушининг тирик қолган оз сонли қатнашчилари эсланган.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 18 апрелда "Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида"ги фармонга кўра, "9 май умумхалқ байрами – Хотира ва қадрлаш куни ўтказилиши, шунингдек, 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 69 йиллиги нишонланиши муносабати билан ҳамда уруш қатнашчилари ва ногиронларини моддий рағбатлантириш мақсадида" қабул қилинган.

Мустақилликдан сўнг 9 май Ўзбекистонда Ғалаба куни эмас Хотира ва қадрлаш куни деб аталиб келинади.

Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан уруш фахрийларига ҳукумат томонидан 600 минг сўмдан пул мукофотлари билан таъминланиши билдирилган.

"Нуроний" фондига кўра, айни пайтда Ўзбекистонда 4 мингга яқин Уруш қатнашчилари қолган.

Шунингдек, фронт ортида ишлаган 79 минг меҳнат ветеранлари бор.

"Нуроний" фонди уруш фахрийларнинг ижтимоий ҳимояси, моддий ва маънавий қувватлашга катта аҳамият берилиги ва бу эътибор давлат ва жамоатчилик идоралари билан бирга олиб борилишини билдиради.

Шунингдек, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан уруш қатнашчилари 250 минг сўмдан ёрдам олиши, 60 га яқин фахрийлар бепул путёвка билан таъминлаши ҳам айтилади.

Дори дармон ҳиссадорлик ширкати фахрийларга бепул дори-дармонлар тарқатиши ҳам айтилган.

Бугун Тошкентдаги Хотира хиёбони одамлар билан гавжум бўлган. Уруш қурбонлари хотираси учун ўрнатилган ёдгорликка гуллар қўйилган.

Вилоятларда ушбу кун асосан қабристонларга чиқиб, ўтганларни ёдга олиш ва тозалаш ишлари билан ўтган.

Қашқадарёлик маҳалла қўмитаси ходимининг айтишича, уруш фахрийларига ҳозирча пул берилгани йўқ, лекин озиқ-овқат тарқатишган. 8 майда маҳаллаларда ҳашарлар ташкил қилинган.

Айни пайтда Россия президенти Владимир Путин Ислом Каримовга Ғалабанинг 69 йиллиги муносабати билан табрик йўллаган.

"Бизнинг халқларимиз елкама-елка туриб фашистларга қарши курашдилар. Катта қурбонлар эвазига эркинлик ва муносиб келажак учун ҳуқуқларини сақлаб қолдилар. Биз ўз жонини фидо қилган миллионлаб совет кишилари, ота-боболаримиз хотирасини доимо ёдда сақлаймиз".

Улкан Ғалаба ҳақида хотира бугун ҳам халқларимизни бирлаштиради. Россия-Ўзбек алоқаларининг мустаҳкамланиши Марказий Осиёдаги хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга хизмат қилади", дейилади Путиннинг Ғалаба куни муносабати билан юборган табригида.