Фароғат Камолова: Шеъриятимиз ўша баланд юксакликларга яна кўтарилади, деган умидим бор

  • 17 Май 2014

Фароғат Камолова 1959 йил 27 мартида Жиззах туманидаги Мўлканлик қишлоғида туғилган.

1981 йил ТошДУнинг Журналистика факультетини тамомлаган.

Фароғат Камолованинг дилга яқин нафис шеърлари шеърият мухлисларига яхши таниш.

Фароғат Камолова Ўзбек шеъриятида ўз ўрнига, овозига эга шоира.

Шоиранинг дастлабки шеърий тўплами — "Осмон парчаси" 1982 йилда нашр қилинган.

Унинг "Узоқ сафарлар", "Ҳолатлар китоби", "Баргизуб" каби китоблари нашр этилган.

Айни пайтда эркин ижод қилади.

Турмуш ўртоғи ёзувчи Аҳмад Аъзам вафотидан кейин Фароғат Камолова адибнинг охирги пайтларда ёзган қўлёзмалари, қораламалари устида ишлаётганини айтади.

Фарзандлари, неваралари бор.

Фароғат Камолованинг шеърларидан намуналар

Таниқли шоира Фароғат Камолованинг Би-би-си ўқувчилари саволларига жавоблари

Фахриддин Зиёев, Қирғизистон: Аҳмад Аъзам сиёсатга кириб, адабиётдан узоқлашганларига ачинганларми кейин, нималарни армон қилгандилар?

Муқаддам, Ҳолландия : Аҳмад Аъзамнинг вафотларидан сўнг у кишининг бир нечта асарларини қайта ўқиб чиқдим. Биз катта ва камтарин ёзувчини, она тилининг жонкуярларидан бирини йўқотганимизни тушундим. Аҳмад Аъзам кўпроқ ёзувчилик билан шуғулланганларида кўпроқ нарса ёзармидилар, деб ўйладим.

Фароғат Камолова: Раҳмат, ҳол сўраганларнинг умри узоқ бўлсин. Аҳмад аканинг ётган жойлари нурга тўлсин, жойлари жаннатдан бўлсин! У киши ҳеч қачон сиёсат билан шуғулланганларидан ачинмаганлар. Охирги пайтларида қандайдир ўзларининг ҳам вақтлари камроқ қолганини ҳис қилдилар шекилли кўпинча қилган ишларини кўп тафтиш қиладиган бўлган эдилар. Ўшанда айтган эдиларки, мен ҳаётимдан ачинмайман, агар қайта имкон берилганда ҳам шу йўлни босиб ўтган бўлардим, деб. Мен халқимизнинг тақдирида озгина, жуда кичкина бўлса ҳам ҳиссам борлигини сезаман ва бундан фахрланаман деб айтгандилар.

Гулшан, Олмония: Аҳмад Аъзамнинг эълон қилинмаган қандай асарлари қолди. У кишини кўпроқ нима ўйлантирарди? Нималарни ёзолмай қолдилар деб ўйлайсиз?

Фароғат Камолова: Эълон қилинмаган асарлари анчагина. Кейинги йилларда шошилиб, бир шашт билан ижод қилдилар. Тинчлик бермаган ғоялар, фикрлар кўп эди. Бошлаган нарсалари ҳақида "улгурмасам, тугаллай олмасам роман ё қисса деб китобга киргизасан", дердилар ҳазил аралаш. Сенга ташлаб кетаман, дердилар. Албатта мен далда беришга ҳаракат қилардим. Аҳмад ака охирги пайтларда дарддан анча азоб чекдилар. Бир кўтаринки руҳда ёзилган, қанақадир бошқа дунёларга етаклаб борадиган "Кўлмак" деб номланган роман бошлаган эдилар. Ўзлари ҳам айтар эдилар, "Ўзбек адабиётида янгилик бўлади, деб ўйлардилар. Мавзу- руҳият. Бир илмий ходим, адабиётга алоқадор одамнинг ҳаёти ва хаёлидаги ҳаёти. Буни айтиб бера олмайман. Сўзни ўқиш керак, ҳар бир сўзда юк бор. Ҳар бир жумлада катта маъно кўрасиз. Анча асар кўриниши, китоб мазмуни кўриниб қолган эди. Насиб қилса, келгусида чоп қилинадиган китобларга ўша ўзлари васият қилгандай тугалланмаган роман деб киргизиш ниятимиз бор. Худо хоҳласа, битта китоблари тайёр. "Шарқ" нашриётига берилган. Мен илгари жудаям ундай ўйламасдим, балки эътибор қилиб ўқимаган бўлгандирман, кейинги йилларда ёзган асарлари жудаям чуқур, жуда бир баландлаган, руҳиятни ич-ичларигача кириб борган асарлар эди. Баъзилари тугамай қолди. Мен жудаям истар эдим, адабиёт ихлосмандлари шу катта ёзувчимизга эътибор билан қараб, ёзган нарсаларини ўқиб, уларни дуо қилсалар, адабиёт ихлосмандларидан жуда хурсанд бўлар эдим.

Би-би-си: Аҳмад ака охирги пайтларда ўша ёзаётганларини тугатолмай қолишдан тушкунликка тушган пайтлари ҳам бўлдими?

Фароғат Камолова: Йўқ, мен жудаям ҳайрон қолганман. Одам ўзи билан яшаётган одамни ҳар доим ҳам била олмас экансиз. Соғ пайтлари ҳаммага ўхшаган, юрардилар, гапирардилар, дейлик, ҳамма нарсалари ҳамма каби эди. Хасталикка чалинганларидан кейин бир қанақадир мардоналик пайдо бўлди. Умуман шикоят қилмас эдилар. Бу хасталикнинг ўзини оғриқлари, руҳий тушкунликлари бўлади. Лекин мен кўрмадим Аҳмад аканинг тушкунликка тушганларини. Агар оғриқ бўлса, бошқа гаплар билан, адабиёт ҳақида гапириб чалғир эдилар. Адабиёт уларнинг ҳаёти эди. Ўзларини адабиётга бутунлай бағишлаган эдилар. Ҳаттоки оғриқни ҳам шу адабиёт билан енгардилар. Ёзиб, ҳеч бўлмаса ўқиб. Жуда кўп китобларимиз бор эди, афсуски ёниб кетди. Шундаям бир жовон китобимиз бор. Аҳмад ака ўзлари энг яхши кўрган китобларни йиққандилар яна қайтадан. Шулар билан овунар эдилар. Бир лаҳза ўқишдан ёки ёзишдан тўхтамадилар. Ҳатто ўтишларидан олдин охирги уч кунда ҳам озгина бўлса ҳам ёзган эдилар. Шундай инсон эдилар. Ёру-дўстларини қайтадан бир кашф қилгандай ҳар куни бир нечталари билан телефонлашардилар, албатта ўзлари қилар эдилар. Жуда хурсанд бўлардилар, дўстларидан завқ олардилар, куч олардилар. Булар, яқин дўстлари ўзлари бир олам. Бир-бирларини қўллаб қувватлаб келишади. Охирги кунларида ана шу дўстларидан куч олдилар деб ўйлайман.

Кейин, Аҳмад аканинг энг катта ютуқларидан бири-тиллари жуда чиройли. Ҳеч кимда мен бунақа тилни учратганим йўқ. Яхши китоблар кўп. Ким билади балки эътибор бермагандирман, лекин тили бунчалик ўзбекча, бунчалик бой тилни кўрмадим замонавий адабиётда.

Би-би-си: Ҳақиқатдан Аҳмад аканинг асарларини ўқиганда ўқувчи у киши билан гаплашгандек бўлади.

Фароғат Камолова: Худди шундай. Мен билан гаплашганда "Она тилим-жону дилим" деган китобларини ўзлари ҳаваскорона ёздим дер эдилар. Лекин ўқисангиз, шунақа юморга бой, худди ўзлари гапириб бериб, сизни кулдириб ўтирганга ўхшайдилар. Бу китоб тилнинг тарғиботига жуда катта таъсир ўтказади. Ўқувчилар ўқиса, ўзи буни сезади. Бир ўтиришда ўқиб битирасиз- шунчалик тили чиройлик.

Комилхон, Тошкент: Ҳурматли Фароғатхон, ҳамма китобларингизни ўқиганман. Ажойиб шоирасиз. Аммо, нега кейинги йилларда ижоддан тўхтадингиз? Агар фикрим нотўғри бўлса, узр сўрайман. Шоир китоб чиқармасаям у ижоддан тўхтамаслиги мумкин. Бу ҳақда таниқли шоир Хуршид Даврондан ҳам сўраганимда "Мен учун китоб чиқариш унчалик муҳим эмас, энг муҳими ижод. Китобим чиқмасаям, ижодда тўхтаганим йўқ, фақат уларнинг ўз вақти келишини кутаяпман", деб жавоб берган эдилар. Сиз ҳам кутяпсизми?

Насриддин, Қўрғонтепа: Фароғат опа, сизни шеърларингизни ўқиб дам оламан. Зўриқишларсиз ўқийди одам. Лекин нега кам ёзасиз? Ёки кам чоп қилинганми? Аҳмад Аъзамнинг танқидчиликлари кам ёзишингизга таъсир қилганми ҳеч?

Фароғат Камолова: Яхши савол. Аҳмад ака бетобликлари сабабми ёки бошқа нарса бўлдими, камроқ ёздим. Ҳозир озроқ тўпланган шеърларим бор. Худо хоҳласа, яна ижод қилиш, янги китоб тайёрлаш ниятим бор. Аҳмад аканинг танқидчиликлари ҳақида бўлса, у кишининг танқидчиликлари менинг ижодимга таъсир қилмаган. Аксинча, ҳар доим талаб ҳам қилиб турардилар- ёзишинг керак, деб. Жойлари жаннатдан бўлсин. Агар мухлисларим бор бўлса, яхши шеърлар ёзишга ҳаракат қиламан.

Зилола, Тошкент: Бугунги Ўзбек шеъриятида аёл шоиралар ижоди ҳақидаги фикрларингизни билмоқчи эдим. Назаримда, Ўзбек шеъриятида 80-90 йиллардаги шижоат, самимийлик камайгандек, ярқ этган шеърлар кам. Сизнингча қандай?

Фароғат Камолова: Бу нотўғри деб айта олмайман. Аёл шоирлар эмас, бутун Ўзбек шеърияти мана шу 80-90 йилларда бирдан юксалди. Истеъдодли, мард, жасур шоирлар авлоди етишиб чиқди. Булар ҳозир ўша олтишни қоралаган, олтмишдан ўтган шоирларимиз ҳақида гапиряпман. Ўша пайтда бир шижоат бор эди. Бизга бир имкон берилган эди. Мустақилликка эришиш мумкинлигини қанақадир ички сезги ижодкорда энг ривожланган ички туйғу билан сезилганди. Булар ўша даврнинг руҳини, истакларини сезиб шеъриятда алоҳида бир давр яратишди. Тўғри ҳозир озгина қандайдир кам ижод қилиняпти. Катта шоирларимиздан ташқари, менинг ўзим ҳам кўрмаяпман бир оригинал шеърлар пайдо бўлганини. Агар хато қилаётган бўлсам, хурсанд бўламан албатта. Бу давр узоқ давом этмайди, деб ўйлайман. Бизнинг халқимиз шеъриятни жуда севадиган халқ. Янги авлод келади, шоирларимиз ўзларида янги бир имконлар топади. Шеъриятимиз ўша баланд юксакликларга яна кўтарилади, деган умидим бор.

Би-би-си: Мана айтдингиз, 80-90 йилларда мустақилликка интилиш янги бир асарлар яратишга туртки бўлди, деб. Ҳозир-чи? Шундай чорлаб турадиган нарса нима деб айтиш мумкин? Шеърият замонга боғлиқми ёки кўпроқ руҳиятга?

Фароғат Камолова: Шоир халқи жуда ҳамма нарсага сезгир бўлади. Аслида кўпроқ руҳиятга боғлиқ ва ҳозир шундай шеъриятни яратишга интилиш бўляпти. Лекин ташқи таъсирлар шоирнинг кўнгли нозик, унга барибир таъсир қилади. Биздан ўн ёш катта шоирлар мана Усмон акалар, Хуршид акалар отилиб чиққан даврда ҳар битта шеър бутун бир халқнинг деса ҳам бўлади, тилида бўларди. У шунчалик эргаштира оларди. Шунчалик чиройли ва одамларнинг кўнгилини топган шеърлар бўларди. Шеърият мана шундай кўтарилиши керак. Яхши шоирларимиз ҳозир йўқ эмас. Бор яхши ижод қиладиганлари. Бизнинг тенгдошлар ҳам энди ёш бўлмади. Балки мен билмасман. Балки ўша ёш шоирлардан ҳатто Ҳалима, Зебо, Абдувалиларга ўхшаб отилиб чиққан ижодкорларни кўрмаяпман. Мен хато қилаётган бўлсам хурсанд бўлардим. Бунинг сабаблари билмадим нима экан? Лекин бу ерда китоб тарғиботида ҳам гап кўп. Бу соҳада озроқ камчиликларимиз бор. Ҳозир иқтисодий шароитга кўра, пул тўланган ҳар қандай китобни китоб деб, ҳар қандай шеърни шеър деб чиқариб турилибди ҳозир. Мана шу нарса шеъриятга катта таъсир қилади. Шеър одамни эргаштира олиши ҳам керак. Шеър деб чоп қилинган асарлар бадиий жиҳатдан ҳам руҳи жиҳатдан ҳам мукаммал бўлиши керак. Қачон шундай бўлса, шеърият яна ўша баландликка кўтарилади, деб ўйлайман.

Асқар, Лондон: Шавкат Раҳмон шеър ёзмоқ- ўлиб тирилмоқ, шеър бахт ва фожеадан туғилади деган экан. Шундайми? Сизни нима қизиқтиради, ўйлантиради? Нимани ёзаман дедингизу ҳали туғилмади?

Фароғат Камолова: Шавкат ака шундай деган бўлсалар керак. Ўзларининг ҳам фикрлари шунга яқин бўларди ҳар доим. Умрларининг охиригача шеър ёздилар, бирга бўлдилар сўз билан, чекинмадилар. Энди мени нима ўйлантиради? Мен шеърият, адабиёт ҳақида ўйлаганимда , ҳозир яхши насрий асарлар яратиляпти. Исажон Султоннинг, бошқаларнинг асарлари. Лекин шеъриятда бунақа кўламни кўрмаяпман. Мана шу нарса ўйлантиради. Балки ҳозир насримизнинг кўтариладиган вақтидир. Умид қиламан, шеъриятимизнинг ҳам янги баландликка кўтариладиган вақти келади.

Мана ҳозир ижодкорларга ҳар хил далда берувчи йўллар изланяпти. Масалан, шулардан бири ёшларга Зулфия мукофотининг таъсис этилиши. Бу мукофотни олганлар ичида шеър олганлар ҳам кўп. Лекин мукофот олиш учун шеър ёзиш... баъзиларини биламан ҳатто кимларгадир таҳрир қилдириб олишяпти ҳам. Мана шу нарсалар шеърни юксалтирмайди, аксинча пастроққа тушишига сабаб бўлади деб ўйлайман. Бундай рағбатлар фойдага олиб келса яхши бўларди. Яъни ҳар йили биттадан шоирга мукофот бериш мумкин эмас. Яхши шоир йилларда туғилади. Шуни ҳам унутмаслигимиз керак. Зулфия мукофотининг таъсис қилиниши жудаям яхши. Бу ҳақда фикрим ижобий. Ёшларимизга бир янги йўллар очиб беряпти. Лекин шеърлари, китобларига менинг назаримда яхшироқ ўйлаб кўриб берсакмикан, деб ўйлайман.

Одилжон Махдумий, Ўш: Muhtarama Farog'at xonim! 20-asr o'zbek adabiyotida ikki ulkan adib deb ta'rif berilayotgan SHavkat Rahmon va Muhammad Yusuf.Bu adiblarning birining yubileyi yaqin kunlarda prezident qarori asosida davlat miqiyosida juda katta tantanalar bilan nishonlandi.Birini e'sa,ancha oldin shu yoshi munosabati bilan panada qolib ketdi.E'ndi siz adabiyot sohasi vakili sifatida aytingchi, qay biri haqiqiy ulkanlikka teran loyiq?

Фароғат Камолова: Шавкат Раҳмон ҳам, Муҳаммад Юсуф ҳам жуда алоҳида-алоҳида, иккаласи бир-бирига ўхшамайди. Иккаласи ҳам яхши шоирлар. Мен ўзим Шавкат Раҳмон билан Ғафур Ғулом нашриётида бирга ишлаш бахтига муяссар бўлганман. Шавкат ака жудаям камтарин, нозиктаъб, кўнгли болаларча тоза инсон эди. Озгина бўлса ҳам шу инсон билан ёнма-ён ишлаганимдан хурсандман, фахрланаман. Улар ўтирганларида ҳам, турганларида ҳам ҳеч қачон шеърни эсдан чиқармас эдилар. Баъзан бир гапирсангиз, нимадир деб мурожаат қилсангиз, бир пас сизга қараб турардилар. Чунки хаёллари ўша шеър билан бўларди. Яхши бўлим бошлиғи эдилар, яхши китобларни чиқарардилар. Ҳар бир яхши шеърни хурсанд бўлиб қарши олардилар. Чақириб, "китобга шеърингиз етадими? Мана шу савиядаги шеърлар бўлса, китоб қилиб чиқариб берамиз", деб ўзлари айтардилар. Шавкат аканинг шеърияти мардона шеърият. Энди Муҳаммад Юсуф ҳам яхши шоиримиз. У киши ҳам яхши инсон эдилар. Шеърлари ҳам халқнинг кўнглини топган шеърлар. Бизнинг шоирларимиз жуда кўп эмас. Бирини биридан юқори, ёки бирини биридан камроқ қўядиган. Шундай яхши шеърлар ёзган одамларни ундай дейиш керак эмас. Лекин мана бу юбилейлар масаласида, албатта Шавкат акани тарғиб қилиш кейинги авлод учун. Боя айтиб ўтдим, бугунги шеърлардан унча кўнглимиз тўлмаяпти деб. Бунга ўзимизда бор баланд шеъриятни тарғиб қилиш, қайта-қайта чоп қилиш, иложи борича ўқувчиларга етказиш, яхши шеърларни дарсликларга киргизиш кейинги авлоддан катта шоирлар чиқишига олиб келади, деб ўйлайман. Биламан, Муҳаммад аканинг юбилейлари жуда катта тантаналар билан ўтди. Лекин Шавкат Раҳмоннинг 60 ёшлари эътибор қилинмай қолди шекилли. Бунинг сабабини мен айтолмайман. Лекин матбуотда ишлаётган одамларимиз Шавкат Раҳмонга ўхшаган шоирларнинг тарғибини ўйлаб кўришса яхши бўларди, бу хақли савол.

Мансур, Туркия: Ҳозир ёшлар, ҳатто болалар ҳам интернет билан андармон. Китоб ўқиш камайган. Сиз китобга қизиқтиришнинг қандай йўлини маслаҳат берасиз? Ёки интернетдан ўқигани ҳам етарлими?

Фароғат Камолова: Энди бу шундай жараёнки, уни орқага қайтаришнинг иложи йўқ. Чунки ҳар бир хонадонда компютер, интернет бўлгандан кейин тақиқласангиз ҳам замондан орқада қоласиз. Интернетда ҳозир жуда кўп фойдали хабарлар, билимлар бор. Интернетга ҳам китоблар жойлаштириляпти. Бола компютерга қизиқиши кўп бўлса, китобга қизиқишни интернет орқали очиш мумкин. Китобларни жойлаб бериб ўқитса бўлади. Ҳаммамизнинг фарзандларимиз бор, компютерга қизиқишади албатта. Ўзимнинг болаларим ҳақида айтадиган бўлсам, компютерга қизиқиб, ўқишни ташлаб қўйганлари йўқ. Жуда кўп ўқишади, жумладан бадиий адабиётни ҳам. Ўғлим ҳам қизим ҳам халқаро иқтисод соҳасини танлашган. Бизнинг йўлимиздан кетишмади. Лекин адабиётни севишади. Ўғлим Улуғбек унча-мунча ёзиб ҳам туради, фақат ўзи учун. Ўғлим Мозамбикда, қизим Ҳулкар Лондонда халқаро иқтисод соҳасида ишлашади. Фарзандларим ҳам невараларим ҳам китобни севишади. Неварам Муаззамхон 10 ёшда, жуда аълочи қиз. Шуни шеър ёзишга иштиёқи бордек. Ким билади, балки шу қизимиздан шоира чиқса.

Аввало ҳаммага саволлар учун раҳмат! Яхши китоблар ҳамроҳлари бўлсин. Ишлари, ҳаётларида омадлар тилайман!

Бу мавзуда батафсилроқ