Бокс: Руслан Чагаев жаҳон чемпионлиги камари учун рингга тушмоқчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи ruslan chagaev

Хабарларга кўра, жанг 7 июн куни Чеченистон пойтахти Грознийда бўлиб ўтади.

Руслан энг оғир вазн тоифасида WBA таснифида қайта жаҳон чемпионлиги учун пуэрто-риколик боксчи Фрес Окендога қарши рингга чиқади.

Профессионал бокснинг WBA таснифида энг оғир вазн тоифасида собиқ жаҳон чемпиони бўлган Руслан Чагаев жорий пайтда WBA Intercontinental ва PABA камарлари соҳиби саналади.

Унинг жаҳон чемпионлиги учун бўлажак рақиби Фрес Окендо ҳам Лотин Америкасидаги анчайин номдор боксчилардан бири.

Фрес ҳам ҳозир иккита: NABA ва WBA Fedelatin камарларига эгалик қилиб турибди.

Аён бўлишича, жанг Грознийдаги Чеченистон Президенти Рамзан Қодировнинг марҳум отаси номи билан аталувчи 30.000 кишилик "Аҳмат Арена"да бўлиб ўтади.

Россиядаги манбаларга кўра, Руслан Чагаев ҳозир Грознийда бўлажак жангига тайёргарлик кўрмоқда.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, Руслан ўтган йилдан буён Чеченистондаги Аҳмат Ҳожи Қодиров номидаги бокс клубини намоён этади.

2001 йилда тўлиқ профессионал боксга ўтган ўзбекистонлик номдор боксчи ўн йилча Олмониянинг Universum Box-Promotion клуби промоутерлиги остида рингга тушиб келган.

Икки йил олдин эса, олмон промоутерлик клуби билан шартномасини бузган ва ўшандан буён ўз жангларини эркин агент мақомида уюштириб келади.

Таъкидлаш жоиз, ўзбекистонлик боксчи ҳозир ҳам эркин агент мақомида Олмонияда яшаб, бокс билан шуғулланиб келади.

Руслан ўтган йил октябр ойида Москвада бўлиб ўтган жангида сербиялик рақиби Йово Пударни енгиб, WBA Intercontinental ва PABA камарларини қўлга киритганди.

У ҳозир Умумжаҳон Бокс уюшмасининг рейтингида 2-ўринни эгаллаб турибди.

Бўлажак жанг ва рақиб

Фото муаллифлик ҳуқуқи livefight.com

Руслан Чагаев Москвада бўлиб ўтган сўнгги жангги ортидан Би-би-си Ўзбек Хизмати билан эксклюзив суҳбатида навбатдаги жангги чемпионлик камари учун бўлишини айтганди.

Руслан 2007 йилнинг 14 апрел куни россиялик боксчи Николай Валуевни енгиб, илк бор профессионал бокснинг WBA йўналиши бўйича энг оғир вазн тоифасида Жаҳон чемпиони бўлган.

Шундан сўнг ўз камарини бир неча бор муваффақиятли ҳимоя қилган Руслан Чагаев орадан икки йил ўтиб айнан Владимир Кличкога енгилиб, мунтазам чемпионлик унвонидан маҳрум бўлган.

Руслан Чагаев сўнгги бор 2011 йилда жаҳон чемпионлиги камари учун рингга чиққан, аммо жангини россиялик боксчи Александр Поветкинга бой берганди.

Айни ўринда таъкидлаб ўтиш жоиз, Руслан Чагаев сўнгги икки йилда ўтказган ҳар беш жанггидан барчасида ғалаба қозонган.

Руслан Чагаевнинг профессионал боксда ўтказган жаъми жанглари сони ҳозир 35 тага етган бўлса, шундан 32 тасида ғолиб чиққан, иккитасида мағлуб бўлган ва биттасини дуранг ҳисоби билан якунлаган.

Унинг пуэрто-риколик рақиби эса, 1997 йилдан буён профессионал бокс билан шуғулланиб келади.

Фрес Окендо ҳисобидаги жанглар 43 тани ташкил этади ва шундан 37 тасида ғалаба қозонган.

Руслан Чагаев жаҳон чемпионлиги камарини қўлга киритса, ўзининг собиқ рақиби, WBA таснифида энг оғир вазн тоифасида суперчемпион бўлган украиналик донгдор боксчи Владимир Кличко билан ҳам жанг ўтказиш режасида.

Руслан яна рингга тушишни ният қилаётган украиналик номдор боксчи жорий пайтда профессионал бокснинг WBO, WBA ва IBF таснифи бўйича энг оғир вазн тоифасида амалдаги жаҳон чемпиони ҳам ҳисобланади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ