Ўзбекистонда парламент сайловлари декабрда ўтиши эълон қилинди

  • 13 Май 2014
Image copyright BBC World Service

Ўзбекистонда Олий мажлис сайловлари 2014 йилнинг 21 декабр куни бўлиб ўтиши маълум қилинди.

Марказий сайлов комиссияси йиғилишида Олий Мажлис, халқ депутатларнинг вилоят, туман ва шаҳарлардаги Кенгашига сайловларга тайёргарлик дастури кўриб чиқилган. Кузатувчилар бу сафарги сайловларнинг олдингидан катта фарқ қилмаслигини айтишмоқда.

Олий мажлис сайловлари декабрининг учинчи ўн кунлиги илк якшанбаси, яъни 21 декабр дея белгиланди. Бу ҳақда подробно.уз сайти маълум қилди.

Марказий Сайлов комиссияси томонидан бу борада ташкил қилинган йиғинда 2009 йилги сайловлардан кейин сайлов қонунчилигининг либераллаштирилгани сайловларнинг халқаро андозаларга мос равишда ўтишини таъминлаши таъкидланган.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Дилором Исҳоқова мухолифат фаолияти чекланган Ўзбекистонда парламент сайловларининг демократик талабларга мос келиши нотўғри гап эканини айтади.

“Мухолифат бўлмаган сайлов, аввал бошдан ноқонуний ва қонунларни бузилган ҳолда ўтказиляпти, деб ҳисоблаш керак. Бу сайловларда бирорта мухолиф партия қатнаша олмаса, бугунги ҳукумат ва унинг чўнтагидан чиққан партияларга бирор мухолифат бўлмаса, бу сайловлар бошланмасидан туриб ноқонуний”, - дейди Дилором Исҳоқова.

Францияда истиқомат қилувчи сиёсатшунос Камоллиддин Раббимов 2004 йилгача ҳокимиятнинг сиёсий партиялар борасида фикри шаклланмаганини айтади. Ҳар сафар парламент ёки президентлик сайловлари яқинлашиши арафасида янги сиёсий партия тузилган.

“2004 йилдан буён икки сайлов ўтди, лекин ҳар сафар олий ҳокимиятининг партияси сифатида Ўзбекистон либерал демократик партияси намоян бўлаяпти. Бугунги ҳокимиятнинг ресурслари ўша партияни ривожлантиришга ва уни юқори таъсир доирасидаги партия қилиб кўрсатишга қаратилган ва ресурлар ташланган”, - дейди Камолиддин Раббимов.

Сиёсатшунос келаётган сайловларнинг ҳам ўтган сафаргидек силлиқ ўтишини тахмин қилади. Президент девони ва ундаги миллий хавфсизлик кенгаши каби хизматлар қайси партияларнинг нечта ўрин олиши кераклигини олдиндан белгилайди.

Камолиддин Раббимовга кўра олий ҳокимиятдан янгиланишлар арафасида ва ёши бир жойга бориб қолган Каримов бошқарувида парламент сайловларида ислоҳатлар кутиш ноўрин.

“Бу сафар ҳам сайловлар ўша сценарий асосида бўлади. Бу ерда жиддий ўзгариш бўлишга ҳеч қандай асос йўқ. Ҳокимиятнинг эҳтиёткорлиги борган сари ошиб бормоқда. Каримовнинг консерватизми, ёпиқлик даражаси ҳам ошиб боряпти. 76 га кирган Каримовдан бир ўзгаришлар кутиш, унинг шаклланган сиёсий услубида ўзгаришлар кутиш, менимча, ноўрин”, - дейди Камолиддин Раббимов.

Мутахассислар Ўзбекистонда сиёсий париялар ва сайлов жараёнларини демократлаштириш йўлида қабул қилинган қонунлар тўлиқ иш бермаслигини, чунки олий ҳокимият бироз эркинлик берса ҳам ушбу эркинлик назорат остида бўлишини истайди.

“Шунинг учун қонунчиликдаги ўзгаришлар ўйин доирасининг бироз кенгайганини англатади. Лекин ўйин қоидаси, яъни сиёсий назорат қайта кўрилиб чиқиляпти ва бошқа бир концепсуал ёндашув пайдо бўлаяпти дейишга мутлоқ асос мавжуд эмас. Яъни маълум бир сиёсий актёрлар учун давлат ҳокимятидан руҳсат олган ёки сиёсий майдонга киришга имконият берилган шахслар ва сиёсий кучлар учун ўйин қоидаси бироз кенгайяпти дейишимиз мумкин ”, - дейди Камолиддин Раббимов.

Бу мавзуда батафсилроқ