НАТО Тошкентда ваколатхонасини очмоқчи

НАТО ва Ўзбекистон ҳукумати расмийлари хабарларига кўра, Тошкентда Шимолий Иттифоқ идораси очилади.

Бу ҳақда НАТО вакили Россиянинг РИА "Новости" ахборот агентлигига айтган.

Ўзбекистондаги "Новый век" рўзномаси ушбу хабарни Ўзбек ҳукуматидаги расмий тасдиқлагани ҳақида хабар тарқатган.

НАТО ваколатхонаси очилиш маросимининг 16 май кунига мўлжаллангани ва унда НАТОнинг Марказий Осиё ва Қофқоз бўйича вакили Жеймс Аппатурай қатнашиши хабар қилинган.

Ваколатхонанинг минтақадаги вазифалари нималардан иборат бўлиши ҳозирча маълум эмас.

НАТОнинг Тошкентда ваколатхона очиши ҳақидаги хабар Украина инқирози сабаб Ғарб ва Россия муносабатлари таранглашган пайтга тўғри келган.

9 май куни Ўзбекистонда Хотира ва Қадрлаш куни нишонланиши муносабати билан гапирган Президент Ислом Каримов Украина масаласини тинч йўл билан ечишга чақирган.

Ўзбекистон билан Шимолий Иттифоқ ўртасидаги алоқалар 1991 йилда йўлга қўйилган.

Бироқ 2005 йил Андижондаги норозилик Ўзбек ҳукумати томонидан шафқатсиз бостирилгач, Ўзбекистоннинг Ғарб давлатлари, хусусан АҚШ билан муносабатлари ёмонлашди.

Хонободдаги АҚШ базаси Ўзбекистон талабига кўра ёпилди.

Муносабатлар 2008 йилга келиб яна йўлга қўйилган.

2009 йилда Ўзбекистон НАТОнинг Афғонистондаги кучларига юкларни етказиб бериш мақсадидаги "Шимолий йўналиш"га қўшилган.

Афғонистондан хорижий қўшинларни олиб чиқиш муддати 2014 йилгача этиб белгиланган, бунда ҳам Ўзбекистон кўмагига умид боғланган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002