Жиззахда оммавий заҳарланиш

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Ўзбекистоннинг Жиззах шаҳридаги ресторанда таомдан оммавий заҳарланиш юз берган.

Жиззахликларнинг хабар қилишларича, шаҳардаги "Прим" ресторанида овқатланган хўрандалардан 100 дан ортиғи овқатдан заҳарланиш аломатлари билан шифохоналарга ётқизилган.

Ушбу ҳодиса вилоят ҳокимлигидаги фавқулодда мажлисда ҳам муҳокама қилинган, оммавий заҳарланиш сабабларини ўрганиш бошланган.

Жиззахлик фаол Ўктам Пардаевнинг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, "Прим" ресторани шаҳардаги энг оммабоп таомхоналардан бири.

Унинг айтишича, "Прим" ресторанида 11 май куни кечқурунги тановулдан сўнг хўрандалар шикоят қилишни бошлашган ва ўша куннинг ўзидаёқ шифохонага ётқизилганлар.

Ҳуқуқ фаолига кўра, таомдан заҳарлангалар сони ҳозирга қадар 150 кишига яқиндир. Улардан баъзилари жонлантириш (реанимация) хонасида, лекин баъзиларининг аҳволи яхшиланган.

Ўктма Пардаев шаҳардаги Юқумли касалликлар касалҳонасига ётқизилган одамлар билан бориб кўришган. Улар ҳозирга қадар айнан нимадан заҳарланликларини билмасликларини билдиришган.

Шифокорлар ҳам бунинг сабабини билмасликларини айтишган.

Ўтган тунда шаҳар ҳокимиятида ўтказилган мажлисда заҳарланиш сабаби майонез бўлиши мумкинлиги ҳақида айтилган.

Ўктам Пардаевнинг айтишича, шаҳардаги емакхонларда санитария-гигиена қонун-қоидаларига етарли эътибор қаратилмайди ва фақатгина шикоят келиб тушган вақтда хўжа кўрсинга текширув ўтказилади.

Би-би-си билан суҳбатда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Санитария-эпидемиология Бош бошқармаси бошлиғи Комил Муҳамедов, Жиззах шаҳрида овқатдан заҳарланиш ҳодисаси юз берганини тасдиқлади, аммо заҳарланганларнинг сони борасида маълумот бермади. Мулозимнинг айтишича, ҳодиса юзасидан текширув ишлари бошланган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002