Тошкентда НАТОнинг ваколатхонаси очилди

  • 16 Май 2014
  • изоҳлар
Image copyright NATO

Жума куни Тошкентда НАТОнинг минтақа давлатлари билан алоқалар бўйича ваколатхонасининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтган.

Маросимда Шимолий Атлантика иттифоқининг Марказий Осиё ва Қафқос бўйича махсус вакили Жеймс Аппатурай, НАТОга аъзо давлатлар элчилари ва ўзбек расмийлари иштирок этгани хабар қилинади.

НАТО вакили Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан ҳам музокаралар олиб борган.

Ўзбекистон билан Шимолий Иттифоқ ўртасидаги алоқалар 1991 йилда йўлга қўйилган.

Бироқ 2005 йил Андижондаги норозилик Ўзбек ҳукумати томонидан шафқатсиз бостирилгач, Ўзбекистоннинг Ғарб давлатлари, хусусан АҚШ билан муносабатлари ёмонлашди.

Хонободдаги АҚШ базаси Ўзбекистон талабига кўра ёпилганди.

Муносабатлар 2008 йилга келиб яна йўлга қўйилган.

2009 йилда Ўзбекистон НАТОнинг Афғонистондаги кучларига юкларни етказиб бериш мақсадидаги "Шимолий йўналиш"га қўшилган.

'Кичик идора'

Минтақавий идора тарқатган билдиришда ваколатхона НАТОнинг "кичик дипломатик миссия" экани урғуланади.

Хабарда айтилишича, НАТОнинг Тошкентдаги идораси минтақадаги ҳамкорлар билан мудофаа ва ҳарбий тайёргарлик дохил турли соҳаларда ҳамкорликни мувофиқлаштириш билан шуғулланади.

Шунингдек, НАТО амалиётларига дастак бериш ҳам ваколатхонанинг фаолият доирасига кириши қайд этилган.

Ўзбекистоннинг НАТО билан яқинлашувига Афғонистондаги амалиётлар сабаб бўлгани айтилади.

Ўзбекистон НАТО амалиётлари учун муҳим транзит нуқтаси ҳисобланади.

НАТО Афғонистондан қўшинлар ва ҳарбий техникани олиб чиқишда Ўзбекистон темир йўлларидан фойдаланади.

Қўшма Штатлар ва НАТО Афғонистондан иттифоқ қўшинлари олиб чиқиб кетилганидан сўнг ҳам минтақа давлатлари, жумладан Ўзбекистон билан ҳамкорлик давом этишини айтмоқда.

Шу ой бошида Тошкентга сафар қилган АҚШ Давлат Котибининг биринчи ўринбосари Николас Бёрнс Қўшма Штатлар минтақани ўз ҳолига ташлаб қўймайди, деб ишонтирган.

Гарчи Тошкентда НАТОнинг минтақавий ваколатхонасини очиш борасида аввалроқ келишилган эса-да, кузатувчилар Украинадаги воқеалар манзарасида Ўзбекистоннинг ғарб билан ҳарбий ҳамкорлигига яна бир марта эътибор қаратишмоқда.