Бойларнинг рўйхатида: Миллиардер Алишер Усмонов ўрнини ким эгаллади?

  • 18 Май 2014
Image copyright PA

Лондонда жойлашган йирик Ҳиндужа Груп конгломератининг ака-ука эгалари Сри ва Гопи Ҳиндужалар.

Sunday Times нашри ўзининг янги йиллик рўйхатида икковлонни “Британиянинг энг бой” одами, деб топди.

Британ нашрининг ҳисоб-китобларига кўра, уларнинг умумий бойлиги 11.9 миллиард фунт стерлингга тенг.

Асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов эса, иккинчи ўринга тушди.

Жаноб Усмоновнинг топган-тутгани бу йил 10.65 миллиард фунт стерлингни ташкил этган.

Sunday Times ҳар йили Британиядаги мингта ва Ирландиядаги 250 та бойнинг рўйхатини эълон қилиб келади.

Алишер Усмонов бор-йўғи ўтган йили нашр томонидан Британия ва Ирландияда бойларнинг бойи, деб топилганди.

Ўша пайтда жаноб Усмоновнинг бойлиги 13.3 миллиард фунт стерлинг, дея баҳоланганди.

Юқори учликни эса, ҳиндистонлик бадавлат пўлатчи ишбилармон Лакшми Миттал тўлдирган.

Аммо...

Image copyright PA
Image caption Ўзбекистон футбол аҳлига яхши таниш Роман Абрамович бу йил Британиядаги мингта бойнинг орасидан 9-ўринни эгаллаган

Ўзининг янги рўйхатини эълон қиларкан, Sunday Times ўтган бир йилнинг ичида бойларнинг бойигандан бойишганини айтади.

Нашрнинг ҳисоб-китобларига кўра, Британиядаги мингта бойнинг умумий бойлиги бу йил 520 миллиард фунт стерлингга етган.

Sunday Times нинг эътироф этишича, бу – рекорд даражадаги кўрсаткичдир.

Янги рўйхат ҳаммуаллифларидан Филип Берсфорднинг таъкидлашича, бойларнинг бу қадар бойиб кетишганига авваллари ҳеч қачон гувоҳ бўлмаган.

Ўзбекистонлик футбол аҳлига яхши таниш, Лондоннинг “Челси” клуби соҳиби ва асли россиялик миллиардер Роман Абрамович эса, бу йил Британиядаги мингта бойнинг орасидан 9-ўринни эгаллаган.

Унинг жаъми йиққан-терган бойлиги бу йил 8.52 миллиард фунт стерлингни ташкил қилган.

26-рўйхат

Image copyright Getty
Image caption Британия бойларининг рўйхатида бўлган Дэвид Бекҳэм ва рафиқаси Викториянинг бу йилги бойликлари 210 миллион фунтни ташкил этган

Sunday Times нашри ўзининг йиллик рўйхатини 1988 йилдан буён эълон қилиб келади.

Бу рўйхатга тушиш учун бойлигингиз камида 85 миллион фунт стерлингга тенг бўлиши керак.

Ўтган ҳафта илк бор Британияда яшовчи миллиардерларнинг сони 100 дан ошганлиги маълум бўлганди.

104 миллиардернинг умумий бойлиги миқдори эса, 301 миллиард фунт стерлингдан ортиши айтилганди.

Агар, миллиардерларнинг сони киши бошига таққосланса, дунёнинг бошқа ҳеч бир давлати ҳозир Буюк Британияга етолмас экан.

Барибир, бойларнинг бойи

Image copyright AFP
Image caption Аммо Алишер Усмонов ҳануз Россияда бойларнинг бойи

Ҳа, яқинда Америкада чоп этилувчи нуфузли Forbes журнали Алишер Усмоновни бу йил ҳам Россияда бойларнинг бойи, деб топганди.

Бунга асли ўзбекистонлик миллиардернинг янги йиллик рўйхатда 6 поғона пастлагани ҳам тўсқинлик қила олмаганди.

Forbes жаноб Усмоновнинг бойлигини $18.6 миллиард доллар, деб баҳолаган.

Шунча бойлиги билан Алишер Усмонов дунё миллиардерлари орасида 40-ўринни эгаллаган.

Лондон ташқарисидаги Саррей туманида яшовчи 60 ёшли тадбиркор “Арсенал” футбол клубининг 30 фоиз ҳиссалари ва Россиянинг “Металлоинвест” темир ишлаб чиқариш ширкатига эгалик қилади.

Ўтган йили Американинг яна бир обрўли “Блумберг Маркетс" журнали Алишер Усмоновни дунё бизнесидаги энг таъсирли 50 шахс рўйхатига ҳам киритганди.

Бизнес

Image copyright PA
Image caption Яқинда асли ўзбекистонлик миллиардернинг ўз ихтиёрида бўлган Facebook ва Apple ҳиссаларини сотгани хабар қилинганди

Жаноб Усмонов сўнгги йилларда асосан тоғ-кон саноатидан кўп фойда кўраётган бўлса ҳам, интернет ва мобил ширкатларига катта пул киритмоқда.

Унинг Apple, Twitter, Facebook, Mail.ru, LinkedIn, Groupon, Zynga, AirBnB, ZocDoc, Klarna, Alibaba ва 360buy ширкатларига ҳам сармоя ётқизгани айтилади.

Яқинда асли ўзбекистонлик миллиардернинг ўз ихтиёрида бўлган Facebook ва Apple ҳиссаларини сотгани хабар қилинганди.

Жаноб Усмонов ўз бизнес империясини пластик пакетлар ишлаб чиқариш билан бошлаган.

Наманган вилоятининг Чуст шаҳрида прокурор оиласида туғилган миллиардер ҳозир нефть магнати Жей Пол Геттининг Саррейдаги собиқ саройи Саттон Плейс ва Лондон шимолидаги 48 миллион фунтлик уйга эгалик қилади.

2007 йилда Британияда чоп этилувчи нуфузли “Гардиан” нашри билан электрон почта орқали суҳбатда жаноб Усмонов Ўзбекистон ё бошқа ерда сиёсат билан шуғулланиш нияти йўқлигини айтганди.

Бу мавзуда батафсилроқ