Тожикистон хориждаги тожик мужоҳидларини жазоламоқчи

Тожикистон парламенти хорижий давлатлардаги жангларда иштирок этган тожиклар ёки уларни ёллаган шахсларни жазолаш борасидаги жиноий қонунчиликка ӯзгартиришлар киритган.

Тожик расмийларининг айтишларича, охирги вақтларда жуда кӯп тожик фуқаролари турли йӯллар билан Сурия, Афғонистон ва бошқа мамлакатлардаги жангларда иштирок этганлар.

Аммо хорижий давлатлардаги можароларда қатнашган тожик фуқароларининг аниқ сони маълум эмас.

Сурия Бош муфтийси Аҳмад Бадриддин Ҳасун ӯтган йил декабрида Сурияда Башар Ассад ҳукуматига қарши жангларда 190 нафар тожик фуқароси иштирок этганлигини айтган эди.

Жорий йил бошларида жанубий Тожикистондаги Ҳатлон вилоятининг уч яшовчиси Суриядаги жангларда ҳалок бӯлгани ҳақида хабар олинган.

Тожикистон Адлия вазирининг биринчи ӯринбосари Абдуманнон Ҳолиқовга кўра, юзага келган вазият Тожикистон Президентининг жиноий қонунга ӯзгартириш киритиш таклифига сабаб бӯлган.

Мазкур ӯзгаришларга биноан, хорижий давлатлардаги зиддиятларда иштирок этган тожиклар ӯша давлат қонунлари доирасида жазоланадилар.

Масалан, ҳозир Тожикистон маҳкамаларида Суриядаги жангларда қатнашган 3 нафар тожик фуқаросининг жиноий иши кӯриб чиқилмоқда.

Image caption Абдуманнон Ҳолиқовга кўра, янги қонун тожикларни хориждаги жиҳоддан қайтаради

Бу шахслар айбдор деб топилганлари тақдирда Сурия қонунлари асосида 2 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилишлари мумкин.

Шунингдек, ушбу қонун асосида тожик ёшларини хориждаги мухолифат сафлари ёки жангларга ёллаган шахс ё-да гуруҳларга ҳам жиноий жавобгарлик белгиланган.

Жаноб Ҳолиқовнинг парламентдаги чиқишида айтишича, Тожикистоннинг қаттиққӯл чоралари тожик фуқароларининг ўзга юртларга жиҳод қилиш мақсадида боришларига тӯсиқ бӯлиши мумкин.

Тожикистон собиқ ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий ӯтган йилги матбуот анжуманида Миср ва Покистон мадрасаларида 500 дан ортиқ тожик ёшлари таълим олаётгани ва мазкур ёшларнинг баъзилари бу мамлакатлардан Сурияга боришлари мумкинлигини айтган эди.

Аммо Тожикистондаги таниқли Ислом уламоси Ҳожи Мирзо тожик ёшлари, асосан Россия ҳудуди орқали жиҳод учун Сурияга йӯл олаётганликларини айтди.

Жаноб Мирзо Россия шаҳрларига сафарлари ва тожик муҳожирлари билан мулоқотлари жараёнида шундай хулосага келганини айтган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ