Россиялик бизнесмен Поздеевни озод қилишган

Фото муаллифлик ҳуқуқи zumk.org

Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги элчилиги масъулининг оммавий ахборот воситаларига маълум қилишича, Ўзбек расмийлари 13 май куни ҳибсга олган "Западно-Уральский машиностроительний концерн" президенти Александр Поздеев озод қилинган ва Россияга қайтган.

Россиянинг РИА "Новости" ахборот агентлиги Россиянинг Тошкентдаги элчилиги иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси Вадим Чекмазовдан иқтибос келтирган.

"Ўзбекистонда ҳибсдан озод қилинган Александр Поздеев ватанига қайтди. Бу Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг қарори", деб айтган элчихона масъули.

Бундан олдин Александр Поздеевга нисбатан жазо чораси ўзгартирилгани, у Ўзбекистонни тарк этмаслик ҳақидаги тилхат асосида қўйиб юборилгани хабар қилинган.

"Западно-Уральский машиностроительний концерн" президенти Александр Поздеев билан Россия элчихонаси ходимлари учрашганлар.

"Поздеевнинг саломатлигига қаттиқ шикаст етган, у стационар муолажага муҳтож", деб айтган Россия элчихонаси вакили Вадим Чекмазов.

"Западно-Уральский машиностроительний концерн" вице-президенти Виталий Суханосовнинг Би-би-сига айтишича, Александр Поздеевни Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг мажлисига мамлакатдаги сармоя лойиҳаларини муҳокама қилиш учун таклиф қилишган.

Бу мажлисда россиялик бизнесмен қарздорлик масаласини кўтарган.

Шундан сўнг Поздеев Ўзбекистон Бош прокуратурасига чақиртирилган ва ҳибсга олинган.

Россия элчихонаси вакилларига кўра, Ўзбек расмийлари Александр Поздеевга тўртта банд бўйича айблов илгари сурганлар.

Хусусан, "Ўзбекистон манфаатларига зид битимлар" тузиш, хорижий валютани яшириш, маблағни ўзлаштириш ёки растрата йўли билан ўғирлаш бандлари қўйилган.

Концерн Ўзбекистондаги Деҳқонобод Калий ўғитлари ишлаб чиқариш корхонасини кенгайтириш, корхонанинг йирик осма транспорт йўлини қуриш лойиҳаларида суб-пудратчи сифатида фаолият юритган.

"Западно-Уральский машиностроительний концерн" вакилларининг Россия матбуотига айтишича, Поздеевни ҳибсга олиш Ўзбек томонининг шу пайтгача концерн бажарган ишлар учун юзага келган 36 миллион долларлик қарзни тўламаслик истаги билан боғлиқ.

Россия концерни Ўзбекистонда 200 миллион долларлик лойиҳаларни амалга ошираётгани хабар қилинган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Агар матнда имло хатосини топсангиз, бизга билдиринг.

Бу мавзуда батафсилроқ