25 май! Байрам қилмай мен ўлай!

Ўтган дам олиш кунлари, аниқроғи 25 май якшанбага тўғри келгани боис 24 май куни Ўзбекистон бўйлаб мактабларда "сўнгги қўнғироқ" тадбирлари ўтказилгани роса алғов-далғовга сабаб бўлди.

Кимлардир валерянка қидириб қолди, кимлардир қон босими кўтарилиб 95 чойни чойнаклаб ичди, яна кимларнингдир дарди ичида қолди. Мен нима демоқчиман? Демоқчиманки, қачон биз байрамларни дабдабаю асъасасиз, меъёр билан ўтказишини ўрганамиз, қачонгача ўқувчилар байрами ота-оналар, ўитувчилару маориф раҳбарларига фақат ташвиш келтиради.

Маълумки, бир неча йиллардан буён битирувчилар билан юз берган турли кўнгилсиз ҳодисалар туфайли мактабларда кечки пайт ўтказиладиган битириш кечалари таъқиқланган бўлиб, эндиликда фақат "сўнгги қўнғироқ" тадбири кундуз куни ўтказилмоқда. Бу ҳам "бир зумда", киши билмас ҳолда ўтказиб келинмоқда. Бироқ ўзбекчиликда бунинг иложи бормикин.

Эски шаҳарда жойлашган бир мактабга эрталабда бордим. Вой-бўй! Ростмана тўйга тайёргарлик. Мактаб дарвозаси олдини аллақачон майда савдогарлар ўраб олган, хўроз қанддан тортиб кийим-кечаккача панжараларга осиб қўйилган. Ясан тусан қилган, мактабни аввалги йиллари битирган, ҳозирда коллеж ва лицей ўқувчиларига айланган талабалар ҳам тўп-тўп бўлиб кириб келмоқда. Ичкарида микрофондан мусиқа ва бақир-чақир овозлар эшитилмоқда.

Бироқ сўнгги қўнғироқ ҳали бошланмасидан тугади. Микрофонлар ўчирилди, майда савдогарлар мактаб атрофидан ҳайдалди, коллеж ва лицей талабалари ранглари оқарганча ўқишига чопди.

Чопиб кетаётган бир неча толиба қизларнинг овози қулоғимга чалинади: "Вой байрам қилмай ўлайлик, энди коллеж директорига нима деймиз?!"

Бу ташвишли сўзлардан билинади-ки, талабалар ўқишини ташлаб мактабга ўзбошимчалик билан келган. Бу ҳол барча коллеж ва лицейларда юз берган-ки, натижада мактабларда "сўнгги қўнғироқ"лар тўхтатилган.

Автобус бекатида қизига дакки бераётган онани учратаман. "Шу ёшимда энди коллеж директорингдан гап эшитишим қолувди, мактабни ўтган йили битирган бўлсанг, ... бормиди сенга, бор энди ўзинг жавоб бер," она бақиради. Қиз йиғлайди, қўлидаги телефонини онасига тутқазади: "Мана, устозимиз ойинг ё аданг билан келгин девотти".

Хуллас шунақа, ўша куни раҳбарлардан гап эшитмаган директорлар, директорлар бақириғидан қон босими кўтарилмаган ўқитувчилар, устозларнинг ғазабига учрамаган талабалар кам топилса керак. Тилхат ёзган, ҳайфсан олганлари қанча экан. Ота-оналар билан фарзандлар ўртасидаги кийим можаросичи? Истироҳат боғларини тўлдирган милиция ходимларичи?

Устозларга бериладиган совға-саломлар ташвиши алоҳида мавзу. Халқ маорифи вазирлиги томонидан ресторанлар ва кафеларда битириш кечалари ўтказиш, ўқитувчиларга қимматбаҳо совғалар беришни таъқиқловчи буйруқ чиққани бекорга эмас ахир.

Демоқчиманки, қачон байрамни байрамдек ўтказишни ўрганамиз, нега байрамлар фақат ташвиш келтириши керак?!

BBCUZBEK.COM Ўзбекистон ва минтақадаги блоггерларни ҳамкорликка таклиф қилади. Ўзингизни ўйлантирган мавзу-муаммо Би-би-сининг глобал аудиториясига етиб боришини истасангиз, бизга ёзинг!

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Агар матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.