Тошкентда янги шоҳ йўл қурилиши шахсий уйларнинг бузилишига сабаб бўлмоқда

Тошкентдан келаётган хабарларга кўра, Хастимом масжиди томонидан Анҳор канали томон қурилаётган шоҳ йўл бўйлаб жойлашган кўплаб шахсий уйларнинг бузилишига сабаб бўлмоқда.

Ушбу уйларнинг аксари Юнус Обод тумани ҳудудида жойлашгани айтилган.

Жараённи кузатганларга кўра, уйлари бузилаётганларга товон пули тўлаш ёки муқобил уй жой ажратиш жараёни яхши ташкиллаштирилмаган.

Ушбу мавзуни ўрганган тошкентлик журналист Сид Янишевга кўра, уйларни қачон бузилиши ҳақида ҳам аниқ айтилмаган. Шунингдек, бузилган уйлар ҳисобига етарли ҳақ берилмаяпти.

Сид Янишев: Бу уйлар бузилиши билан боғлиқ ҳар хил ахборот бор. Айрим хонадонларнинг эгалари айтишича, илк бор уларнинг олдига шу йил мартида келишган. Яна бошқа бировлар "уйларинг бузилади", деб бундан 5 йил олдин ҳам, 2 йил олдин ҳам, бундан 1 йил олдин ҳам келиб огоҳлантиришган. Март ойида келиб эса, "тезда бу ердан кўчинглар", деб айтишган. Менинг мақолам қаҳрамонлари айтишларича эса, биринчи марта шу йилнинг 5 апрели куни келишган ва кўчишни талаб қилишган. Уларга "бу ерда янги кўча қурилади", деб айтишган. Бузилаётган уйлар эвазига эгаларига квартиралар таклиф қилишган. Бироқ аксар уйларнинг эгалари ўзларига ваъда қилинган квартираларнинг калитларини қўлларига олганлари йўқ. Улар ўзларининг бўлажак хонадонларини кўрган бўлишлари мумкин, лекин кўчиб ўтмаганлар. Эски уйлари эса шиддат билан бузилаяпти, уй жиҳозлари кўчада қолаяпти, одамлар эса ўз уйларининг бузилмаган қисмида ётиб турибдилар. Энг катта муаммо, бу ерда прописка қилинган, лекин яшамаган одамларга эса ҳеч нарса берилмаяпти. Бу эса қонунга зид. "Мулк ҳақида"ги қонун бўйича кимки яшаган бўлса ҳам яшамаган бўлса ҳам нархи бозор шароитига мос ёки квартира ёки нақд пул шаклида товон тўланиши шарт. Бу уйларнинг нархлари 50 мингдан 70 минг долларгача баҳоланган. Эвазига Юнусободда таклиф қилинган квартираларнинг энг яхшисининг баҳоси 40 минг долларгачани ташкил қилиши мумкин.

Би-би-си: Қурилиши мўлжалланган йўлнинг узунлиги қанчани ташкил қилади ва жами нечта уйни бузишга тўғри келаяпти?

Сид Янишев: Менинг чамалашим бўйича бу автомагистралнинг узунлиги беш километрчани ташкил қилади. Мен бузиладиган бир неча қатордаги уйларни кўрдим. Балки бу ерда 100 тача уй бузилаётган бўлиши мумкин. Бу Тошкентнинг Шайҳонтоҳур туманига тегишли Кўҳ Ота кўчасида жойлашган, Анҳордан сув олиб келадиган канал бўйидаги уйлар.

Би-би-си: Сиз мақолангизни ёзиш жараёнида туман ёки Тошкент шаҳар ҳокимлиги масъуллари билан гаплашдингизми?

Сид Янишев: Мен ўзим шахсан мурожаат қилмадим. Мен мақоламда тилга олган уй эгалари ҳокимиятга бир неча марта мурожаат қилишган. Мен тўғрисини айтаман, мен шу пайтгача тўплаган бой тажрибамдан келиб чиқиб, ўз хавфсизлигимни ўйлаб, расмийларга мурожаат қилмадим. Биринчидан, мурожаат қилган тақдиримда ҳам менга ҳеч қандай ахборот беришмас эди. Мен маҳаллий оммавий ахборот воситаларидан бирортасида ҳам ишламайман, шунинг учун улар мени журналист ҳисоблашмайди. Иккинчидан, ўша жойнинг ўзида милиция чақиртиришиб, мени милицияга олиб кетишган, мен тўплаган ҳамма маълумотлар, қўлимдаги фото ва видеоматериалларимнинг ҳаммасини тортиб олишган бўларди. Мана шу нарсаларни билганим ва Тошкентда бундан олдин ҳам эгаларига талаб қилинган товон пулларини бермай уйлар бузиб ташланганидан яхши бохабар бўлганим учун расмийлар билан гаплашмасдан туриб ҳам мақоламни ёздим.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Агар матнда имло хатосини топсангиз, бизга билдиринг.