Дунёда энг бахтли халқ!

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Шу ҳафта "Ижтимоий фикр" жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ўзбек халқининг нақадар бахтли эканини иддао қилувчи янги таҳлил натижаларини эълон қилди. Мамлакатнинг 90 фоиз аҳолиси ҳукумат томонидан кўрилаётган иқтисодий-ижтимоий чора-тадбирларни қўллаб-қувватламоқда экан.

Нима деймиз, албатта, ушбу марказ ўзбек халқининг энг бахтли экани ҳақида биринчи марта бонг ураётгани йўқ.

Мен ҳам эл қатори бу бахтнинг қаерда экани ҳақида ўз фикри ожизимни ишга солиб, жиддий ўйлаб кўрдим. Ўйлаб кўрсам, ростдан ҳам биздан бахтли халқ йўқ экан дунёда. Бахт деб ким нимани тушунади ўзи? Ўйлашимча, инсон умрини мазмунли ва фойдали ўтказиши ҳам бахт ҳисобланади. Мен оддий мисоллар ёрдамида тушунтиришга уриниб кўраман.

Дейлик, америкалик, оврўпалик ёки қозоғистонлик автомобил сотиб олмоқчи бўлса, салонга бориб, пулини тўлаб машинани миниб кетаверади. Бироқ қани яп-янги машина олишдан келадиган бахт ва қувонч? Қани бошқаларнинг ҳавас ва ҳасади?

Ўзбек эса йиллаб пул тўплайди, салонга бориб, уриб-суриб навбатга туриб шартнома тузади, ва яна навбатларда урилиб-сурилиб кассага пул тўлайди. Ҳар гал навбати келганда бахт нима эканини қайта-қайта ҳис қилади. Кейин ойлаб кутади. Олти-етти ойдан сўнг "машинанг салонга келди" деган хабардан унинг боши осмонга етади, бу бахтнинг қадрини бошидан ўтказган билади холос. Салонда унга ўтган ойлар давомида машина нархи ошгани ва қўшимча бир неча миллион сўм тўлаш кераклигини айтишади. Ўзбек нима қилади, қарз олади, ахир машина шундоққина панжара ортида турибди. Ана энди тасаввур қилинг, қўни-қўшни, қон-қариндошдан қарз ундира олган одамнинг бахтини. Ойлаб кутишлардан сўнг машинасини салондан миниб чиққан киши қувончини таърифлашга тил ожиз. Устига устак бахт дегани кетини кетига улаб келаверади, ҳали олдинда нотариусдаги навбатларнинг охирига етиш, автомобилга номер олишдаги соатлаб ҳаяжонли кутишлар якун топганда эришиладиган бахтлар турибди.

Энди, паспорт алмаштириш, чиқиш визаси олиш, паспортга юмалоқ муҳр бостиришда кунлаб чопа-чоплардан сўнг келадиган бахтли дамлар ҳақида гапирмай қўя қолай, одам бахтдан, қувончдан ўлиб қолиши мумкин.

Зиқна чет элликлар жимитдек кармонида бир нечагина қоғоз пул олиб юрганида биз ўзбеклар қоплаб пул кўтариб юришимизнинг ўзи бир бойлик, бахт эмасми?

Болангизнинг мактабига справка олиш учун маҳалла қўмитаси раисини кунлаб қидириш, газ, чироқ, сув, чиқинди пули тўлангани бўйича қоғозларни жамлаб, раис қўлига тутқазганингизда, унинг кўзига тик қарай олганингизда ва ўша справкани ниҳоят қўлга киритиб худога минг шукрлар айтиб уйга чопилганда ҳис қилинадиган бахт бошқа қайси элда бор. Бўлса айтинглар!

Кўчада кетаётганингизда, вилоятдан вилоятга ўтишла милиция тўхтатиб ҳужжат сўраса, ўша пайт паспортингиз чўнтакда бўлганидан туйган бахтингизни ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди.

Бутун ҳаётимиз, юрган йўлимиз ғиж-ғиж бахт бўлганидан кейин ҳукумат яратиб берган бу шароитни қўллаб-қувватламаслик кўрнамаклик бўлса керак.

Мен нима демоқчиман, демоқчиманки, бу шўринг қурғур америкалик, оврўпалик, ўрус ва ва қозоқлар бир умр бундай бахт нималигини билмай ўтиб кетади. Шунақаям зерикарли ҳаёт бўладими, ҳе шўринг қурғурлар, дегинг келади. Агар улар бир-икки йилда бир марта бахт нима эканлигини билса, биз ҳар куни, ҳар қадамда бахтни учратамиз. Шундан кейин албатта, ўзбек халқи дунёда энг бахтли халқ бўлади-да.