Расман: Жаҳон чемпионати Ўзбекистонга жонли трансляция этилади

Бу хабарни Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси Халқаро алоқалар бўлими раҳбари Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида расман тасдиқлади:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Равшан Маҳамадалиевнинг айтишича, бу масалада Осиё-Тинч уммони ҳавзаси телерадиоэшиттирувчилар уюшмасининг тўлақонли аъзоси эканликлари иш берган.

Суҳбатдошимизга кўра, уюшма 2004 йилдан буён ўзларига дунё миқёсидаги йирик спорт мусобақаларини тўғридан-тўғри кўрсатиш ҳуқуқларини сотиб олишда бевосита ёрдам бериб келади ва бу гал ҳам айнан уларнинг кўмагида футбол бўйича Бразилияда бўлиб ўтажак жаҳон чемпионатини жонли трансляция этиш ҳуқуқини қўлга киритишган:

Дунёнинг 32 миллий терма жамоаси ягона кубок учун беллашувчи дунё биринчилиги шу йилнинг 12 июн куни старт олади ва бир ой давом этади.

Жаҳон чемпионатига саноқли кунлар қолган бир пайтда худди шу масала ўзбекистонлик футбол ишқибозлари орасида ҳам асосий суҳбат мавзуларидан бирига айланганди.

Сўнгги кунларда қатор интернет нашрлари ҳам ушбу мавзуга эътибор қаратишган ва Ўзбекистон томони трансляция ҳуқуқини арзонроқ баҳода сотиб олиш учун музокаралар олиб бораётгани ҳақида ёзишганди.

Агар, ушбу хабарларга таянилса, бунинг учун Ўзбекистон тарафидан 1 миллион АҚШ доллари атрофида маблағ сўралган.

Аммо Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси Халқаро алоқалар бўлими раҳбари бўлган Равшан Маҳамадалиев биз билан суҳбатида бу каби хабарларни тасдиқлай олмаслигини айтди.

Суҳбатдошимиз тижорат сири экани боис аниқ рақамларни очиқлаш ваколатига эга эмаслиги, аммо бўлажак жаҳон чемпионатини жонли трансляция ҳуқуқини қўлга киритишларида Осиё-Тинч уммони ҳавзаси телерадиоэшиттирувчилар уюшмасининг ёрдами жуда катта бўлганини яна бир бор таъкидлади.

Миллий телерадиокомпанияси масъулининг сўзларидан маълум бўлишича, эришилган битимга мувофиқ, жаҳон биринчилиги Ўзбекистонга бошдан-оёқ олиб узатилади.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, ФИФА - Халқаро Футбол Уюшмалари Федерацияси жаҳон чемпионатини жонли трансляция этиш ҳуқуқини сотишда бир хил нарх тайин этмаган.

Дейлик, тижорат сири экани боис, расман ошкор этилмаса-да, Германия каби етакчи Оврўпо давлатлари бунинг учун 100 миллион долларгача ҳақ тўлашлари айтилади.

Жаҳон чемпионатини тўғридан-тўғри телевизион экранлари орқали томоша қилишга имконли бўлиши эса, оддий германияликнинг конституцион ҳуқуқи саналади.

Ўзбекистонда, одатда, бу ҳуқуқни мамлакат миллий телерадиокомпанияси сотиб олади.

Жумладан, телерадиокомпания Жанубий Африкада бўлиб ўтган 2010 йилги жаҳон чемпионатини ҳам Ўзбекистонга тўғридан-тўғри олиб узатишга имконли бўлганди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳам дунёнинг кўплаб футболсевар давлатларида бўлгани каби жаҳон биринчилиги каби йирик футбол турнирларини, қаҳвахоналар, ресторанлар ва клубларда томоша қилиш урф бўлган.

Image caption Ўзбекистонлик таниқли ҳакам Равшан Эрматов ўз бригадаси билан

Суҳбатдошимиз Равшан Маҳамадалиевнинг айтишича, "телерадиокомпания бу масалани ҳам кўп сонли томошабинларнинг истак-хоҳишларини инобатга олган ҳолда, ҳам улар ва ҳам ўзлари учун қулай бўлган шартлар асосида ҳал қилишга ҳаракат қилиб кўради".

Энг сўнггида эслатиб ўтиш жоиз, Ўзбекистон миллий терма жамоаси бу йилги жаҳон чемпионатида ҳам иштирок этмайди.

Бу гал ФИФА томонидан Осиё қитъаси вакилларига 4.5 та йўлланма ажратилган, аммо жамоа сўнгги босқич саралаш беллашувларининг якуний учрашувида жаҳон биринчилигига тўғридан-тўғри чиқиш имкониятини бой берганди.

Яримта йўлланма учун кечган курашда эса, Ўзбекистон, ҳар икки плей-офф босқичи учрашуви натижасига мувофиқ, Иорданияга енгилганди.

Икки марта саралаш босқич беллашувларининг плей-офф босқичигача борган эса-да, Ўзбекистон миллий терма жамоасига ҳозирча жаҳон чемпионатининг финал учрашувларида тўп суриш насиб этмаган.

Аммо, таъкидлаш жоиз, бу гал ҳам жаҳон чемпионатида Ўзбекистонни таниқли ҳаками, тўрт карра "Осиёнинг энг зўр ҳаками" Равшан Эрматов намоён этади.

Бу - Равшаннинг 37 ёшида кетма-кет иккинчи бор жаҳон биринчилигида ҳакамлик қилиши ва бутун собиқ Шўролар Иттифоқини якка ўзи намоён этиши бўлади.

Агар, интернет нашри ўзи тарқатган хабарга таянилса, Ўзбекистондаги қолган оммавий-ахборот воситалари орасидан ҳозирча фақат футболга ихтисослашган uff.uz сайти жаҳон чемпионатини Бразилиядан туриб ёритиш учун ФИФАнинг расмий аккредитациясини қўлга киритган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ