'Видеорегистратор мумкин, фақат кўриш миқёсини чекламаслиги керак'

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги жамиятда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган автомобилга видеорегистратор ўрнатиш билан боғлиқ масалага ойдинлик киритган.

Ички ишлар вазирлиги веб-сайтида эълон қилинган тушунтиришда айтилишича, Ўзбекистонда автомобилга видеорегистратор ўрнатиш мумкин, фақат ускуна ёки жиҳоз автоуловни бошқараётган инсоннинг олд ёки орқа томонни кўришига тўсқинлик қилмаслиги лозим.

Май ойининг охирги кунларида Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги нашри ҳисобланган "На посту" рўзномасида мамлакат ҳудудида видеорегистратор тақиқлангани ҳақида эълон қилинди.

Бу ўқувчилар саволларига жавоб берган Ички ишлар вазирлигининг Йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлиги Бош бошқармаси мутахассисларининг жавоблари экани айтилди.

Бироқ "Экономическое обозрение" журналининг 2013 йил декабр ойидаги сонида Ички ишлар вазирлиги мулозимлари автомобил ичкариси ва ташқарисида юз бераётган ҳодисалар тасвирини узлуксиз ёзиб борадиган ускуна ўрнатиш Ўзбекистонда тақиқланмагани ҳақида айтганлар.

Автовидеоёзувчи ёки Ўзбекистонда ҳам Россияда маъқул кўрилиб, "видеорегистратор" атамаси деб қабул қилинган видеокамера масаласи Ўзбек милицияси ходимларининг ноқонуний амаллари боис жамиятдаги долзарб масалага айланган.

Youtube видео-порталида мобил телефонда ёзиб олинган видео эълон қилинган, бу видеода Ўзбек Давлат Автомобил Назорати ходими шахсий автомобил эгасини "онасини ҳақорат қилган"ликда айблаб туҳмат қилгани тасвирга олинган.

Иккинчи ҳодиса 23 апрел куни Тошкент шаҳрида кўчасида бир оила аъзоларини босиб кетган ва шундан сўнг воқеа гувоҳларига босим ўтказган йўл-патрул хизмати ходими ва унинг ҳамкасбларига боғлиқ.

Тунги соат 21 ларда катта тезликда ҳаракатланаётган Тошкент милициясига тегишли машина Чилонзорда 33 ёшли Дмитрий Курбатов, унинг синглиси 25 ёшли Людмила Горбанова ва унинг беш ёшли қизи Кристинани босиб кетган, қизча ўша пайтда ўлган.

Орадан бир неча кун ўтиб, Дмитрий Кубатов шифохонадан оламдан ўтган.

Тошкент милицияси мулозимларининг айбдор қўлга олингани, жабрланган оила аъзоларига ёрдам берилаётгани, ушбу ҳодиса холис ўрганилаётгани ҳақидаги баёнотларига қарамасдан, қатор Интернет нашрларида тошкентлик милиционерларнинг ўз ҳамкасбининг "жиноятини енгиллатиш"ни бошлаганлари ҳақида хабарлар тарқалди.

Видеорегистратор Ўзбекистонда тақиқлангани ҳақидаги баёнотлар милициядаги амалдорларнинг ўз ноқонуний амалларини жамоатчилик назорат қила олмасликлари учун ўйлаб топилган баҳона деб қаралди.

Шунинг учун ҳам "мабодо милиция тизимидагилар ўзаро тил бириктирса, қаерга мурожаат қилиш" масаласи ҳам кўтарилди.

Ўзбекистонда шу кунгача ҳам милициянинг ҳуқуқий мақоми аниқланмаган, юз минглаб, балки миллионлаб кишини ўзида жамлаган Ички ишлар тизими ҳақидаги қонун қабул қилинмаган.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ўз веб-сайтида 2000 йилдаги Вазирлар Маҳкамаси қарорига таянади, шунинг учун ҳуқуқшунос экспертлар "Ўзбекистонда Конституция ва қонун устунми ёки Кабминнинг матбуотдан яширинча имзоланадиган қарорими?", деган саволни қўйишади.

Яна бир масала - Ўзбекистон амалдорларининг кўчаларда кузатув камераларини ўрнатишни истамаётганларидир.

Иқтисодий жиҳатдан Ўзбекистончалик бақувват бўлмаган Тожикистон пойтахт Душанбе кўчаларига кузатув камераларини 2013 йил кузида ўрнатди.

Президент Раҳмат танқидчилари ушбу амални президентлик сайловидан олдин норози намойишчилар йиғилиши олдини олиш мақсадини кўзлаган, деб танқид қилдилар, бироқ бугунги кунга келиб кўпчиликка маъқул келаётган бир жиҳати - Душанбе шаҳрида йўлларда ҳаракатланиш қоидаларини бузиш кескин камайган.

Бу мавзуда батафсилроқ

Алоқадор интернет саҳифалари

BBC ташқи интернет саҳифалар учун масъул эмас