Феруза Жуманиёзова Тожикистонга чиқарилмади

Image caption ....Жуманиёзова ва Қуттузов "Ишқи" дуэти билан яна кўпроқ мухлис орттирганлар

Ўзбекистонлик таниқли хонанда Феруза Жуманиёзовага аввалдан режалаштирилган концертида куйлаш учун Тожикистонга чиқишга рухсат берилмаган. Бу ҳақда Тожикистоннинг TojNews агентлиги хабар тарқатди.

30 ёшли хоразмлик қўшиқчи Тожикистон шимолидаги Хўжанд шаҳрида 7 июнь куни таниқли маҳаллий ҳамкасби Далер Қуттузов билан концерт бериши мўлжалланганди.

Сўғд вилоятида ўзбеклар кўплаб истиқомат қилишади ва Ўзбек хонандалари улар орасида азалдан машҳур бўлиб келган.

Хўжанд бўйлаб осилган билбордларда бу тадбир ҳақида эълон қилинган эди.

"Унинг барча ҳужжатларини мутасадди идоралар олиб қўйишгани учун Феруза концертда иштирок этиш учун кела олмайди. Ўзбекистон раҳбарияти унинг Тожикистонга чиқишини ман қилган", - деб айтган TojNews агентлиги манбаси.

Хабарда айтилишича, концерт бошланишидан аввал Жуманиёзова хоним Хўжанддаги мухлислари билан боғланиб, тадбирда иштирок эта олмаслиги учун кечирим сўраган.

Айни дамда ўзбек шоу бизнесини ёритишга ихтисослашган shov-shuv.uz хабар агентлиги ёзишича, узоқ тақиқдан сўнг Ўзбекистонда радио ва ТВда клиплар намойиш этиш, гастрол ва концертларда иштирок этиш ҳуқуқини берадиган лицензияни ўтган август ойида қўлга киритган Феруза Жуманиёзова яна тақиқга учраган.

Image caption ....Феруза Жуманиёзова Исроилда ўтган йили концерт берган

"Негадир, "омад қуши" Жуманиёзова бошида узоқ тура олмади. Хонанда лицензиясини қайтариб олганида қувонч кўзёши тўкиб, вазиятдан унумли фойдаланиб, янги клипларини дарҳол ТВга етказди. Бироқ, бугунги маълумотлар эса узоқ кутилган хушкайфиятни яна қайғуга ботирди", - деб ёзди мақола муаллифи Жасур Ҳамроев қўшиқчининг лицензияси яна тугатилгани ҳақида хабар бера туриб.

Унга кўра, Жуманиёзова хоним "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмасини огоҳлантирмай, Исроилга гастрол сафарини уюштиргани учун бирлашма ўзи берган АJ-3937-рақамли лицензияни 2014 йил 3 июндан бекор қилган.

Феруза Жуманиёзова бир неча йилдан бери Ўзбекистонда концертлари тақиқланган Юлдуз Усмонова, Шерали Жўраев, Озода Нурсаидова каби қўшиқчилар тушган "қора рўйхат"да эди.

Шоу бизнес таҳлилчиси Жасур Ҳамроевга кўра, унинг таъбирида, бу воқеа "писиб-писиб" хорижга яширинча бориб-келаётганлар ва шу истагидагилар учун яхшигина сабоқ бўлса, "нур устига аъло нур".

Бироқ, қўшиқчиларнинг ўзлари "Ўзбекнаво" бирлашмасини ижод ва санъатни бўғишда айблашади. Би-би-си билан суҳбатда DJ Пилигрим тахаллуси остида ижод қилувчи Илҳом Йўлчиев қўшиқчиларни тақиқлаш тажрибасини "беъманилик" деб атаган эди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Your contact details
Disclaimer