'Ўзбек расмийсининг имейли бошқа мамлакатда бўлиши уятли'

Ўзбекистон расмийлари барча давлат идораларининг электрон почталари Umail.uz ҳудудида бўлиши лозим, деган хабарлар юзасидан изоҳ бермаяптилар, бироқ ушбу қадам шундоқ ҳам Интернет устидан қаттиқ назорат ўрнатилган Ўзбекистоннинг ташқи дунёдан ихоталаниш йўлидаги яна бир қадами сифатида талқин этилмоқда.

Бироқ ҳар бир мамлакатнинг идора-ташкилоти шу мамлакатдаги электрон почта қутиларига эга бўлгани маъқул, деган фикр ҳам билдирилмоқда.

Шу кеча-кундузда Ўзбекистон ўзининг Umail.uz электрон почта қутисини очганига роппа-роса 1 йил тўлди.

Ҳозир бу электрон маконда қарийб 60 минг киши эмейл очган.

Қатор Интернет нашрларининг Ўзбек расмийларига таяниб хабар тарқатишича, ҳукуматнинг шу кунларда бўлиб ўтган мажлисида Ўзбекистондаги барча расмий идора-ташкилотларнинг электрон почта қутисини Umail.uzга ўтказишни тезлаштириш буйруғи берилган.

Ўзбекистон Олий таълим вазирлиги барча университет ва коллежларнинг электрон почтаси манзилларини Uzbekmail.uzга ўтказишни июн ойининг ўртасигача тугатишга ваъда бергани ҳақида хабар қилинмоқда.

Ўзбек мулозимлари фикрича, барча расмий ёзишмалар Gmail, Yahoo, Yandex, Rambler ёки Mail.ruда эмас, Umail.uzда олиб борилгани афзал.

Ушбу қадам Ўзбекистондаги "Мулоқот" ва "Бамбу" лойиҳалари сингари Ўзбек расмийларининг Интернет устидан назорат ўрнатишга интилиш ҳаракати сифатида кўрилмоқда.

"Мулоқот.уз" Фейсбукнинг, "Бамбу" эса Твиттернинг ўзбекчаси деб кўрилган.

Umail.uz Ўзбекистондаги давлат назоратидаги UZINFOCOM маркази томонидан йўлга қўйилган.

Марказнинг етакчи мутахассиси Евгений Скляревский, "барча давлат идора-ташкилотлари Umail.uzда электрон почта қутиси очсин", деган буйруқдан хабарим йўқ, лекин шундай қилинса, ташқи траффик ўрнига Ўзбекистоннинг ички Интернет траффигидан фойдаланиларди", дейди.

"Бу Ўзбекистоннинг Интернетни янада кўпроқ назорат қилиш, ташқи дунёдан ихоталаниш қадами сифатида кўрилаяпти. Сиз бунга нима дейсиз", деб сўрадик Евгений Скляревскийдан.

"Бу табиий нарса. Мана Россияда ҳам ўзларининг серверлари Фейсбук, Твиттерга боғланмаган бўлсин, деб талаб қилишаяпти. Бу ихоталаниш эмас. Мисол учун Ўзбекистондаги киши менга Gmail ёки Mail.ruдан хат юборса, бу хат бир марта ташқарига чиқади, бир марта Ўзбекистон ичкарисига киради. Шу йўл билан ташқи Интернет траффигини тўлдиради. Агар TAS-IX ичида бўлганида бир зумда етиб келарди. Мана ҳозир айрим расмий лавозимни эгаллаб турган кишилар менга ўзининг визит карточкасини беради, эмейли Mail.ru ёки бошқа бир мамлакатнинг электрон почта қутисида. Масалан, мен ўзбекистонлик расмий кишининг электрон почтаси чет элда бўлишини уятли, деб ҳисоблайман", дейди UZINFOCOM вакили Евгений Скляревский.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Матнда хатога кўзингиз тушса бизга хабар қилинг.

Бу мавзуда батафсилроқ