Москвада "Нафс" филмининг қувғиндаги продюссери ўғирлаб кетилган

Image caption Ҳамидқориев 12 июнда расман қочқин мақомини олишидан олдин ўғирлаб кетилган.

Москвадаги "Мемориал" ҳуқуқни ҳимоя қилиш марказининг билдиришича, кеча, 9 июн куни кечки соатларда Ўзбекистон фуқароси Мирсобир Ҳамидқориев номаълум кишилар томонидан ўғирланган.

Бундан олдин Москванинг Замоскворецкий туман маҳкамаси Ҳамидқориевнинг шикоят аризасини ўрганиб, Россия Федерал Муҳожирлик хизматига унга қочқинлик мақомини беришни топширган. Маҳкама қарори 12 июнда кучга кириши керак бўлган.

Ўзбекистонда Ҳамидқориевга нисбатан "Ислом жиҳодчилари" диний гуруҳига алоқадорлик айби билан қидирувга берилган.

Мирсобир Ҳамидқориев Ўзбекистонда продюссерлик билан шуғулланган, тақиққа учраган "Нафс" филмига ҳомийлик қилган.

Ҳамидқориевнинг ўзи ва ҳимоячиси унга қўйилган айбловлар сохта эканлигини таъкидлашади.

Ҳамидқориев Ўзбекистон ҳукуматининг сўрови билан ўтган йили августда Россияда ушланган. Вақтинчалик тергов изоляторида Ҳамидқориев ўзини Ўзбекистонга топширилишига норозилик тариқасида билак томирини кесишга уринган.

Ўзбекистон фуқаросининг ушланиши полиция томонидан тушунмовчилик бўлгани айтилиб, 7 августда озод қилинган Ҳамидқориев ўша куни кечқурун миграция қонунларини бузганликда айбланиб яна ҳибсга олинган.

Бироқ 9 августда Головинский маҳкамаси Ҳамидқориев фаолиятида Ўзбекистонга топшириш учун асослар топилмаганини билдириб, маҳкама залидан озод қилган эди.

Айтилишича, Мирсобир Ҳамидқориев қўйиб юборилгач, уни Ўзбекистон Миллий хавфсизлик ходимлари ўғирлашга бир неча бор уринганлар.

Москвада Мирсобир Ҳамидқориев хотини ва бир ёшли ўғли билан яшаб келган.

2014 йил 12 майда Замоскворецкий маҳкамаси чиқарган қарорга кўра, Ҳамидқориев Россияда қочқинлик мақомини олиш ҳуқуқини қўлга киритган.

Унинг ҳимоячиси Илларион Василевнинг айтишича, Ҳамидқориев йўқолиб қолгач, унинг хотини Басманное маҳкамасига мурожаат қилган. Ҳимоячининг ўзи Инсон ҳуқуқлари бўйича Оврўпо маҳкамасига ариза ёзиб, Ҳамидқориевни Ўзбекистонга топширилишига йўл қўймасликни сўраган.

Ҳамидқориевнинг айни пайтда қаердалиги номаълум, лекин ҳуқуқ фаолларига кўра, у Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати томонидан ўғирлаб кетилган бўлиши мумкин.

Маҳкама томонидан Ўзбекистонга берилиши тўхтатилган фуқаролар Россия полицияси ёрдами билан Ўзбекистон махсус хизматлари томонидан ўғирланиши доимий содир этиладиган ҳолат, дейди ҳуқуқ фаоли Баҳром Ҳамроев.

Баҳром Ҳамроевга кўра, Мирсобир Ҳамидқориев президент қизи Гулнора Каримовага яқин бўлган актёр Фаррух Соипов билан дўст бўлган ва ўша доирадаги кўп маълумотлардан хабардор бўлган. Унинг ўғирлаб кетилишига сабаблардан бири ҳам шу бўлиши мумкин.

Москвадаги ҳуқуқ фаоли айни пайтда Россия ҳуқуқ тартибот идораларига ва президент маҳкамасига Ўзбек қочқинларининг ўғирлаб кетилишига қарши чора кўришни мурожаат қилиб ариза тайёрлаётганларини билдирди.

"Мемориал" ҳуқуқни ҳимоя қилиш маркази ҳам Россиянинг кўмагисиз Ўзбекистон фуқароларини ноқонуний олиб чиқиб кетиш мумкин эмаслигини айтади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ