"Сени кўрдим бутоқда, гилос пишганда боғда"

Image caption "Менинг севганим гилос..."

Мен телевизор кўрмайман, бу интернет деганига тишим ўтмайди. Лекин эшитдимки, шу кунларда БАХТ нима деган мавзуда ёқаси тоза ва тикка кўйлак киядиган одамлар баҳслашаётган эмиш. Эмишки, ўзбек халқининг бахти нимадаю, бахтсизлиги қайда.

Мен нима демоқчиман!? Демоқчиманки, халқнинг бахтиёрлигини билмоқчи бўлсанг, унинг ичида юр демоқчиман. Шу кунларда қишлоқларда халқнинг бахтию бахтсизлигининг чеки чегараси йўқ. Ана ишонмасангиз, шаҳардан ташқарига сайр ихтиёр қилинг, гилос бизнеси авж палласидан ўтиб, якун топиб бормоқда. Тонна-тонна гилос музлатгичли котта мошинларга юкланиб, узоқ йўлларга ҳозирланмоқда, қишлоқларда эса қоп-қоп пул қолдирмоқда.

Бир йилда бир келадиган гилос бизнеси мавсумини одамлар қишши билан кутган. Ана эдинг кўринг, бахтли ва бахтсиз одамларни. Мени бир танишим ҳовлиси ва дала ҳовлисидаги гилосини сотиб, 7 миллион пул қилди. "Ўртоқ, жудаям бахтлиман десам бўлаверади, лекин бахтимнинг озгина кемтиги борда," деб телефонда нолиб қолди. Нима гап десам, гилосини бироз шошиб, килосини 200 сўмдан арзон сотиб қўйганини айтди.

Яна бир танишим беш-олти йил аввал гилоснинг сархил турларидан эккан, ери ҳам катта эди, бахти қийғос гуллаган бўлса керак, бир табриклаб қўйсам деган ниятда унга телефон урган эдим, касалхонадан йиғламсираб жавоб берди. "Жўра, икки кун аввал биззи оиладан бахтли оила йўқ эди қишлоқда. Кўз тегди, энди энг бахтсиз кишилар бўлиб турибмизу," дейди. Айтишича отасининг қон босими бирдан кўтарилиб, оғир аҳволда ётганмиш. Сабабини сўрасам, ҳасратидан чанг чиқади. Гилоси 500 кило ҳосил берибди, килосини 3500 сўмдан сотиб, 17 миллиондан сал ошиқ пул қилибди. Қувончлари ичларига сиғмай турган кунннинг эртасига қишлоққа бирданига иккита юк мошина келиб, гилоснинг килосини 4 минг сўмдан сотиб олишни бошлабди. Бир кунда яқин 3 миллион зарар кўрдик, деб отасининг бирдан қон босими кўтарилиб кетибди. Ҳозир ҳаммалари касалхона эшиги тагида ўтиришибди экан.

Энди бутунлай бахтсизликка учраганлар ҳам бор. Улардан бири билан гаплашишга уриниб кўрдим, лекин хоҳламади. Бу одам гилос нархи "потолокка етишини" кутиб мевасини сотмай тураверибди. Охири буларнинг қишлоғига келган юк мошин тўлиб, бошқа гилос олмай қўйибди. Қишлоқ узоқ ва овлоқ жойда бўлгани учун бошқа юк мошин бу томонларга келмабди. Энди у гилоснинг килосини 1200 сўмдан ўзларининг бозорида сотаётган эмиш. Ўртоқларининг айтишича, ҳозир қишлоқда ундан бахтиқаро одам йўқмиш. Энди бу одам янаги йилги гилос бизнесигача ўз ич-етини еб юрармиш, ишқилиб, шуни ортидан касал оттириб олмаса бўлди, дея жўралари хавотирда экан.

Лекин гилос растасида росаям бир бахтли одамни кўрганимни ҳам айтмасам бўлмас. Оддийгина кийинган бу содда одам гилосини арзонгина сотмоқда. "Кўчатим кўпмасди, лекин беш миллионлик сотдик. Ўша куниёқ тўрт кило қўй гўшти олиб келиб бола-чақа билан қовуриб едик, қурбонлиққа битта қўй ҳам олиб қўйдим. Мана энди, қолган-қутган майдаларини ўзимизни бозорда сотиб ўтирибман," дейди у самимий кулиб.

Хуллас, мен демоқчиманки, тоза ёқали акаларимиз бахтга қандайдир мавҳум маънолар юклагани билан биттагина гилос бизнесининг ўзи бахт нималигини шундоқ одамнинг кўз олдига келтириб қўядими дейман. Энди мен бу мавсумда ҳам гилосга қорин тўйдириб, ҳам гилос териб пул ишлаб олган терувчилар, уларнинг устидан мўмайгина пул ишлаб олган "бригадирлар", гилос териш баҳонасида танишиб, кўз уриштириб олган ёшларнинг бахти ҳақида гапириб ўтирмадим...

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ