Покистон шимолида Ўзбек жангарилари ўлдирилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Покистон ҳукуматига кўра, Шимолий Вазиристондаги жангарилар манзиллари қирувчи учоқлар орқали нишонга олинган.

Расмийларга қараганда, бир қатор ҳаво ҳужумлари натижасида қарийб 100 жангари ўлдирилган. Бироқ бу хабар мустақил манбалар томонидан ҳозирча тасдиқланмаган.

Ҳарбий амалиётлар Шимолий Вазиристоннинг "Ал-Қоида"га боғлиқ толиблар ва жангарилар яширинган деб кўриладиган тоғли Деҳқан туманида ўтказилган.

Ҳарбийларнинг жангариларга қарши кенг миқёсли амалиётлари манзарасида минглаб аҳоли минтақани тарк этишга мажбур бўлганлар.

Ҳарбийларнинг айтишича, ҳаво ҳужумлари нишони асосан Ўзбек жангарилари ҳисобланган. Шу билан бирга, ўлдирилганлар орасида ўзбеклар ва бошқа хорижий жангарилар борлиги тахмин қилинади.

Покистон ҳукуматига кўра, ўтган ҳафта Карачи аэропортига ҳужумни ташкиллаштиришга масуъл кўрилган ўзбек жангариси Абу Абдулраҳмон ал Мани ҳалок этилган.

Бундан олдин Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ўтган якшанба куни Карачи аэропортида камида 30 инсон умрига зомин бўлган портлашга масъулиятни зиммасига олган эди.

Жангарилар баёнотида айтилишича, ушбу ҳужум Покистон ҳарбийларининг этник ўзбеклар яшайдиган туманларни ҳаво ҳужумига тутганига жавоб амалидир.

Ўзбекистон Исломий ҳаракати ўз веб сайтида ҳужумни амалга оширган 10 жангарисининг суратини жойлаштирган ва уларни "фидойи баҳодирлар" деб атаган.

9 ва 10 июн кунлари Карачи ҳаво қўналғаси икки маротаба қуроллилар ҳужумига учради.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Ўзбекистон Исломий ҳаракати Карачидаги портлашни 10 жангариси амалга оширганини айтган.

Бундан олдин Покистон ҳукумати ҳам яхши тайёрланган жангарилар ўзбекистонликлар эканини билдирган эди.

Покистон расмийлари Карачидаги илк ҳужумда камида 39 киши, шу жумладан 10 жангари ҳам ҳалок бўлгани ҳақида хабар қилган, жангарилар ДНКлари текширилаётгани айтилган.

ЎИҲ ҳужум натижасида аэропортдаги ҳарбий қирувчи учоқлар ва Америка жосуслик учоқларидан катта қисмини вайрон қилган.

Мухбирларнинг айтишича, кеча ўтказилган амалиёт Покистон Толибони ва ҳукумат ўртасида режаланган тинчлик келишувини деярли йўққа чиқаради.

Покистон исломий исёнчи гуруҳларга қарши ўн йилдан ортиқ вақт давомида курашиб келади.

Сўнгги йиллари Покистонда юзлаб Ўзбекистон Исломий ҳаракати жангарилари ўлдирилгани айтилди.

Аммо кузатувчиларга кўра, ушбу ҳаракат ҳамон собиқ шўро давлатлари, Покистон ва Афғонистондан ҳам ўз сафларига янги аъзоларни тортаётган бўлиши мумкин.

Шу йил март ойида Покистон ҳукумати Толибон билан бошлаган тинч музокараларнинг натижаси сезиларли бўлмаган, жангариларнинг ҳужумлари давом этган.

Ўзбек жангарилари ўзларининг шафқатсизлиги билан ҳам ном чиқарган. Бир неча йил олдин эса ўз сафларидаги ёш жангариларни ҳукуматлар учун жосуслик қилишда гумон қилган Ўзбекистон исломий ҳаракати уларни қатл этишганди. Ва ушбу тасвирларни интернетга ҳам қўйишган.

"Ҳозирда ўзбеклар ва бошқа Марказий Осиёлик "толиблар" аҳволини жуда яхши деб айтиш мумкин. Улар мукаммал тармоқни шакллантириб бўлганлар ва "Ал-Қоида" ва Покистондаги Толибон ҳаракати раҳбарлиги остида фаолият юритишади.

Бу гуруҳлар ўртасида жуда яқин ва махфий алоқа мавжуд - дейди Би-би-си мухбири.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ