UzWebiston: Ўзбек ёзувчиси "Т" ҳарфини ишлатиб тўртта роман ёзди

Facebook ижтимоий тармоғида ёзувчи Шукур Жабборнинг "Т" ҳарфидан бошланадиган сўзларни ишлатиб, тўртта роман ёзишни бошлаган Темурбек Тўрабоев ҳақидаги фикрлари кўпчиликнинг эътиборини тортган.

"Шов-шув кўтарсам арзийди", дейди Шукур Жаббор.

"Яқинда ўзининг 60 ёшли юбилейини нишонлаган Темурбек Тўрабоев деган ёзувчи бор. Шу инсон битта "Т" ҳарфини ишлатиб тўртта роман ёзаяпти. Трилогия эмас тетралогия ёзаяпти! Нобелга илинмасаям, Гиннеснинг рекордлар китобига киритса бўладиган натижа! Тилимизнинг имкониятини қаранг! Бир куни бир нарсани ифодалашда "т" ҳарфи билан боғлиқ сўзни тополмай икки ой ёзишдан тўхтаб қолганини айтдилар. Ўша сўз "Кечаси осмонга ой чиқди" деган сўзни "т" билан ифодалаш экан. Ва ниҳоят топибдилар: "Тун тумор тақди". Қаранг, ҳатто бадиий ифоланиб кетган ва чиройли чиққан", деб ёзади муаллиф.

Шукур Жаббор ўз саҳифасида адабиётшунос олим Суюн Каримовнинг Темурбек Тўрабоев асари ҳақидаги мақоласини илова қилган.

Профессорнинг сўзларига кўра, ёзувчи асарида "т" билан бошланувчи сўз ишлатиб, ўзбек тилининг имкониятларидан фойдалана олган.

Унинг келтиришича, романда 1571 та сўз 6166 сўз шаклда 15146 марта қўлланилган.

"Ўзбек тилининг изоҳли луғати беш жилдлигини олиб қарсак, унда "т" товуши билан бошланувчи 2684 та сўзга дуч келдик. Бу ерда гап сўзлар нисбатининг тенг келган-келмаганлигида эмас. Муаллиф она тилимизаги "т" билан бошланувчи луғатдаги барча сўзлардан фойдаланмагани аниқ. Аслида, бу муаллифнинг вазифасига кирмайди ҳам. Унда гап нимада? Гап муаллифнинг мавжуд сўзлардан қандай фойдаланганлигида, уларнинг бадиий-эстетик имкониятларини қай даражада юзага чиқара олганлигида. Айни пайтда, "изоҳли луғат"да учрамаган сўзларни қадимги тилимиздан, шеваларимиздан олиб, уларни бадиият майдонига дадил олиб кирганлигида ва уларга ҳам маълум маънода бадиий-эстетик вазифа юклай олганлигида", деб ёзади Суюн Каримов.

Image caption Ёзувчи асарида т ҳарфи билан бошланган 1571 та сўзни 15146 марта ишлатган.

Мақолада асардаги сўзлардан намуналар келтирилган ва улар орқали муаллиф ўрни билан сўзларга янги маъно юклаши айтилади:

"Тепалаётган тўпни тутолмаслигини тушунган тўптутар тўпни тутишга тутинмади. Тили-тилига тинмай тушунтирарди, тили тили-ла тиллашарди. Тугунни тушураверди…Тутамлари тугунни тутолмади. Тўхтабунинг тутамидан тушган тугун тумалади. Тўхтабу тугунни тутишга тутинмади" каби.

Бироқ ижтимоий тармоқда қолдирилган изоҳларнинг ҳаммаси ҳам профессорнинг фикрларини қувватламайди. Тўрабековнинг янги асар ҳақида турлича изоҳларни ўқиш мумкин.

Abdulaziz Muborak "Темур Турабоевнинг турунига тасанно", деб изоҳ қолдирган.

Умид Холлиев эса, "Мен қумдан ҳайкал ясашни ўргандим дебди 5-киши. Умрингни шамолга совирибсан жавоб қайтарибди донишманд. "Теоремага" бағишланган мадҳияга ҳам бундан ортиқ баҳо бериб бўлмайди", деган фикрда.

"Туркий тилимиз жаҳонга довруғ солса яхши-ку!"-дея танқидчиларга эътироз билдиради Шукур Жабборнинг ўзи.

Muhammad Madrahimovнинг ёзишича, ёзувчининг ушбу меҳнати умрни совуришга тенг.

"Бир одам етти йил умрини сарфлаб игнани тешигидан ипни отиб ўтказишни машқ қилибди. Подшоҳни олдида ушбу ҳунарини намойиш қилибди. Подшоҳ унга бир товоқ тилла беришни ҳамда саксон дарра уришни амр этибди. "нега бундай ҳукм қилдингиз" дея сўрабдилар. "Тиллани маҳорати учун бердим, саксон дарра жазони эса шунча умрини беҳуда сарфлагани учун амр этдим" дея жавоб берибди шоҳ", дейди у.

Talant Bekнинг ҳам айтганлари шу мазмунда экан:"..o'zining tengsiz mahoratini ro'yobga chiqaribdi-yu, o'zbek tilini rasvo qilibdi...tabarruklandidan tiynatlandigacha..."

Ушбу танқидий фикрларга жавобан Barno Isakova "Тиллодек топганини тупроққа тенглаштириб, Темурбек Тўрабоевни торинтирдингларууу", дея сўз ўйини қилади.

Баъзи ўқувчилар асарни унча тушунмаганларини, қийинчилик билан озгинасини ўқиганларини ёзганлар.

Shukur Jabbor асар ёзишни бола туғишга ўхшатади. Ким кимга ё нимага ҳомила бўлишини ким биларди?-дейди у.

Беҳзод Қобуловга кўра, бу шов-шув эмас, кўпроқ миш-мишга ўхшайди.

Olima Nabieva: "Бу шов-шувли ёзувчининг мазкур асарини googleдан изладим, топилмади. Қаердан олиб ўқиш мумкин?-дея сўрайди.

Шунингдек, айтилганидек, асарни Нобел ё Гиннесга тавсия этиш учун, уни инглиз тилига, ҳеч бўлмаса, 1-2 абзацини таржима қилиш кераклиги ҳам тавсия этилади.

Kurbanay Kemal :Men bu romanni uqimadim. Mualifini ismi-shariflarini birinchi marotaba eshitayapman. Tanimagan, bilmagan bir yozuvchim Temurbek Turaboyev taqsinga loyiq ish qilibdi. Turkiy tilning boyliklarini bir asarda jamlash har kimning ham qulidan keladigan ish", каби фикрларни ўқиш мумкин.

Темурбек Тўрабоевнинг асарлари ҳақида айни пайтда бошқа адабий сайтларда ҳозирча муносабатлар кузатилмайди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002.